Олий суд томонидан 120 нафар босмачиликда айбланган аждодларимиз оқланди

"Қатағон қурбонлари хотираси" музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаев бу оқловлар яна давом этиши, бу ҳали бошланиши эканлигини таъкидламоқда.
Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий судида 120 нафар босмачиликда айбланган аждодларимиз иши кўриб чиқилди. Олий судга 2021 йил декабрь ойида 120 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган эди.Ушбу аждодларимиз Марказий Осиёдаги бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ), унинг қошидаги Учлик кенгаши ҳамда Россия Федератив Совет социалистик Республикаси Олий инқилобий трибунали Туркистон Совет республикаси Олий инқилобий трибунали томонидан айбли деб топилган.
Уларга нисбатан келиб тушган 6 та жиноят иши қуйидагилар:
1. Хорижий мамлакатлар ёки ижтимоий гуруҳлар фойдасига оғиш айби билан - Мирза Ибрагимов Мир Ашур ва бошқалар (жами 43 киши);
2. Бандитизм айби билан - Аппах Ходжа Асқар Ходжаев ва бошқалар (жами 40 киши);
3. Аксилинқилобий, махфий ташкилотни тузганлиги ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганлиги учун - Абдураҳимов Мирза Ходжа ва бошқалар (жами 15 киши);
4. Учлик кенгашининг 1930 йил 25 январидаги баёнига кўра 5 киши;
5. Худди шу айб билан Ўрта Осиёдан сургун қилинган ва мол мулки мусодара қилинган - Сафарон Тоғай Амин ва бошқалар (жами 12 киши);
6.Шариф Ходжаев Садриддин Хон ва бошқалар (5 киши).


"Бобомни жуда ҳам қийнашган. У инсон зиёли эди, мадрасаларда дарс берар эди. Лекин бари бир ҳам шўро тузумининг ўлжасига айланган", деди М.Раҳматова.

"Бухоро амирининг куёви, амакилари, додхоҳлар, энг йирик уламолар ҳозирги оқланаётганлар таркибида эди. Ҳаммаси амирнинг ёнида бўлган. Уларни ким душман сифатида йўқ қилди, бу шўро тузуми. Бухорони ривожланишини хоҳламаганлари учун бу ишни амалга оширишган. Судда бу нарсалар бўҳтон йўли билан бўлганлиги тасдиқланди. Уларда ҳеч қандай жиноят аломати йўқ дейишди. Уларнинг авлоди қириб ташланган ўша вақти. Ҳозир биз топа олишимиз жуда мураккаб. Катта хонадонлардан юз йил ўтиб биронта авлодини тополмаслик бу фожиа. Августда 115 нафар, ҳозир 120 нафар аждодимиз оқланди. Ҳали бу бошланиши. Қўқон хони авлодлари, Хива хонлиги авлодлари бор. Биз варақни энди очдик. Уларнинг барчасини оқлаймиз", дея фикрини якунлади тарихчи Баҳром Ирзаев.