Турмуш чорраҳаларида МАТОНАТ (Воқеий ҳикоя)

Унинг исмини ҳамма Витя деб чақиришарди. Митти Виталей қўшнисининг қизи Нозима билан доимо бирга ўйнар, унга бўлган меҳри ўзгача эди. Нозима ҳам қизлар билан ўйнаса дарҳол келишмовчилик чиқиб, жанжаллашар, улар билан тезда аразлашиб қолар эди. Витя эса доимо унинг кўнглига қарар, катта бўлсам сени албатта узоқ-узоқларга олиб кетаман, ўшанда сени ҳеч ким хафа қилолмайди дер эди.
  Улар вояга етишди. Йиллар давомида икки ёшнинг ўртасида пайдо бўлган меҳрни ўзлари ҳам тушунмасди. Витянинг энг яхши болалик даври уларнинг хонадонида ўтди. Негаки, қизнинг акаси билан у қалин дўст эди.
  Тақдир тақозаси билан Витя ўз оиласи билан узоқроқ қишлоққа кўчиб кетишди. Энди у ўз дўстини уйига худди меҳмондек келар, келган заҳоти ҳеч кимга билдирмасдан беихтиёр қизни излай  бошлар эди. Шундай кунларнинг бирида у қизга ўз туйғулари ҳақида гап очди ва унга уйланмоқчи эканлигини айтди. Қиз индамади...
  Лекин онаси Зоя опа Виталейга Россиядаги синглисининг қизини келин қилмоқчи эканлигини айтди. Йигитнинг жаҳли чиқди: ўзининг яхши кўрган қизи борлигини, ўша рус қизи қишлоққа келиб яшамаслигини, онасининг рўзғор юмушларини сира  ҳам қилмаслигини айтсада, Зоя опа ўғлига қулоқ солмади. Ўғли эса ўз сўзида туриб олди.
  Орадан йиллар ўтди. Виталей қишлоқда яшасада, бир оёғи дўстининг уйида эди. Нима бўлса ҳам дўсти баҳона Нозимани бир кўрса, кўнгли жойига тушар, вақти келиб албатта унга уйланишини ўйлаб ўзига ўзи  тасалли берарди. 
 Шундай кунларнинг бирида Нозима қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Врачлар уни операция қилишди. У операциядан сўнг анча вақт ўтиб, кўзини очганида тепасида Виталей тик турар, унинг қаттиқ ҳавотирда эканлиги юз-кўзларидан кўриниб турарди. Қиз бардошли эди, тезда соғайиб уйига қайтди.
 Виталей жисмонан бақувват, соғлом йигит эди. У ҳамма ишни ўзи уддалар эди. Лекин, иссиқ жоннинг иситмаси бўлади, деганларидек, “ковид” касаллиги уни ҳам четлаб ўтмади. У ўзининг ҳаракатчанлиги, бардошли эканлиги учун касалликни тезда енгиб ўтди. Бироқ, орадан бир йил ўтар-ўтмас унинг ўнг кўзида шиш ва оғриқ пайдо бўлди. Врачлар кўзни даволай бошлашди. Касаллик тузалиш ўрнига оғирлаша бошлади. Қайта-қайта текширишлар натижасида шу нарса аниқ бўлдики, касаллик аломатлари кўзга берган бўлсада, аслида мия атрофида йиринглаш бошланган экан. Эндиликда бемор онкологик касалликлар шифохонасига ётқизилиб, унга кимёвий усулда муолажалар қилина бошланди. Оғриқ қанча кучли бўлса, кимёвий муолажалар ундан ҳам оғриқли эди. Йигит барчасига бардош берар, нима бўлса ҳам соғайиб кетишга, бу ёруғ оламни ўз кўзлари билан кўришга ҳаракат қилар эди. Мураккаб муолажалар ҳам унга деярли ёрдам бермади.
  Яқинлари йигитга зудлик билан Ҳиндистонга бориб даволанишни маслаҳат беришди. Лекин, тинимсиз муолажалардан ҳолсизланган йигит учун айни пайтда узоққа етиб бориш осон эмас эди. Қолаверса, бунинг учун катта маблағ керак эди. Шундай бўлсада, у Ҳиндистонга бориш учун мол-ҳоли борми, машинаси борми, бор-йўғини сотишга қарор қилди ва бир кишини ёллаб сафарга отланди. Негаки, унинг дарди борган сари оғирлашиб борар эди. Бир ойлар чамаси   Ҳиндистонда даволанди. 
  У ўз юртига бир олам қувонч билан кириб келди. Яна севимли дўстлари ва яқинлари билан учрашишга шошилди. Нозима негадир унинг кўзига хомуш кўрингандай бўлди. Бунинг сабабини унга ҳеч ким тушунтира олмади.
 Орадан бироз вақт ўтиб йигитнинг касали яна хуруж қила бошлади. Яна кимёвий усулда муолажалар, кучли дори-дармонлар унга қаттиқ азоб берар, кўз нурлари борган сари тугаб бораётгандек эди гўё. Негадир, у сўнгги бора қизни кўргиси келди. Ҳозир кўрмаса уни бошқа кўролмаслигини ҳис қилди. Касалхонага келган Нозима эса йигитнинг аянчли аҳволини кўриб, қаттиқ қайғуга ботди. Йигитга билдирмай, дардини ичига ютди.
  Йигит роса икки йилу икки ой касалига қарши ўзи курашди. Ёлғизгина онасига ҳам, яқинларига ҳам бирор марта азоб бергиси келмади. Энг оғир дамларида ҳам қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга ҳаракат қилди. Керак бўлса, ўлимга қарши тик боқди. Шундай бўлсада, бедаво дард уни таслим қилди. 
  Афсус, унинг бирдан-бир орзуси амалга ошмасдан қолди. Севган қизини узоқларга олиб кета олмади...
                                  Гулсара ТИНИБЕКОВА.    
Мавзуга оид: