МАТЛУБА Ҳикоя
У билан ҳар доим шаҳар чеккасидаги сўлимгоҳни бирга айланардик. Хиёбондаги ўриндиқлар, дарахтлар, йўлкалар бизга таниш эди. Айниқса, каттакон сада остидаги ёлғиз ўриндиқ биз учун қадрдон бўлиб қолганди. Ҳар якшанба шаҳар айланганимизда шу ерга келиб суҳбатлашар, орзу-режалар ҳақида фикрлашардик. Шу ерда ўтирсак, қалбимиз яйраб, қувончимиз ичимизга сиғмасди. Шуларни ўйларканман, Матлуба билан бир якшанбада бўлиб ўтган воқеалар кўз олдимдан бирма-бир ўтди...Ёз пайти эди ўшанда. Абитуриентлар ўқишга кириш учун елиб югурарди. Якшанба куни ҳар галгидек у билан шаҳар айлангани чиқдик. Олдин китоб магазинларига кирдик. Сўнгра ўша таниш хиёбон томон йўл олдик. Матлуба шеър айтишни жуда севар, ўзи ҳам шеър ёзиб турарди. Унда Фарғона водийси қизларига хос соддаликт ва самимийлик мавжуд эди. Юзидан доимо табассум аримас, қоп-қора чарос кўзлари кишига меҳр билан боқарди. Секин қадам ташлаб борарканмиз, у йўл-йўлакай шеър ўқирди. Мен эса унинг майин овозига маҳлиё бўлиб тинглардим. Матлуба шеър айтишдан тўхтаб, "қалай" дегандай, мен томонга қаради.
- Зўр, худди дикторлар ўқигандай ўқидингиз, - дедим азбаройи хурсанд бўлганимдан.
- Йўлдош ака, доимо менга шеър айттирасизда, ўзингиз лом-мим демайсиз. Сиз ҳам айтиб беринг. Агар ҳозир…
- Ахир шеърни билмасам, - дедим ишонтириш мақсадида.
- Биласиз, лекин истамаяпсиз-да!
Мен бироз жим қолдим. Сўнг миямга келган ушбу мисраларни такрорладим:
Айтган экан бобо Рўдакий,
Ишқ завқини таърифлаган чоғ.
Муҳаббат бир тузли сув эрур,
Ичган сари чанқатар кўпроқ…
- Ана, шеър билмайман дейсиз, - деди у чапак чалиб.
- Биларкансиз-ку.
Матлуба шу сўзларни айтди-да, бир оз хомуш тортди. Сўнгра:
- Юринг ўзимизнинг скамейкамизга ўтирамиз.
- Мен унга эргашдим. Қадрдон жойимизга ўтирдик. Кун иссиқ бўлишига қарамай, бу ер анча салқин. Суҳбатимиз жонланиб кетди. Матлуба ёзги сессия тугагандан сўнг Самарқандга саёҳатга келишини айтди. Тўсатдан жўшиб сўзлаётган Матлуба жим бўлиб қолди, Унга қарадим. Унинг кўзлари хиёбондан биз томон тез-тез қадам ташлаб келаётган йигитга қадалган эди. У бизга бир неча қадам қолганда тўсатдан тўхтади. Менга еб қўйгудек тикилди. Сўнг Матлубага қараб деди:
- Ҳа, Матлубахон, топибсизда, бошқасини. Майли, кўрамиз, сўнг пушаймон бўлиб юрманг. Ҳа, пушаймон бўлиб…
Йигит шу сўзларни айтди-ю, менга яна бир ўқрайиб қаради. Сўнг қандай тез келган бўлса, орқасига ўгирилиб, шундай тез юриб кетди. Унинг гапларидан кейин миямга ҳар хил шубҳали фикрлар кела бошлади. Йигит "бошқасини топибсизда" дедими? Демак, Матлуба илгари ҳам… Ўзим ўйлаган фикрдан қўрқиб кетдим. У унақа қизлардан эмас. Матлубанинг кўзларига қарадим. У менинг нима демоқчи эканлигимни сезди шекилли, ўзи гап бошлади.
- Менинг отам унинг отаси билан бирга ўсган. Қалин ўртоқ. Биз туғилганда оталаримиз иккаламизни "бешиккетди" қилиб қўйишибди. Мактабда ўқиб юрганимда ҳам бу ҳақда кўп эшитардим. Лекин парво қилмасдим. Вояга етганим сари отам менга бу гапни кўп эслатадиган бўлди. Аммо мен уни (исми Носир) асло ёқтирмасдим. Мактабни битирганимдан сўнг отам мени унга фотиҳа қилишмоқчи бўлишди. Бироқ кўнмадим. Ўқишим кераклигини, педагог бўлиш орзуим борлигини айтдим. Охири, отам рози бўлди. Лекин ўқишга келишимдан олдин отам онамга шундай тайинлабди:
- Қизингга айт, яна шаҳарда бирортасининг этагидан тутиб кетмасин. Агар эшитсам борми, дарров ўқишдан қайтариб оламан.
Носир бўлса, соядек эргашиб келди. Доимо орқамдан юргани-юрган. Эшитишимча, аллақайси техникумга кириб олган эмиш. Энди бизни бу ерда кўрганлигини уйдагиларга бориб айтади. Кейин кўринг томошани.
Унинг сўзларидан мен жим бўлиб қолдим. Ҳар доим қувноқ, шодон ҳолда юрадиган Матлубанинг юрагида шунча гаплар борлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Бир куни уйдан қайтиб университетга борсам, дугоналари Матлубанинг акаси келиб уйига олиб кетганлигини, ўқишини эса сиртқи бўлимга айлантирганлигини айтишди. Шу гаплардан сўнг, бошимга оғриқ кирди. Кўз олдим қоронғилашди. Ўзимни ёлғиз, ночор ҳис қила бошладим. Наҳот энди уни учрата олмайман. Наҳотки, бизнинг севгимиз тугаган бўлса?!
Мана бугун якшанба. У билан бирга юрган кўчаларни ёлғиз айланмоқдаман. Кўчалар одамлар билан гавжум. Ҳамманинг юзида табассум. Нега хурсанд экан бу одамлар? Ҳа, дарвоқе, бугун катта байрам-ку. Яна юришда давом этаман. Кўчалардаги ҳар бир дарахт, ранг-баранг очилиб ётган турфа гуллар гўё "Қани у, қани Матлуба?" деб сўраётгандай. Бошимни эгаман. Йўқ, у йўқ, дея олмайман. Қалбимдаги ўтли умид ва ишонч бунга йўл қўймайди. Қандай қилиб хиёбонга келиб қолганлигимни билмайман. Атрофда ёшлар. Мен қадрдон ўриндиқ томон беихтиёр одим ташладим. Бир неча қадам босдим-у, жойимда тўхтаб қолдим. Севинчимдан қичқириб юбораёздим. Тушимми, ўнгимми, кўзларимни катта-катта очиб-юмдим. Чунки, ўриндиқда Матлуба очиқ чеҳра, хуш табассум билан мени кузатиб ўтирарди.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




