ҚАДР Ҳикоя

(ОхириБошланиши ўтган сонда)
- Қаддингни кўтар. Сўзларимни яхшилаб эшит!  Мана эшагингни ҳозироқ уйига олиб бор. Томоғига қараш, саломатлигини тикла, сўнг менинг олдимга олиб кел: У ҳали сенинг оилангни боқишга, хизматингни бажаришга қодир", - деб унга кетишга ижозат  қилди.
Кирчивон эшагини еталаб уйига борди. Томоғига дармон бўлди. Бир ҳайвон табибини келтириб жароҳатига малҳам бўлди. Эшак кун сайин кучга кириб қад ростлади. Кирчивон бир куни эшагини эгар жабдуққа олиб  аравага қўшди. Подшонинг кирдан тозаланган нарсаларини юклаб саройга кирди.
Подшонинг нигоҳи кирчивонига тушди. Аравада қад ростлаб турган эгар-жабдуқли эшакни кўриб кирчивонга жилмайиб қўйди. Кирчивон уялганидан подшонинг ҳузурига бориб раҳматини баён қилиб;
- Оллоҳ ақл-фаросатга изн берса кўнгилда кечгани бўлар экан. Фалокатнинг олди олинаркан, - деди.
Янгибой ҳикоясини ўзига ўзи айтиб отасининг борида кўрган-кечганларини бир бор эслади. Ўшанда отаси мана нима деган.
- Эшак рўзғорнинг беминнат дастёри. Уни тарбия қилиб  борсанг сени асло хор қилмайди.
- Бу эшакка неча йил бўлган, ота?
- Роппа роса ўттиз йил бўлди. Хў-ўш, буни мендан нимага сўрадинг?
- Эшагимиз чарчаган кўринади. Менинг талабимни бажара олмаяпти.
- Ундай бўлса сенга ёшидан олиб бераман.
- Бу қарри эшак бўлса, бозорга чиқариб сотсакда, ўрнига ёш ва бақувват эшак сотиб олсак дегандим.
- Яхши, сенга ёш ва бақувватидан олиб бераман. Лекин бу эшак асло сотилмайди.
- Нега, ота! Бор-йўғи бир ҳайвон бўлса. Бунинг устида эшак деган номи бор.
Янгибойнинг отаси Жумақул кулиб жавоб қилди.
- Бу мен ва онанг учун энг яқин, энг қадрдон дўст. Бунинг дўстлик ришталаринию, беминнат холис хизматини бошқалардан кутмаганман.
Биз тоғ олди қишлоғида яшаганмиз. Тирикчилигимиз тоғу-тошлар орасида ўтди. Тоғу тошлар юкини эшаклар гарданларига олган. У бажарган ишларни отлар бажара олмайди. Ёлғизоёқ йўлларда териб-териб қадам ташлайди.
Бу эшакни олганимда сен ҳали дунёда йўқ эдинг. Сен туғилдинг, бирин-кетин укаларинг туғилди. Эшак барчамизга хизматда бўлди. Садоқатини биздан дариғ тутмади. Унинг хизмати билан баланд-баланд исқирд ҳашак қилдик, табиий пичан тўпладик. Тоғдан  ўтин ғамладик. Бозор ўчарга оёғи чиққан эди. Бугун у жўшқин ва қувноқ ёшлиги билан хайрлашди, ҳудди одам боласи каби. Кексалик қаддини букди, оёқларидан мадорини олди. Қадамлари ҳам оҳисталанади. Ҳорғин ва ғамгинлик чеҳрасига соя солди. Биз онанг билан мингашиб меҳмонга борардик. Энди билсам ҳаммаси ўткинчи меҳмон экан. Бир пайтлари йўрғасига олиб юрганида оёқ тувоқларидан чарсиллаб ўт чақнаши эсимда. Эшакни бугунги ҳолини кўриб мен ҳам афсус билан яшаяпман. Ҳаёт борлиқдаги барча қимирлаган, ҳаводан нафас олаётган тирик зотни синовидан ўтказиб имтиҳон қилади. Елкасига, зиммасига оғир-оғир тошлар юклайди. Бу оғир ва залворли юклар кимнидир чўктиради, кимнидир елкасига куч-қувват беради. Сабр-лилар бу турмуш имтиҳонидан беталофат қирғоқ манзилига етиб олади. Озодликка талпинади...
Янгибой тоғаси Эшбойнинг ҳикоясини эслади.
- Янги давр эшик қоқиб кичик-кичик хўжаликлар тузилди. Сангардак сойларида яшаётган  Чанглоғ,  Дўнончи, Хубон, Тоғчида янги хўжаликлар иш бошлади. Улар Сариосиёнинг энг чекка тоғ ҳудудларида жойлашган. Ундан юқориси Қашқадарёнинг китоб туман аҳолиси ҳудуди. Сангардакдан Сариосиё туманининг Узун марказигача тўқсон километрлик масофа...
У пайтларда бугунгидек серқатнов техника қаёғда. Одамларнинг куни от билан эшакда умргузаронлик қиларди. Отларнинг эса кафтдек ёлғизоёқ йўлдан ўтиши хатарли. Бундай кафтдек ёлғизоёқ йўлнинг танобини эшаклардан бошқаси эплолмайди. Етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини туман марказидаги омбор ва деҳқон бозорига етказиб бериш зарурияти эшакчилар бригадаси зиммасида. Ярғинларига қоп кўтарган эшаклар авайлаб оёқ ташлаб кафтдек   ёлғизоёқ йўлдан саралаб қадам ташлайди. Улар хатарли жой келганда эсларини яна бир карра  йиғиб сўнг манзилни менгзайди.
Маҳмуд бир гала эшакнинг жиловдори.  Унинг эшаги бақувват бўлиб, керагидан ортиқ юк олган. Эшак шаршара қоясидаги кафтдек ёлғизоёқ йўлдан ўтаётиб қоятошга қоқилди. Шу зайлда хавфни олдини олиб ётиб олди. Пасти зов. Унга кулиб тушган омон қолмайди. Маҳмуд эшигига далда бўлиб турғазишга уринди.
- Тур, жонивор. Турақол! Яна бир ҳаракат қил. Сенинг кучинг шунга лойиқ, - деди.
Эшак бир нафас тин олиб, эгасининг далдасидан куч-қувват олди. Юки билан турди. Мувозанатини ростлаб олди. Маҳмуд халчўпини сермаб;
- Ҳа-а, яқинда ҳукуматнинг пўнкаси келса юкларинг енгиллашади. Бу пункалар тонна-тонна юкларни гарданларига олиб бир нафас билан манзилига   етади. Ана ўша пайтларда сенларга бу ишлар тегмайди. Замонлар янгиланиб одамлар эшак нима жонивор эканлигини эсларидан чиқарадиган даврлар ҳам яқинлашаяпти. Бир замонлар келиб мана шу сенинг ковушинг тиқиллаб тушаётган кафтдек ёлғизоёқ йўлдан ҳайҳотдек равон йўллар қурилади. Ана ўша даврларни кўрганлар бугунги ўтмишимизга нималар дер экан-а? - деб қўйди, бош чайқаб.
Жумақул ўғлига;
- Ҳар бир нарсанинг уволи бор, болам.
Яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо муқаррар. Бу икки ҳикматнинг инсон боласи албатта ижобатини ўз кўзи, қалб амри билан кўришга муяссар бўлади,- деди.
Жумақул ўғлига эшакнинг мочасидан олиб берди. Ўғли кўнмагач отаси бундай деди.
- Насли-насабига қараб иш тут, болам. Кўринишига қара, келажаги бор. Ўзимизнинг зотдор ҳангидан урчитсак ёмон бўлмайди, эшагимизнинг насли давом этаверади...
Янгибой отасининг гапини маъқуллаган бўлди... Бир эшак икки бўлди.
- Янгибой ўғлим. Иккисига ҳам бир хил озуқа бер. Бир хил ем бер. Томоғидан ургучи бўлма,-деб тайинлади.
Икки эшак ёнма-ён яшай бошлади. Орадан анча вақт ўтаверди. 
Кунлар ўтди, ҳафталар ўтавериб ёш эшакнинг ҳомиласи кўзга ташлана бошлади...
Хўтикча дунёга келди. Худди кекса эшакнинг ўзи. Кулранг. Икки елкасига қўнғир чизиқча тортилган. Жумақул хурсанд бўлди. "Ҳа-а, чакки бўлмади. Хўтикчамиз нақ наслдор отасининг ўзи. Демак, энди кекса эшак қайта дунёга келади...
Орадан бир йил ўтгач, кекса эшакнинг кўзи юмилди. Жумақулнинг оиласи мотамсаро бўлди. Ҳамманинг кўзида ёш... У ўғлига:
- Ўттиз йиллик қадрдонимиздан жудо бўлдик. Энди унинг ҳурматини жойига қўяйлик. Қани бўл, кетмон, белкуракни ҳозирла. Унга овлоқ ердан қабр қазиб жойлаштирамиз. Руҳи биздан шод бўлсин, - деди чаққонлик билан уст-бошини алмаштирар экан.
Жумақул ўғли билан ҳамма ишни бажарди. Кекса эшакни майити аравачага юкланиб, тўғри овлоқдаги бир қабрга кўмилди. Лекин эшакнинг жудолиги бу оилада узоқ йил сақланиб қолди...
Турсунбой МАҲМАДАЛИЕВ.
Мавзуга оид: