С а б р

Эрталабки нонуштадан сўнг Комил машинасига ўтириб ишга шошиларди. У йўл-йўлакай атрофга назар ташлаб, ўзидан ўзи қувониб, ҳаёт завқидан шодланиб, шунчалар ҳур ва фаровон даврда яшаётганидан Аллоҳга шукроналар айтиб, йўлида давом этарди. Ҳозирда Комил оилада ҳурматли ота, ишхонасида эса ўз ишининг моҳир устаси сифатида элга танилган. 
Бир куни Комил йўлда кетаётиб, йўлда "Олиб кетинг", дея қўл силтаётган аёлни кўриб машинасини тўхтатди. Комил бу аёлни ҳорғин ҳолда кўриб раҳми келди шекилли, салом-аликдан сўнг аёл машинага чиқди. Шунда Комилга бу аёлнинг чеҳраси таниш туюлгани учун кимлигини билишга ошиқарди. Шунда уни саволга тутди: 
- Кечирасиз, сиз Гулчеҳра эмасми?
- Ҳа, мен Гулчеҳраман, дея унчалик эътибор бермаган ҳолда жавоб берди. Лекин Комилнинг юзига яхшилаб қарамаганлиги учунми, барибир танимади.
- Қаерга бораяпсиз, - деб сўради Комил аёлдан.
- Соғлигим йўқроқ, шаҳар марказидаги шифохонага даволаниш учун бораяпман. Ўзингиз кимсиз? Мени танигандек бўлаяпсиз, сўради аёл маъюс тортиб.
- Мен қўшни тумандан, исмим Комил. Ишга кетаётгандим. Йўлимиз бир экан, сизни ҳам шифохонага ташлаб ўтаман, - деди Комил.
Дарвоқе, бу иккала инсон ҳам ўтмишини эслаб, йўлида давом этарди. Гулчеҳра нега бу инсон танигандек саволлар бераяпти, дея шофёрнинг юзига сездирмаган ҳолда қараб, ахир бу киши биринчи турмуш ўртоғим Комил ака-ку, наҳотки мен бу кишини шунчалик ўзгариб, соғлом ҳолатда кўраман деб ўйламагандим, - дея дарҳол бундан йигирма йил олдинги ҳаётий воқеалар намоён бўлди. Ўшанда Гулчеҳра ҳали фарзанд кўришга ҳам улгурмаган эди. Турмуш қургандан сўнг уч ой ўтар-ўтмас, Комил тўшакка михланиб қолгач, Гулчеҳра ўзи тушунмаган ҳолда, "бечора касалманд эр билан яшамайман", дея ота-онасининг уйига кетди.
Йиллар ўтди. Бу даврлар мобайнида Гулчеҳранинг уч укаси ҳам уйли-жойли бўлди. Лекин, укалари ўзиники, келинлар эса барибир унга бегоналик қилар эди. Уйда кунига муаммо ва жанжаллар... Шундай бўлсада, у биринчи турмуш ўртоғи  Комилнинг хонадонига қайтишни хоҳламасди. Чунки у менинг суянадиган тоғларим - ота-онам бор, деб яшарди.
Начора, ота-оналар ҳам бирин-кетин оламдан кўз юмишди. Гулчеҳра ўзидан ўтганини ўзи билар, дардли, аламли кунларини эслаб, гоҳида тақдиридан нолир, аламини кўз ёшларидан оларди. Комил эса икки-уч йил тинимсиз даволаниб, ўша даврларда соғлигини тиклаб, уйланди ва уч нафар фарзандли бўлди. Тақдир тақозосига кўра, бу инсонлар вақтида келин-куёв бўлиб, эндиликда йиллар ўтиб, Гулчеҳрани ёшига кўра кексароқ, ҳорғин кўриниши, Комилни эса мутлақо ижобий ўзгаргани уларни бир-бирига "Сиз кимсиз?", "Ўзингизчи?" каби саволларни беришга мажбур қилди.
Гулчеҳра ўзидаги бу ҳаяжонни Комилга билдирмаслик учун манзилига етиб келганлигини айтиб, машинадан тушиб, миннатдорчилик билдириб кетди. Комил эса ҳамма нарсани сезиб турар, "Ҳа, бечора, тақдир битиги эканда", дея йўлида давом этди. Гулчеҳра ҳам "Мен бу инсонга вақтида меҳр бериб, сабр қилганимда, балки машинада йўловчи сифатида эмас, машинанинг эгаси бўлиб, ҳур ҳаётда яшар эдим", дея афсусланди.
Инсон баъзида билиб-билмай қилган адолатликсизликлари, хатолари учун вақтлар ўтиб изтироб чекади.
Ҳа, азизлар, бу дунё биз инсонлар учун синовли эканлигини ҳар биримиз англашимиз керак экан. Аллоҳ севган бандасига дард бериб, бу синовларга бардоши ва сабрли бўлганлар учун ёруғ кунларни ато этар экан. Касалманд кишилардан ҳазар қилиб, улардан жирканиб юрган Гулчеҳра каби баъзи инсонлар охир оқибатда ўзлари жабрланиб қолишини ўйлармикан?! Оқибатли ва раҳм-шафқатли бўлиш каби хислатлар олдин ҳам ҳозирги вақтда ҳам ҳаммада мужассам деб бўлмайди. Бунинг учун инсон юрагида ана шу хислатлар бўлмоғи даркор экан. Биздан адовату ҳасадни эмас, меҳру муҳаббатни кутар дунё бу...
Зарифа НОРМЎМИНОВА,
Лойиш шаҳарчаси.
Мавзуга оид: