Мутолаа М Е Ҳ Р

Гули эрта тонгда уйқудан уйғониб, ўзида чарчоқ ва ҳорғинликни сезди. Кўрган туши таъсирида анча пайтгача хаёлчан ўтирди. Бир пайт болаларининг: "Ая, нега уйғотмадингиз, мактабга кеч қоламан-ку, энди молларни далага, яйловга олиб боришга улгурмайман", деб нолиганидан ўзига келди. Шоша-пиша ўрнидан туриб юз-қўлларини ювди. Болаларга нонуштани тайёрлаб, чойларини ичирди ва мактабига жўнатди. Сўнгра қўлига телефонини олиб, ота-онасининг ҳол-аҳволини билиш учун қўнғироқ қилди. Онаси аҳволи яхши эканлигини айтар экан, негадир унинг овози хомуш эшитилди. Қизидан ниманидир яшираётганлиги сезилди: 

- Майли, ая мен ишга кетаётиб олдингизга кириб ўтаман,-деди Гули телефонни ўчириб. 

Ишга кетаётиб онасини уйига кирди. Кўришиб-сўрашар экан,  онасининг бирор жойи бетовта қилаётгани шундоққина юзидан маълум эди. Қон босимини ўлчади, бироз тушиб кетган экан. Онасига тезда дорисини бериб, шифокорга бирга олиб боришини айтди. Онаси эса ҳар доимгидек: "Йўғ-е, яхшиман, шифокорга бормайман", деди.

Гули онасининг соғлигидан хавотирга тушди:

- Нега, соғлигингизга бепарво бўласиз, аяжон. Ахир сиз бизга кераксиз...

- Даданг санаториядан келса, кейин борарман деди,- онаси. - Ундан олдин сингилларингга сарпо-суруқ қилишимиз керак, бешик олиб боришимиз керак катта синглингга. Шу маҳалда дўхтирга борсам, бир вароқ қилиб дори-дармон ёзиб беради. Қўй қизим, ҳозир дўхтирга ётолмайман, пулни зарур нарсаларга ишлатайлик...

Шунча ташвиш бир ўзингизга қолдими, ана дадам бор, акам бор ўйлайдиган, дея ҳарчанд уринмасин, Гули онасини дўхтирга боришга кўндиролмади. 

Қизини ётган жойида кузатар экан, онаси ўйга толди:

- Яхшиям, шу қизимни қўшни қишлоққа узатган эканман. Ҳамиша бир ишим бўлса ҳам, тўй-томошада ҳам хизматга ҳозир.  Куёвим барака топгур, тушунган йигит, бошлари омон бўлсин, фарзандларни бахти-камолини кўриб, ҳурматда иззатда юринглар деб дуо қилиб қолди. 

Сўнг она ўз хаёллари билан қолди. Ўз дардини жуда яхши биларди у. Турмуш ўртоғи билан тиббий кўрикдан ўтар чоғида таҳлиллар  билан танишган эди. Буйрагида шамоллаш борлигини ва юрагини ҳам мазаси йўқ эканини айтишган эди. Она ҳар доимгидек болаларини эҳтиёжини, қилинажак тўйларни харажатларини ўйлаб даволанишни кейинга қолдираверарди. Нима бўлганда ҳам кўзи тириклигида  болаларини уйли-жойли қилишни ўйларди у. 

Гули ишига кетар экан, онасининг ўй-хаёллари нималарда эканлигини, шу боисдан даволанишни ҳам орқага сураётганлигини яхши тушунар эди. Оллоҳдан ота-онасига узоқ умр, тани-жони соғ бўлишини ўтиниб сўрар эди. У кунда,  кун ора уйига бирровга кириб, ота-онасидан хабар олмаса, кўнгли тўлмайди. Келинойиси ҳам  "келинг-кетингни" жойига қўяди ҳар гал. Аммо, ота-онаси бор пайтда уйнинг эшигини бемалол очиб кира олади инсон... 

Хаёл  оғушида кетиб борар экан, Гулининг кўзларида ёш қалқиди: Меҳрибонларим, бахтимизга соғ-омон бўлинг. Борларингизга шукур, дея шукрона келтирди.


Амина Шерали қизи.

Мавзуга оид: