ТУҲМАТ ГИРДОБИДА (ҚИССА)

Йўлдош вилоятнинг янги раҳбарини ишчан, адолатли, тиниб-тинчимайдиган инсон деб эшитган эди. Айтганлари тўғри экан, эртаси куниёқ туманларни айланиб,  кўпгина  раҳбарларга танбеҳ берди. Аҳвол шу зайлда борадиган бўлса, Расул Раҳимовнинг ишлаши қийин бўлади. Сабаби, янги ҳокимнинг талабларига у мутлақо жавоб бера олмайди. Қолаверса, қишлоқ хўжалигини тушунмайди. 
Нима бўлганда ҳам, Хўжаеванинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб жўнатиб юборганига хурсанд бўлди Ҳайдаров. Бари-бир аёллигига борди-да, сочи учун, ақли калта. Туя ҳаммомни орзу қилибди. Яна учрашгунларича бир гап бўлар, нима кўп, баҳона кўп. Энг муҳими унинг қўли билан Маҳкамовни тинчитишди. Ким билади ҳали муҳаррир Президент девонига шикоят  ёзган бўлса, охири нима билан тугайди? Нима бўлган тақдирда ҳам Ҳайдаров учун бунинг фарқи йўқ. Қатор йиллардан бери ушбу лавозимда ишлаб, йиғадиганини йиғиб, оладиганини олиб бўлган, ҳақи тўлган одам эди. Бошқа ҳоким келса ҳам бир амаллаб тил топишиб кетар-да. Ана шундай олатасир хаёллар оғушида бўлган Ҳайдаров соатига қаради-да, ошнаси терговчи Донаевга телефон қилиб, уни тушликка таклиф қилди. 
Кейинги кунларни Йўлдош йўл қараш, Тошкентдан бирор хабар келишини кутиш билан ўтказди. Шундай кунларнинг бирида ҳокимиятдан вакил келиб, уни ҳоким кечқурун қабулига чақираётганлигини   айтди. Йўлдош таажжубданди. У вилоят, ёки туман судидан чақирув кутганди. Нега энди ҳокимнинг ўзи уни йўқлаяпти? Йўлдош қабулига кираман деб остонасига борган чоғда хонасига киритмаган зот энди ўзи йўқлаб қолибди. Эҳтимол, Президент номига ёзган шикоят хати бўйича комиссия ҳокимиятга келаётгандир. Шу боис, муросага келмоқчидир. Нима қилсам экан, борсамми, йўқми? Бормайман, шунча вақт йўқламаган ҳоким энди ҳам сўрамай қўя қолсин. 
Эртаси куни яна ҳоким ўринбосари Раҳмон Эштемиров уни  ҳоким йўқлаётганини, бориши шартлигини қайта-қайта тайинлади.  Йўлдош ҳокимнинг муҳим гапи борлигини тушунди. Агар, шикоятим бўйича текшириш келаётган бўлса, вазиятни юмшатиш мақсадида чақираётган бўлиши мумкин. Йўлдош бу чақирувга бошқа сабаб тополмади. Лекин Йўлдошнинг бошига шунча кулфатларни солган, ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб Йўлдошнинг обрўсини тўкишга астойдил қиришган, сайлов қонунларини тушунмасдан, депутат бўлолмай қолганлиги учун рақибидан ўч олишни истаган, ўч олиш учун  қонунларни оёқости қилган Расул Раҳимов билан қандай муросага келиш мумкин? Асло! У жазосини олиши керак. Йўлдошнинг ҳокимият томон оёғи тортмади, ҳоким билан кўришишни, яна қандайдир дилисиёҳликнинг юз беришини истамади. Агар, хатимни текширишга келишса, менга тўғрисини айтишади, ўйлади у.
Ўша куни Йўлдош Расул Раҳимовичнинг соғлиги ёмонлашиб, касалхонага тушибди деб эшитди. Сўнгги кунларда тумандаги ижтимоий- иқтисодий вазиятни ўрганиш учун тез-тез текширув гуруҳлари келадиган бўлган эди. Комиссиялар билан ишлаш, уларни кузатиш ҳокимни чарчатган эди. Агар, у қилиб юрган номаъқулчиликлар ошкор бўладиган бўлса борми, шак-шубҳасиз уни панжара ортига тиқишлари аниқ эди. Буни ҳокимнинг ўзи ҳам билар, нима қилиб бўлса ҳам тахт қўлида пайтида мол-давлат йиғиб олиш ва обрўсининг борида силлиққина ишдан бўшашини ўйларди.
*** 
Расул Раҳимович марказдан келадиган комиссиядан хавотирда эди. Икки йилдан буён туманни бошқариш давомида қанча хато ва жиноятларга қўл урганини ўзи яхши билади. Ноқонуний, баднафс ишларига ҳалақит берган бир қанча  фидойи кадрларни ишдан ҳайдади, хўжаликларни бошқариб халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлган тажрибали фермерлардан мажбуран ерларини тортиб олиб, бошқа ишқибоз кимсаларга сотиб юборди. Ташкилот раҳбарларини қарийб юз фоизини алмаштирди, соққасини олиб, бошқасини жойлаштирди. Айтаверса, адо бўлмайдиган дард бу. Албатта, ушбу айтилган арз-додларнинг ҳаммаси собиқ муҳаррир Маҳкамовнинг Президентга ёзган шикоятида батафсил ёзилган. Шу боис Маҳкамовни чақириб, у билан муроса қилиши зарур. Акс ҳолда аҳвол янада жиддийлашади. Аммо, муовини орқали икки-уч бор чақиртирганлигига қарамай, у ҳокимга қорасини ҳам кўрсатмади. Ҳоким қўнғироқни босиб, котибадан яна Ҳайдаровни чақиришни буюрди. Орадан беш дақиқа ўтмасдан хонага Ҳайдаров кириб келди. У илгаригидай ҳокимга қуллуқ қилмас, ўрталаридаги иноқликка путур етгандек эди.
- Чақиртирган экансиз,- деди Ҳайдаров саломлашгандан сўнг, ҳокимнинг қаршисидаги стулда ўтираркан. Бир қанчагина олдин ҳокимнинг ёнида тик туришга журъат қилолмай, бошини эгиб турган ходими бугун рухсат сўрамасдан ёнига ялпайиб ўтириши Раҳимовга ёқмади, лекин, сездирмасдан сўзини давом эттирди:
- Бир нарсага бошим қотиб турибди, Маҳкамов касалхонадами?,- деди ҳоким хавотирли оҳангда,-неча марта чақиртирдим келмади. Шу масалада келишиб олмасак, аҳвол чатоқ. Нима маслаҳат берасан?
  Ҳайдаров бироз жим қолди. У Маҳкамовни ўлса ҳам сўзидан қайтмаслигини яхши билгани учун у билан муроса қилиб бўлмасликни ҳокимга очиқ айтди
- Маҳкамов билан муроса қилиб бўлмайди. У бир сўзли одам. Бари-бир фикридан қайтмайди. Инсоф билан айтадиган бўлсак, у одам кўп жабрланди. Ишдан олингани ҳам майли қамоққа тиқилгани, судлангани чатоқ бўлди, марказга нима деб ёзган бўлса, ёзгандир, уни ҳам тушуниш керак.
 - Нима, сен ҳам унинг ёнини оляпсанми, тинчликми ўзи? Сен ҳам у томонга ўтмоқчимисан. Ким билан гаплашсам, Маҳкамовни ноҳақ бўшатилган деб айтади. Айбномани мен тўқиганим йўқ-ку. Тўғри, мен ҳам тепанинг гапига кириб, шу ишни қилдим. Ўзининг ҳам сояси юпқалашиб турган экан, қаёқдан билай? Энди минг пушаймон бўлсам-да ўрнига тушмайди, фойдаси йўқ,- деди ҳоким стол устидаги сигаретадан бир дона олиб тутатаркан. Бир ўйлаб кўрчи, яхшиси Маҳкамов билан гаплаш, пул ваъда қил, ишига ҳам қайтараман, нима бўлса ҳам аризасини қайтариб олсин.
- Намунча ваҳима,  тинчликми, комиссияни бугун кўряпсизми?
- Тепадаги ишончли одамим айтди. Бу оддий шикоят текшируви эмас, девондан туманнинг барча соҳасини  комплекс текшириш, салбий ҳолатларнинг сабабини чуқур ўрганиш, чора тадбирлар белгилаш мақсадида махсус ташкил этилган  комиссия келяпти. Яна ким де, депутат Исмоилов бошчилигида. Биз қилган барча яширин ишларимизни биларкан Маҳкамов, қандай ўрганган, қаердан олган билмадим.
- Биз доим мажлисдамиз, Маҳкамов эса ҳар доим халқнинг ичида юради, эшитади-да ҳоким бобо, қабулига келган одамларни айтинг. Кимнинг боши қотса, биринчи редакцияга келиб маслаҳат олади.
- Бу ақлинг илгарироқ  қаерда эди? Айтганимни қил, жавобингни кутаман.
Ҳайдаров ҳокимнинг ҳузуридан чиқаркан, унинг гапларидан ғаши келди. Эркакчасига айтганда, қилғилиқни қилиб қўйиб, эндиги мурувватингни кимга кераги бор. Мансаб шунчалар ширин-да. Нима бўлса ҳам Маҳкамовнинг овозини ўчириб, ўзининг жонини сақламоқчи. Мен бориб нима дейман ҳозир. Тошингни тер, ҳокиминггни ҳам, ўзингни ҳам... демайдими? Ноҳақдан жабрланиб, судланиб, қамалиб, уйида ишсиз ўтирган одамдан ҳар нарса кутса бўлади ҳозир.
Кейинги пайтларда ҳоким билан Ҳайдаров ўртасига бироз совуқчилик тушган. Бу келишмовчилик ҳокимлик биносини таъмирлаш ишларидан келиб чиқди. Ҳали таъмирлашга муҳтож бўлмаган бинони ва ташқисини таъмирлаб, ҳали ишлатишга яроқли янги мебел жиҳозларини ҳоким ошна-оғайниларига тарқатиб, ўрнига яп-янги чет эл мебелларини олиб келтирди. Ҳокимлик биносининг ички хоналари, айниқса, қабулхона ва ҳокимнинг хонаси келинчакнинг уйидек безатилди. Бор-йўғи бир неча миллион таъмирлашга сарфланган бўлса, бу сумма ўн баравар оширилиб кўрсатилиб, нақд пул қилиб олинди. Ваҳоланки, туманда чала, битмаган мактаб, боғча, касалхона бинолари мавжуд эди. Мана шулар ҳақида Ҳайдаров "кам-кам хўр, ҳамиша хўр" деб ҳокимга айтган эди, уни сўкиб берди:
- Ҳали сен менга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми? Сени ким ишга олганлигини унутиб қўйганга ўхшайсан. Бу ерда мен ҳокимман, сен эмас, - деб танбеҳ берганди.  Маҳкамов бу гаплардан бехабар деб ўйлайсизми, албатта, калтакнинг бир учи Донаевга, Тошпўлатовга ҳам тегади. Ҳамма ишкални эса, ҳокимнинг ўзи  бошлаган эди. 
***
Марказдан келган комиссия аъзолари Маҳкамовни ҳокимлик биносига чақирди. Йўлдош шикоятидаги фактларнинг ҳаммаси тўғри эканлигини, ҳоким билан ярашиш нияти йўқлигини, ёзганлари учун гарчи, нотўэғ-ри бўлса ўзи жавоб беришини айтди. Комиссия аъзолари бир ҳафта мобайнида Маҳкамовнинг ўзининг иштирокида тумандаги  барча соҳада олиб борилаётган ишлар, муаммо ва камчиликлар, коррупция ва порахўрликларни аниқлаш  тўғрисида текшириш олиб борди. Комиссия раиси Исмоилов туман шароити ва кадрларини яхши билганлиги учун ҳам текширув самарали ўтди. Маҳкамов ёзган барча фактлар ўз исботини топди.              
Шу орада Тошкентдан хушхабар келди. Олий судда унинг иши кўриб чиқилганлиги ва қуйи судларнинг ҳукми бекор қилиниб, Маҳқамов Йўлдош оқланганлиги маълум қилинган эди. Ҳибсдан озод қилиш учун гаров тариқасида тўланган 720 минг сўм пул айбномада белгиланган фактлар исботини топмаганлиги учун  тўловчига қайтариб берилсин,   Йўлдош Маҳкамовнинг "Янги ҳаёт" газетасининг муҳаррири вазифасидан ноқонуний бўшатилганлиги сабабли туман ҳокимининг қарори бекор қилинсин, деб   таъкидланган эди суд ҳужжатида.  
Орадан икки ҳафта ўтгач, халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб, кун тартибидаги масала юзасидан Президент девони ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия аъзоларининг  туманда олиб борган текширув ишлари натижалари тўғрисида Ж.Исмоилов маълумот берди. Ишдаги жиддий хатолари учун ҳоким Расул Раҳимов вазифасидан олинди ва ҳоким фаолиятига боғлиқ ўзлаштирилган маблағлар, коррупция ва порахўрликка оид маълумотлар, фактлар текширилиб, чора кўрилиши учун туман прократурасига топширилди. Бошқа ўринбосарларга ҳам тегишли чоралар кўрилди.
Навбатдан ташқари сессияда тайинланган янги туман ҳокими маърузасини якунлар экан, "Янги ҳаёт" туман газетасининг собиқ муҳаррири ишига қайта тикланганини эълон қилиб, газета ишига муваффақият тилади.       
Йўлдош қадрдон жамоаси бағрида газетасининг янги сони учун сессия материалларини тайёрлар экан, чуқур ўйга толди, беихтиёр бўғзига келган хўрсиниш ва кўзидаги икки томчи ёш ёзаётган сатрларига қоришиб кетди:
Ўтган бир йил мобайнидаги бошидан ўтган ташвишлар, азобларнинг сабаби нима?  Асосий сабаб халқининг иродасини ёқлагани, сайловда ўз ҳуқуқларини билиб, фаол қатнашгани, эркин овоз берганидир. Ўз партиясининг номзодини қўллаб-қувватлаб, номзодига ишончли вакил бўлиб астойдил курашганидир. Бу йўлда чекиниш йўқ!
- Бор экансан-ку ҳақиқат! Адолат! Сени қанчалар орзиқиб кутдим! 
Тамом.
                Оқдарё - Тошкент.
                             2001 - 2004 йиллар.  
Мавзуга оид: