Озон қатлами - она сайёрамиз қалқони
Маълумки, Озон қатлами она сайёрамизни қуёш нурининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилувчи сеҳрли қалқондир. Афсуски, ҳозирги вазиятда бу қалқоннинг ўзи ҳимояга муҳтож. Стратосферанинг бир қисми бўлган озон қатлами қуёш ультрабинафша нурларининг молекуляр кислородга таъсири натижасида вужудга келади ва ҳаётий фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади. Сайёрамизда экологик хавф-хатарлар миқдори ортиб бораётганлиги, шу жумладан, ёқилғининг органик турларидан фойдаланувчи иссиқлик электр станциялари ҳамда ички ёнув двигателларидан чиқаётган зарарли газлар туфайли атроф-муҳит ифлосланиши, атмосферага зарарли моддалар чиқиндисининг жуда катта миқдорда чиқариб юборилиши натижасида озон қатлами емирилиши инсониятни хавотирга солмоқда.
Ҳар йили 16 сентябрь - Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни дунё бўйича кенг нишонланишидан кўзда тутилган мақсад Ер шарини ҳимояловчи, инсон саломатлиги, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсининг соғлом ҳаёт кечириши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган озон қатлами емирилишининг олдини олиш тадбирларини самарали амалга ошириш, она табиатни асраш, атроф-муҳитни мусаффо сақлашни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборат.
Шу мақсадда мактабимиз ўқувчилари билан "16 сентябрь - Озон қатламини ҳимоя қилиш куни" мавзуси юзасидан тадбир ўтказилди. Тадбирда ўқувчиларга ушбу мавзу юзасидан батафсил маълумотлар бериш билан бир қаторда она-табиатни муҳофаза қилиш, унга тўғри муносабатда бўлиш борасида тушунчалар берилди. Мактаб ўқувчилари ҳам она-табиат, она Ватан ҳақидаги шеър ва қўшиқларидан ижро этишиб, тадбирнинг янада мазмунли ва қизиқарли ўтишини таъминладилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, озон қатламини емирувчи моддаларнинг аксарияти глобал исишни келтириб чиқарувчи газлар ҳисобланади. Шундай экан, озон қатламининг емирилиши мислсиз иқлим ўзгаришига, одамнинг иммун тизими пасайишига, тери саратони касаллиги кўпайишига, ўсимликлар ривожига, умуман, инсониятнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади.
Демак, озон қатламини муҳофаза қилиш масаласи бутунжаҳон ҳамжамиятини ҳамжиҳатликда фаолият юритишга ундайди. Шу мақсадда 1985 йили Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро ҳужжат - Вена конвенцияси қабул қилинди ҳамда 1987 йил 16 сентябр-да Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи ишлаб чиқилди.
Мухтасар айтганда, дунё ҳамжамияти томонидан озон қатламини тиклаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ҳисоб-китобларга кўра, асримиз ўрталарида мавжуд озон туйнуклари тўлиқ қопланиши кутилмоқда. Бунга Ўзбекистон ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётгани барчамизни мамнун этади.
Озода БОЗОРОВА,
51-мактабнинг география
фани ўқитувчиси.
ОЗОН ҚАТЛАМИ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ
- 22 сен, 13:58
Оқдарё соҳиллари ёрдамга муҳтож
- 24 фев, 09:57
ОЗОН ҚАТЛАМИ БИЗНИ НИМАЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛАДИ?
- 01 фев, 13:57
Саломатлик
- 21 янв, 14:51
Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22