ИЖОДИЙ ПАРВОЗ ЁР БЎЛСИН!

Жасмина Элбекова  туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси. У мактабда барча фанлардан аъло ўқиш билан бир қаторда айниқса, она тили ва адабиёт, инглиз тили фанлари билан алоҳида шуғулланади. Ўзининг дарсдан бўш вақтларини китоб мутолаа қилиш, шеърлар машқ қилиш билан мазмунли ўтказишга ҳаракат қилади.
Жасмина Элбекова  Ўзбекистон Республикаси Зулфия номидаги Давлат мукофотининг туман босқичида адабиёт йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.
"Шуъла ортидан" - Жасмина Элбекованинг илк шеърий тўплами нашрдан чиқди. Қуйида ижодкорнинг шеърларидан намуналар келтирар эканмиз, ҳам ижодда, ҳам ўқишда юқори чўққилар сари интилаётган туманимизнинг умидли ёш ижодкорига оқ йўл тилаб қоламиз!  
ШУЪЛА ОРТИДАН
Янгидан қўйсангиз сиз шахдам қадам,
Бўламан деб мудом кучли ва илдам.
Кўнглингизда бўлса нафрату алам,
Юринг сиз доимо шуъла ортидан.
Мадорингиз қуриб йиқилсангиз ҳам,
Ҳаётда ҳар доим қоқилсангиз ҳам.
Дилингиз оғриса, ўкинсангиз ҳам,
Юринг сиз доимо шуъла ортидан.
Бўлса юрагингиз гар тилка-пора,
Ўртаниб юрсангиз жуда кўп бора.
ўамга ботаверманг мудом, тобора,
Юринг сиз доимо шуъла ортидан.
Қани бир жилмайинг, йиғламанг ҳеч ҳам,
Қувончга тўлинг сиз, кучлисиз, бардам.
Ношукурлик қилманг, чекманг ҳатто ғам,
Юринг сиз доимо шуъла ортидан.
БОЛАЛИК
Беғубор дамларга бисёр у дамлар,
Беташвиш кунлар-у йўқдир аламлар.
Сенга парвонадир барча одамлар,
Қайдасан болалик, сени соғиндим.
Ҳаёт синовидан эдим мен йироқ,
Оғзимда хўрозқанд, қўлда қўғирчоқ.
Эслайман у гўзал дамларни ҳар чоқ,
Қайдасан болалик, сени соғиндим.
Шомгача ўйнардик ўртоқлар билан,
Баъзан ухлар эдик эртаклар билан.
Хаёлан учардик юлдузлар билан,
Қайдасан болалик, сени соғиндим.
Жасмина ЭЛБЕКОВА,
 3-мактабнинг 11-синф ўқувчиси.
Мавзуга оид: