Ҳамкасбларимиз фаолиятидан ТАНҚИДГА МАВЗУ БЎЛГАН "1000"ТАЛИК

Матбуотда қарийб эллик йиллик тажрибам бор. Бу давр ичида публицистиканинг деярли барча жанрларида қалам тебратдим. Ижодий меҳнатларим самарасидан англаб етганларим шу бўлдики, янгилик, хушхабар, мақтов, олқиш, ютуқ ва муваффақиятлар мавзуидаги каттами кичикми мақолалар барчага баробар ёқади. Аммо танқидий мақолалар ҳақида бу гапни айтиш... Кимларгадир ёқади, кимлар учун эса журналист (мухбир) унинг "душман"ига айланади-қолади. Фаолиятим давомида бундай ҳолатларни кўп бора кузатганман.
"Сира ёдимдан кўтарилмайдиган можаро "Шунчалар зўрмисан "1000" талик?" сарлавҳали танқидий мақолам туман газетаси ("Музработ")нинг 2007 йил 26 январь сонида босилиб чиққандан сўнг юз берди. Келинг, яхшиси, танқиднинг ёзилишига туртки бўлган воқеага мақоладан олинган мана бу парча билан ойдинлик киритсам:
"Бир гал саҳарлаб туман марказига яқинлашаверганимиздаги бурилишда йўлга отилиб чиққан ЙПХ ходими биз тушган киракаш "РАФ" ҳайдовчисига қўлидаги таёғи билан "Тўхта" ишорасини қилди. аракатланаётганида қандай хатога йўл қўйганлигини билолмаганидан ҳангу-лол шофёр ҳайдовчилик гувоҳномасию техпаспорти, киракашлик қилишга рухсати борлиги қайд этилган ҳужжатлар солинган йиғма жилд (папка)ни қўлтиқлаган-ча, таъбир жоиз бўлса, жон ҳовучлаб, "Йўл ҳукмдори" ҳузурига шошди. Аммо зум ўтмай ортга қайтди-да, йиғма жилдни ўриндиққа отганча: "Э, буларга ҳужжат керак эмас экан", дея "бордочок"дан битта "1000" таликни кафтига қистириб, зир бориб келди. Улов тўла йўловчилар кўз олдимизда намойиш этилган бу "спектакл"дан сўнг ҳайдовчи учун йўл очилган эди.
Яна кунларнинг бири... кечки пайт. Ишдан толиқиб чиққан йўловчиларни манзилга етказиш учун текис ҳаракатланаётган "Дамас" автомашинасини ... нақд кўприкнинг устида тўхтатишди. Улов эгаси кўравериб кўзи пишганиданми, тўхтатилганининг "сир"ини биларкан.
- Бу тўхтатиш битта "1000"таликнинг "бош"ини эди, - дея норозилик оҳангида ҳукамо ҳузурига равона бўлиб "рўйхатдан ўтди". Бироқ "оқ йўл" тиланган эса-да, унинг кўнгли ёришмасди" (Дарвоқе, ўшанда "1000" сўмлик озмунча пул эмасди).
Газета аллақачон обуначилар қўлига етиб бориб, шов-шувга сабаб бўлган. Мақолани ўқиганлар раҳмат айтиб, миннатдорчилик билдирар, обуна бўлмаганлар эса ўқишга иштиёқманд бўлиб, биттагина газета топиб беришимни илтимос қилишарди. Сабаби, ўшанда "органдагилар" (айниқса, йўл-патруль хизмати ходимлари)нинг хурмача қилиқлари хусусида, аччиқ бўлса-да, матбуот орқали очиқ-ошкора муносабат билдириш, аниқроғи, ғайриқонуний кирдикорларини фош этиб, танқид қилиш мумкин эмас эди, гуё.
 Орадан уч-тўрт кун ўтиб, мендан анча ёш бўлган туман ИИБ ЙПХ раҳбари салом-аликсиз хонамга кириб келди. Қовоғи солиқ.
 -Сизни прокурор билан начальник (ИИБ бошлиғи демоқчи) прокуратурага чақираяпти. озироқ мен билан боришингиз керак экан.
- Ёқмабди-да, - дедим ортиқча гапирмай. Аммо ИИБ ходими етаклигида боришни истамадим. Ахир, танқидий мақола муаллифи, журналистни ўшандай ҳолатда кўрганлар нима деб ўйлаши мумкин?
- Сиз бораверинг, ўзим бораман, - дедим ЙПХ бошлиғига.
Хуллас, туман прокуратурасига кириб борганимда прокурорнинг хонасида прокурор, ИИБ бошлиғи ва газетамизнинг ўша пайтдаги муҳаррири (йўлдан ўтиб кетаётганини кўриб қолиб чақириб олишган) ўтиришган экан. Афтидан, аввалроқ, "начальник прокурорга: "Бу (танқид) бизнинг шаънимизга яхши эмас" деб роса "тушунтириш" ишлари олиб борган. Аммо прокурор масаланинг моҳиятини ҳали ҳам тушуниб етмаган шекилли, бир менга қараб: "Нега ёздингиз?" дейди, бир ўтирган столининг тортмасини титкилаб, "биз ҳам обуна бўлган эдик" деб кимлар орқали ёздирган квитанцияни қидирарди. "Начальник" эса "Нотўғри ёзилган, туҳмат бу, бунинг учун газетада раддия эълон қиласизлар" деб тинмай жаврарди.
Ниҳоят прокурор туман газетасига обуна бўлингани ҳақидаги квитанцияни топиб, яна менга юзланди.
- Нега, нимага асосланиб ёздингиз, - деди ўзича ўшқириб.
- Танқидий мақолани воқеанинг бевосита гувоҳи бўлиб, ўз қулоғим билан эшитганларим, ўз кўзим билан кўриб, кузатганларим асосида ёзганман. еч қанақанги раддия берилмайди, -дедим қатъият билан. Аммо прокурорнинг эшитгиси йўқ эди. Масалага ИИБ бошлиғи томонидан ёндошиб, ёрдамчисини чақирди-да, топшириқ берди:
 - Мухбирга нисбатан "дело" очасан, жиноят иши қўзғайсан, - деди. Прокурор ёрдамчиси ҳали устида тортишув кетаётган масалани англаб етдими, йўқми, раҳбарнинг топшириғига жавобан:
 - Хўп бўлади, - деди.
Прокурорнинг айтганлари начальникни қаноатлантирди, шекилли, жаврашдан тўхтади.
Прокурор ҳузуридан чиқарканмиз, "начальник" газета муҳаррири ва мени ИИБга томон бошлади. Етиб боргунимизча биздан раддия талаб қилиш тилидан тушмади. Бинонинг иккинчи қаватига кўтарилиб, бошлиқнинг ўринбосари хонасига кирганимизда "начальник"нинг яна жазаваси қўзиди. Дабдурустдан:
- Керак бўлса, мен ҳам оламан, нима қила оласиз,- деди ғазаб отига миниб менга юзланганча.
- Ўртоқ бошлиқ, қаерда турганингизни, нималар деяётганингизни биласизми? - дедим тилингизни тийиб гапиринг деган маънода.
- Биламан, ўринбосаримнинг хонасида.
- Билсангиз, ўйламасдан гапирманг. Кичик бир танқидга бардош қилаолмаяпсиз, ўзи. Бу хатти-ҳаракатингиздан кўлами кенг-роқ мавзуларнинг ҳиди келаяпти, - дедим жиддий тортиб. Муҳарриримиз ҳам юмшоқлик билан тушунтиришга уринди. ИИБ бошлиғи ҳовуридан тушгандек бўлди. Биз бинодан чиқиб кетдик. Бошлиқ "Раддия"сини ёритишимизни талаб қилиб ҳар куни "қўнғироқ қоқиш"дан чарчамас эди.
Бўлиб ўтган воқеалардан хабар топган туман ҳҳокими муҳаррир билан мени ҳузурига чақирди. Бизни хонасида илиқ кутиб олган ҳҳоким саломлашгач, бирдан муддаога кўчди:
- Танқидий мақолани ўқидим. аммаси тўғри ёзилган. Органдагиларнинг танқидга чидолмасдан сизларни безовта қилаётганини ҳам эшитдим. Индаманг, кети ачишиб юраверсин. Қани, қаергача бораркан? Кайфиятни туширмай шижоат билан ишлайверингизлар, - деди ҳҳоким бизга омад тилаб.
Менга нисбатан "дело" очиб, жиноятчилар рўйхатига тиркамоқчи бўлган ҳовлиқма прокурорнинг саси чиқмай кетди. Унинг паноҳида таҳририятга, мухбирга "қарши ҳужум" бошлаган ИИБ бошлиғи эса "ёлғон ҳақиқат"ини исботлай олмай овора. Унинг мум тишлаб қолишдан бошқа чораси йўқ эди.
Шунга ўхшаш бошқа соҳалардан турли мавзуларда ёзилган, ҳатто ўз даврининг тумандаги юқори бошқарув органи бўлган райком бюросида муҳокама қилинган ўнлаб танқидий мақола ва фелъетонларим бор. Уларни менга нисбатан жазо чорасини қўллашга "сабаб" қилиб кўрсатишган. Аммо мен ҳаммасида ютиб чиққанман.
  Абдусалом ЙЎЛДОШЕВ, 
Сурхондарё вилояти Музработ тумани
 "Музработ" газетаси муҳаррири, 
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси.