ЎЗБЕК ФУТБОЛИ ҚАЧОН РИВОЖЛАНАДИ?

Юртимизда футбол 1912 йилда Қўқон шаҳрида ташкил этилганлигидан кўпчилик хабардор. Бир асрдан ошибдики, футбол ўйналаяпти. Европа давлатлари футболида ижобий томонга ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда негадир бизнинг футболимизда олға силжиш бўлмаяпти. Биз ўтган асрнинг 60-70 йилларида Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, Владимир Фёдоров, Михаил Ан сингари буюк футболчиларнинг ўйинларини кўриб завқланганмиз. Ҳозирги "Пахтакор" стадиони томошабинлар билан тўлиб-тошарди. Ҳозир-чи? Тамоман бунинг акси. Стадионларга томошабинлар кирмай қўйганига анча вақт бўлди. Чунки, учрашувлар қизиқарли ўтказилмаяпти. Кеча "ОКМК" билан "Насаф", "Пахтакор" билан "Бунёдкор" учрашувларини кўришга тўғри келди. Бу жамоалар Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш учун ярим финал учрашувини ўтказишди. Очиғини айтганда, жамоаларда ҳали ҳам тартиб-интизом, футболчиларга хос бўлган аҳиллик, мардлик етишмаслигининг гувоҳи бўлдим. Бу жамоаларнинг ўйинчилари бир-бирларига душмандек муносабатда бўлишаётганлиги ачинарлидир. "Пахтакор" билан "Бунёдкор" учрашувида қоидани бузган "Пахтакор" ўйинчиси рақиб жамоа ўйинчиси йиқилган пайтда оёғи билан унинг бошига тепиб ўтиб кетганлигига нима дейсиз? Учрашув ҳаками эса қоидабузарликни кўра туриб ҳеч қандай чора кўрмади. Чемпионат ўйинларида ҳам бундай қоидабузарликларни кўплаб кўриш мумкин. 
Аҳвол бу тарзда давом этаверса, футболимиз қачон ривожланади? Афсуски, бугун ўзбек футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар талабга мутлақо жавоб бермайди. Эҳтимол, Ўзбекистон миллий терма жамоасига кўп йиллар футболда ўзини кўрсатган устоз-мураббий Биродар Абдураимовдек қаттиққўл инсонларни раҳбар этиб тайинлаш керакдир. Аҳвол ҳозиргидек давом этаверса, ўзбек футболида ўзгариш бўлмаслиги турган гап.
Мавзуга оид: