ОҚДАРЁ ИЖОДКОРЛАРИ ТОШКЕНТДА

Тошкентга ижодий сафар қилиш режаси Оқдарё ижодкорлари, "Оқдарё овози" газетаси қошида ташкил этилган "Навниҳол" тўгараги жамоасининг йиллаб кутган орзуси эди. Мамнуният билан таъкидлаб айтамизки, туманимизнинг "Оқдарё овози" газетаси қошида 50 йиллардан буён "Навниҳол" ижодий уюшмаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Оқдарё фарзандлари бўлган Орзиқул Эргашев, Суръат Орипов, Тоҳир Долиев, Эркиной Қарши- ева, Кубарро Баҳромова, Нурулла Нарзуллаев, Дилдора Мардиевалар бугунги кунда республикамизнинг таниқли ижодкорлари сафида эканлигидан фахрланамиз. 
Тошкентга ижодий сафаримизнинг энг муҳим аҳамиятга молик томони шундан иборат бўлдики, Оқдарёдан борган ижодкорлар пойтахтдаги тумандош ижодкорларимиз билан учрашдилар, юртдошларимиз бир-бирлари билан дийдорлашдилар. Пойтахтлик ижодкорларимиз она юртлари Оқдарёдан ташриф буюрган 50 нафар ижодкорга Ўзбекистон марказий телерадиокомпаниясида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, А.Қодирий номидаги ижод мактабида ва шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойларини зиёрат этишда бизга ҳамроҳ бўлдилар.                                                                        
Ёш ижодкорларимиздан Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев, Фаёз Раббонаев, Гулҳаё Анорова, Чарос Қурбонова, Машҳура Ворисова,   Озода Ўроқова, Озода  Қурбонмуродова, Тўлғаной Гадоева, Ойжамол Шодиевалар, ўқувчи шогирдларимиздан Гулчирой Абдуғаниева, Шаҳзода Ваҳобова, Камолхон Илашев, Гулсанам Абдулакимова,  Кўҳинур, Моҳинур  Исомиддиновалар, Дурдона Қурбонова, Холида Очилова  каби адабиётнинг наср ва назм ихлосмандлари йил давомида баракали ижод қилишди. Туманимиз халқи, маҳалла ва ёшларимиз орасида ташкил этилаётган адабий-маданий тадбирларда фаол қатнашдилар. Туманимизнинг таниқли шоири, фаол тарғиботчи, ёшларимизнинг севимли устози Наврўз Ҳасановни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги вилоят бўлимининг қарори ва бу борада  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг номзод ижодига берган таърифини барча ижодкорларимиз олқишладилар.    Тошкентда ўтказилган тадбирларда, мушоираларда туманимиз ёшларининг овози янграб турди. Биз Тошкент адибларига туҳфа, тўёна сифатида бир эмас, иккита баёзимизнинг чоп этилаётганлиги тўғрисидаги хабарни олиб бордик. Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида қатор йиллардан буён анъанавий давом этиб келаётган "Оқдарё баёзи" китобининг 4-нашри ҳамда Республика, вилоят, туман Ёшлар агентликлари ташаббуси билан ташкил этилган  ёш ижодкорлар "Ёшлар баёзи" тўпламининг "Маҳорат" нашриётида чоп этилиш арафасида турганлиги ижод аҳлининг қалбига қувонч бағишламоқда.  
2022 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фаоллар залида Самарқанд вилояти Оқдарё тумани "Навниҳол" ижодий жамоаси бошчилигида Тошкентда яшаб ижод қилаётган ижодкор юртдошларимиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази,  Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими вазирлиги туман бўлимларининг вакиллари, туманимиздаги умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда таниқли адиблар жам бўлдик. Бизни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳамда уюшма маъмурияти мамнуният билан кутиб олишди. Уюшма аъзолари Орзиқул Эргашев, ўайрат Мажид, Ботир Эргашевлар билан ижодий учрашувимиз кўтаринки руҳда ўтди. Сирожиддин Саййид ёшларимиз билан юзма-юз мулоқот қилди. Уларнинг фикрларини эшитди. Бугунги адабий жараёнлар, китоб мутолааси, ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, ижодни, адабиётни севиш, берилган имкониятлардан кенг фойдаланиш ҳақида сўз юритди. Устозлар билан ўтган илиқ хотираларини ёдга олди. Йиғилганларга "Шеърият" номли шеърини ўқиб берди.
Шундан сўнг адиблар ёшларнинг ижод намуналарини тинглашди. Учрашувда Наврўз Ҳасанов, Чарос Қурбонова, Ойжамол Шодиева, Озода Қурбонмуродова, Тўлғаной Гадоева, Шаҳзода Ваҳобова каби ёш ижодкорлар шеърларидан намуналар ўқиб беришди.
- Бугунги тадбирда   "Навниҳол" тўгарагининг уч авлод вакиллари қатнашмоқда, - деди тўгарак аъзоси, таниқли ёзувчи Орзиқул Эргашев.
Ижодкорлар даврасида ёшларимиз янада илҳомланиб, суҳбатимиз шеърхонликка айланиб кетди. Бу эса бугунги ниҳолларнинг адабиётга, ижодга бўлган иштиёқидан далолатдир. Устознинг ижодкорлар билан очиқ мулоқотда бўлиши ёшларнинг келгусидаги ижодий изланишларида катта мактаб вазифасини ўтайди.
Тадбир қатнашчиларига Ёзувчилар уюшмаси томонидан Сирожиддин Саййиднинг "Сўзмунчоқ", Орзиқул Эргашевнинг "Юлдузсиз осмон", ўайрат Мажиднинг "Йўлдаман, нурли йўлда", Гавҳар Ибодуллаеванинг "Ватан сийрати"дан иборат китоблар жамланмаси совға қилинди.
Адиблар билан учрашув тугагач,  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тарихий музейида бўлдик. Ундаги дурдона китоблар, экспонатларни музей мутахассиси Мунира Рамазонова яқиндан таништирди. Бизнинг музей тарихи ҳақидаги саволларимизга жавоб берди.
Адиблар хиёбонига қилган саёҳатимиз  янада таассуротли бўлди. Устоз адибларнинг ҳайкалларига, Ҳазрат Навоий пойига гуллар қўйдик. Бир сўз билан айтганда, оқдарёлик ижодкорлар адабиёт ўчоғидан эсда қоларли хотираларга эга бўлиб қайтдик. Журналист Зулайҳо Аҳмаджонова ҳамда Ўзбекистон телевидениеси "Маданият ва маърифат" телеканалининг ижодий жамоаси биз билан доимий ҳамроҳ бўлди.  
Тарғиботчиларимизнинг асосий вазифаларидан бири иқтидорли ёшларни ижод мактабларига йўналтиришдир. Шу мақсадда ташриф буюрганимиз "Абдулла Қодирий ижод мактаби"даги жамоа вакиллари билан учрашувларимиз ёшларимиз қалбида ижод мактабларида ўқиш учун катта иштиёқ уйғотди. Айниқса, тумандошимиз, 48-мактабнинг собиқ ўқувчиси, Қодирий мактабининг 10-синф ўқувчиси Гулсанам Абдулакимова билан мулоқо- тимиз, Гулсанамнинг мактаб ҳақидаги маълумотлари, синф хоналари, актёрлик, касб-ҳунар, рассомлик, кутубхона ва бошқа қулайликлар ҳақида бизга сўзлаб бериши тенгдош дўстларининг эътиборини тортди. Ёш "Навниҳол"чиларимиз, албатта, ижод мактабларида ўқишни ўз олдиларига улкан мақсад қилиб қўйдилар.
Ижодий сафаримизнинг энг гўзал саргузаштлари кечки дам олиш пайти "Дўрмон ижод уйи" атрофидаги  бетакрор хотиралар билан боғланди. Устоз шоир Абдулла Орипов, Зулфияхоним, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов ва бошқа ёзувчи, шоирларимиз яшаган уйлар остонасида туриш, ўафур ўулом, Ҳамза, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Ҳамид Олимжонлар қадами теккан заминга қадам қўйишдек ҳаяжон қалбларимизни ишғол этди. Устозлар суҳбат қурган, ижод қилган ушбу шинамгина айвончаларда оқдарёлик ижодкорлар ҳам йиғилдилар. "Дўрмон оқшомлари" мушоираси давом этди. Оқдарёдан ташриф буюрган барча шоирлар ашъор ўқидилар, носирларимиз дил сўзларини изҳор этдилар. Гўёки, Оқдарё тўлқинларини   Дўрмон қучаётгандек, шоирларнинг овозини устоз шоирлар  руҳи тинглаётгандек, Дўрмон оқшомлари мушоираси ёшларимиз қалбида абадий хотира қолдирди.   
Ижодий сафаримизнинг иккинчи куни  Мустақиллик майдонида сайр қилдик.    Тинчлик, Ватанга садоқат, эътиқод ва қаҳрамонлик тимсоли бўлган "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гуллар қўйдик.   Кундан-кун яшнаётган Тошкент жамолига ошуфта бўлиб, гўзал шаҳарни томоша қилдик, кўнгил очар масканларда дам олдик. Сафаримиз тугаб, она Оқдарёмиз бағрига қайтар эканмиз, ёшларимиз ҳамда устоз тарғиботчиларимиз  беҳад хурсанд, келгуси ўқув йилидаги ижодий    ишларига улкан режалар тузиб, илҳом ва  куч-қувват топиб қайтдилар.  
Оқдарё ижодкорлари ҳамиша Оқдарё халқи билан, она юртимиз билан  ҳамнафас, ҳамкордир. Ижодингизга барака, Оқдарёнинг шеърюраклари!
Ойгул Маматова,
Ўзбекистон Ёзувчилар 
уюшмасининг аъзоси.