КАСБ-ҲУНАРГА ЙЎНАЛТИРИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

Касбни тўғри танлаш инсон турмушида муҳим қадамдирЁш авлоднинг бутун ҳаётидаги муваффақият кўп жиҳатдан  касбнинг қанчалик тўғри танланишига боғлиқ. Касбни тўғри танлаш ҳар бир мактаб ўқувчисининг қизиқишига, майлига, қобилиятига ва имкониятларига мос бўлиши учун унинг соғлиғини, ўзлаштиришини ва ҳиссиётларини ҳисобга олиш лозим, булар ижтимоий фойдали ва унумли меҳнатда ҳаммадан кўра кўпроқ қарор топади ва намоён бўлади. Одам бажараётган ишларига ижодий муносабатда бўлиб, меҳнат унумдорлигини доимо ошириб борса, танлаган касбига зўр қизиқиш билан қараса, ўз ишининг ижтимоий аҳамиятини тушунса, унинг қобилиятлари меҳнатда такомиллашиб борса, ўшандагина у меҳнатдан қониқиш ҳосил қилади ва хурсанд бўлади, бундай ҳолда ҳар бир шахс жамиятга энг кўп наф келтиради. Мана шу айтган гаплардан касб танлашнинг ғоят муҳим ижтимоий аҳамияти келиб чиқади. Касб-корни эркин танлаш жуда катта аҳамиятга эга. Одам шуғулланаётган ишини яхши кўрса, бундан у хурсанд бўлади, қониқиш ҳосил қилади, зўр ташаббус кўрсатади, толиқмай меҳнат унумини оширади. Мактаб ўқувчиларининг касб танлаши онгли зарурият бўлиши ва айни вақтда жамият манфаатларига мос бўлиб тушиши, йигит ва қизларнинг камолот йўлида шахсий муддаоларини қондириши лозим. Бунинг учун юксак даражада маълумотли бўлиш зарур. Ҳозирги асримизда бундай маълумотсиз фан-техника илдам тараққий этиши мумкин эмас. Умуммеҳнат ва махсус малакаларни, касбга бўлган қизиқишларини шакллантиришнинг бундай имкониятлари объектив заминга эга бўлиб, воқеликда ҳар куни амалда оширилмоқда.

Касбга йўналтириш бу ҳар бир индивидумнинг ўзига хос индивидуал хусусиятлари ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ўз касбий ўрнини топиши учун шахсга таъсир этишнинг илмий асосланган шакл, усул ва воситалар тизимидир. У инсоннинг касбий қизиқиши ва имкониятлари ҳамда жамиятнинг аниқ бир касбий фаолият турига эҳтиёжларининг мутаносиблигига эришишга йўналтирилгандир. 

Касбга йўналтириш моҳият ва самарадорликни баҳолаш кўрсаткичларига кўра ижтимоий-иқтисодий категориядир. Касбга йўналтиришни ҳал этиш вазифалари бўйича ижтимоий-иқтисодий, тиббий-физиологик ва психологик-педагогик моҳиятга эга муаммодир. Касбга йўналтириш инсоннинг қобилияти ва иқтидорини мақсадли ривожлантиришда, унинг касб маҳорати, иш қобилияти ва саломатлигини асрашга имкон яратади ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва унинг бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим элементларидан бири сифатида намоён бўлади. Касбга йўналтириш шахснинг меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш, унинг ижтимоий ва касбий фаоллигини ошириш ҳамда мажбурий ишсизликнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди. Касбга йўналтириш тадбирлари инсон томонидан ўз касбий малакасини оширишнинг қулай шаклларини излаш, ижтимоий-иқтисодий ташаббускорлик, интеллектуал ва меҳнат  мустақиллигини ривожлантиради. 

Ёш авлодни онгли равишда касб танлашга тайёрлашга, уни ҳар томонлама ва баркамол ривожлантиришнинг шарт-шароити сифатида қаралади. Бу шахснинг маънавий, ақлий, меҳнат, эстетик ва жисмоний тарбияси, яъни барча ўқув-тарбия жараёни билан узвий бирликда амалга оширилади. 

Касбга йўналтириш қуйидаги қисм-ларни ўз ичига олади: 

Касбий ахборот, касбий маслаҳат, касбий танлов ва саралаш, касбий мослашиш. 

Касбий ахборот -  маълум бир касбни эгаллаш ҳоҳиши бўлган шахсга, турли мутахассисликларни эгаллашнинг шакл ва шароитларига, касбий малакаларнинг ўсиш имкониятларига меҳнат бозорининг ҳолати ва эҳтиёжига, касбий қизиқишларнинг шаклланишига, шахснинг истак ва кўникмаларига қўйилган талаблар ҳамда замонавий касбларнинг истиқболи ва мазмуни тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, тарғибот қилиш чора-тадбирларидир. 

Касбий маслаҳат - касб танлаш ёки фаолият турини ўзгартиришда ёрдамга муҳтож бўлган шахснинг индивидуал-психологик хусусиятлари, шахсий фазилатлари, касбий қизиқишлари, мойиллиги, соғлиги ва меҳнат бозори эҳтиёжларини ўрганиш асосида психологик-маслаҳатчи билан илмий ташкил этилган ўзаро мулоқот тизимидан иборат. 

Касбий танлов ва саралаш - касбий фаолиятнинг алоҳида турларига яроқлилик даражасини аниқлашга йўналтирилган шахснинг психофизиологик хусусиятлари (танлаш) ёки аниқ бир касбга бўлган психофизиологик меъёрий талаблар (саралаш) асосида шахсни ҳар томонлама ўрганиш тизимидир. 

Касбий мослашиш - ишлаб чиқаришда касбий фаолиятнинг ижтимоий-психологик ва ташкилий-техник шароитларига шахсни мослаштиришга, уни муваффақиятли равишда касбни эгаллаши учун шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган чораларнинг мажмуавий тизимидир. 

Профессиография (ахборот, ташхис, коррекцияловчи, шакллантирувчи) ва касбий ташхис (шахсни ўрганишнинг психологик, психофизиологик, тиббий ва бошқа усулларининг мажмуи) касбга йўналтиришнинг ахборот услубий кетма-кетлигининг асоси ҳисобланади. 

Ўқувчилар касбларни таҳлил қила олиши; ўзларининг шахсий сифатларини, қизиқишини ва саломатлик даражаларини тўғри баҳолай олишлари, касбларнинг инсонга қўядиган талаблари билан ўзларининг индивидуал хусусиятларини таққослай олишлари, шахсий касбий режаларини туза олишлари зарур.

Ўқувчилар Халқ хўжалиги асослари бўлими бўйича халқ хўжалиги соҳаларини, халқ хўжалигида рўй бераётган ислоҳотларни, бозор иқтисодиёти талабларини, давлат хусусий корхоналарини, кооперация, фирма, ширкат, концернлар, уларда ишлаб чиқаришни ташкил этиш шакллари, технологик жараёнлар, маҳсулотларни тайёрлаш босқичлари, табиатни ишлаб чиқаришнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш, маҳсулот қийматини арзонлаштириш йўллари, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг даврийлигини, маромли, оқимлиги; ишлаб чиқаришни режалаштириш, ирригация ва мелиорация ишларини; меҳнат қонунчилигини. 

Касб-ҳунарга йўналтириш ишларини ривожлантиришнинг асосий босқичлари. 

Касб-ҳунарга йўналтириш ишларини ривожлантиришнинг асосий босқичлари қуйидагича: 

Биринчи босқич (мактабгача таълим ёши) мактабгача таълим ёшидаги болаларда (катта гуруҳ) меҳнат билан банд бўладиган инсонларга, уларнинг машғулотларига, шунингдек, қўлларидан келадиган фаолият турлари бўйича дастлабки меҳнат кўникмаларини ижобий, ҳиссий-таъсирчан шакллантириш; 

Иккинчи босқич (1-4 синфлар)  кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда билишга оид ва ўйин кўринишидаги ижтимоий-фойдали меҳнат фаолиятини амалга татбиқ қилиш орқали, меҳнатга ҳурмат, унинг инсон ҳаётида ва жамиятда тутган ўрнини англашини, ота-оналарининг касбларига ҳамда оммавий касбларга бўлган қизиқишини ривожлантириш; 

Учинчи босқич (5-7 синфлар) ўсмирлар касбий йўналтирилганлик бўйича касб танлаш ва жамиятдаги ўз ўрнини топиш билан боғлиқ бўлган қизиқиши, қобилияти, ижтимоий қадриятларнинг изланувчан  синчков кўринишларини шакллантириш; 

Тўртинчи босқич (8-9 синфлар) ўқувчиларда касбий ўзликни англашни шакл-ланиш даври, яъни ўқувчиларни аниқ бир касбни танлашнинг шахсий маънога эгалигини тушуниб етиши, қадриятлар тўғрисидаги ўз тасаввурларини, фаолият соҳасини танлашнинг жамият мақсадлари билан қиёслай олишини шакллантириш даври; 

Касб-ҳунарга йўналтириш ишларини умумий илмий-методик таъминоти, тегишли тоифали ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ижтимоий-иқтисодий, психологик-педагогик ва тиббий-физиологик муаммолари бўйича илмий текширишларни мувофиқлаштириш ишларини Ўзбекистон Республикаси Халқ талими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика Ташхис маркази амалга оширади. 

Агар болалар эркин фикрлашни ўрганмаса, берилган таълим самараси паст бўлиши муқаррар. Албатта, билим керак. Аммо билим ўз йўлига. Мустақил фикрлаш ҳам катта бойликдир. 

Мухлиса ОМОНОВА,  

туман 1-сон касб-ҳунар мактаби психологи.