Шарафли касб эгалари Эл олқишлаган шифокор

Иссиқ жонни албатта иситмаси бўлади. Тўсатдан бирор  жойимиз оғриб қолса, дарҳол дори-дармон излаб қоламиз ёки шифокорга кўринаман, деган ўй-кечинмаларни ўтказамиз. Демак, шифокорлар бизнинг соғлом ҳаёт кечиришимизда энг керакли шахслардан бирига айланади. Шунинг учун ҳам улар касбий бурчи ва мажбуриятларида энг аввало инсонларнинг саломатлигини асраш, бу йўлда керак бўлса ўз ҳаловатларидан кечишга ҳам доимо тайёр. Айниқса, байрам кунлари ҳам оқ ҳалатли оқ кўнгиллар беморларнинг дардига дармон бўлишади. 

   Ўзининг шарафли касби орқали эл орасида ҳурмат-  эътибор қозонаётган Туфанисо Турсунова ҳам ана шундай тажрибали шифокорлардан ҳисобланади.

  - Беш турдаги йўналишлар бўйича 27 173 нафар аҳолига хизмат қиламиз, - дейди Янгиқўрғон оилавий поликлиникаси мудираси Туфанисо Турсунова. -Улар таркибига жарроҳлик, акушер генекология, лаборатория, УТТ, УКГ ҳамда 14 та тиббий бригадалар халқимиз хизматига ҳамиша шайдир. Шунингдек, олтита маҳаллага тўғридан тўғри хизмат қилсак, Чайжовул, Суғончи ҳудудларидаги филиалларимиз ҳам аҳоли хизматидадир.

   Янгиқўрғон оилавий поликлиникасида олий тоифали шифокорлар билан бирга 65 нафар ҳамширалар ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келишади. Улар орасида олий тоифали шифокорлар Матлуба Вохидова, Норхол Саттарова ҳамда стомотолог Асқар Ахроровнинг билим тажрибаларидан ҳар бир бемор беҳад мамнун бўлишмоқда.

   Туфанисо Турсуновани эса ўз ҳаётини халқимиз соғлигини сақлашга бағишлаган фидойи шифокор дейиш мумкин. 1984 йилда ўз иш фаолиятини туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган кўп тармоқли поликлиникасида педиатр шифокорлигидан бошлаган бу опахон шу вақтга қадар ўз касбини шарафлаб, эл олқиши ва дуосини олиб келаётир.

   Дарҳақиқат, ўз касбини ардоқлаган ҳар қандай шифокор ана шу меҳнатларининг самараси билан элда азиз бўлади.  Ўзининг кўп йиллик ҳалол меҳнати орқали эл олқишига сазовор бўлиб келаётган Туфанисо Турсунованинг келгуси ишларида улкан зафарлаб тилаб қоламиз. 

                                                             С.ИБРАГИМОВ.