ҲОМИЛАДОР АЁЛЛАР ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШИ КЕРАК?

Ҳомиладорлик даврида аёл доимий шифокор назоратида бўлиши жуда муҳим. Бу даврдаги тиббий кўриклар она ва ҳомилани соғлом бўлишини таъминлайди. Ҳомиладорлик пайтида соғлом овқатланиш - бу нафақат боланинг тўғри ўсиши ва ривожланиши, балки бўлғуси онанинг ҳам соғлом бўлиши гаровидир.
 Тўғри танланган рацион ҳомиладорлик пайтида овқат ҳазм бўлишини йўлга қўйишга ёрдам беради, уйқуга берилиш ва толиқишнинг олдини олади, иммунитетни мустаҳкамлайди.
Ҳомиладор аёлларни рационал овқатланиши деганда - кун давомида овқат рационини тўғри тақсимланиши ва ҳомиладорликнинг муддатларига мутаносиб ҳолда турли хил овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш демакдир. 
Ҳомиладорликнинг барча даврларида овқатланиш муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам унинг  дастлабки уч ойлик даврига алоҳида эътибор бериш керак. Ушбу даврда ҳомилада янги аъзо ва тизимлар ривожлангани сайин оқсил, ёғ, углевод, витаминлар, минерал ва бошқа озуқа моддаларга бўлган эҳтиёж ошиб боради  (аёлда витаминларга бўлган талаб 2-2.5 марта ошади). 
Шуни ҳисобга олган ҳолда турли хил маҳсулотлардан истеъмол қилиш тавсия этилади. Бу даврда ҳомиланинг соғлом ва нуқсонсиз туғилишини таъминлашда фолат кислотаси миқдорини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Фолат кислотаси олма, кўплаб мевалар, кўкатлар, салат барглари каби  маҳсулотлар таркибида кўплаб мавжуд.  Бундан ташқари  буғдойдан тайёрланган нонлар (қора нон), гречкали бўтқа, сут ва сут маҳсулотлари, парранда гўшти, тухум, мева ва мева шарбатлари, сабзавотлар, айниқса карамни истеъмол қилиш тавсия қилинади.  
Иккинчи уч ойликда калорияга бой озуқаларни кўпайтирган маъқул. Бу даврда ҳомила вазнининг ортиши, бачадон, сут безларининг ўсиб бориши оқсилга бўлган эҳтиёжни оширади. Ҳомиланинг кўриш ва эшитиш аъзолари ривожланишига ҳисса қўшадиган А витамини ва бетакаротинга бой бўлган сабзи, карам, сариқ булғори ҳамда оқсилга бой балиқ гўштини истеъмол қилиш тавсия этилади.
Учинчи уч ойлик ўрталаридан бошлаб хамирли таомлар, ёғли гўшт, қаймоқларни овқат рационидан камайтирилган маъқул. Бу даврда ҳомиланинг суяклари ўсиши жадаллашади, шунинг учун таркибида кўп миқдорда кальций сақловчи маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Балиқ, ёнғоқ, гўшт, қатиқ, творог, сабзавотли салатлар истеъмол қилиш организм учун жуда фойдали ҳисобланади.  
Ҳомиладор аёллар тўғри овқатланишида ёрдам берадиган амалий маслаҳатлар: 
ҳомиладорлик даврида "иккита одам учун" еманг, овқатнинг ҳажми эмас, балки унинг сифатли, маҳсулотларнинг турлича бўлгани ва организм томонидан осон қабул қилиниши муҳим;
таомларингиз хилма-хил бўлишига аҳамият беринг. Гўшт, балиқ, мева ва сабзавотлар, дуккаклилар, макарон, нон ва сут маҳсулотларидан имконият борича ҳар куни оз-оздан истеъмол қилиш керак;
кўнглингиз тусаётган, аммо ўз соғлиғингиз ва болага зарар бермайдиган маҳсулотларни ейишга ҳаракат қилинг;
тузни камроқ истеъмол қилинг. Тузланган сабзавотлар, дудланган балиқ ёки ҳар-хил ўта аччиқ ва нордон соуслар  ҳомиладор аёл буйракларига салбий таъсир кўрсатади;
меъёрида суюқлик ичинг, овқатни тез-тез ва оз-оздан кунига 5-6 маҳалга бўлиб ейишга ҳаракат қилинг;
уйқуга кетишдан олдин кўп таом еманг, тоза ҳавода сайр қилиб овқатни ҳазм қилинг;
аллергия чақирувчи маҳсулотларни истеъмол қилманг;
спиртли ичимликлар, тамаки, аччиқ таомлар ва таркибида қаҳва сақловчи маҳсулотлар асло мумкин эмас;
ичагингизни вақтида бўшатишни таъминланг. Бунинг учун ҳазм  қилиш тизими фаолиятини кучайтирувчи мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Агар қабзиятга мойиллик бўлса,  қуритилган олхўри, ўрик ва қовоқли овқатлар яхши самара беради.
С. ҚОСИМОВА,
     туман тиббиёт бирлашмасининг Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлинмаси шифокори.           
Мавзуга оид: