Ҳуқуқшунос маслаҳати

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

- Биз икки нафар фермер хўжалиги экин майдонларимизни бир-биримизга тақдим қилишимиз мумкинми? Яъни, фермер хўжалигимиз еридан қўшни фермер хўжалигига 5 гектар берсам бўладими?

- Бир нарсага алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Фермер хўжаликларининг экин майдонига нисбатан фермерда мулк ҳуқуқи мавжуд эмас. Қонунчилигимизга кўра, ер давлат мулкидир. У фермерларга узоқ муддатга ижарага берилади.

Ер майдонида етиштирилган ҳосилга нисбатан фермерда мулк ҳуқуқи мавжуд, аммо ерга нисбатан эмас. "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунда белгиланишича, фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Улар хусусийлаштирилмайди, шу-  нингдек, олди-сотди, гаров, ҳамда айирбошлаш объекти бўлиши ва иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмас.

Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредитлар олишда фермер хўжалиги томонидан гаровга қўйилиши мумкин. Фермер хўжалигига берилган ер участкаси фермер хўжалиги қайта ташкил этилган тақдирда, агар ер участкасининг бўлиниши натижасида янги ташкил этилган ер участкаларининг ўлчами ушбу қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган энг кам ўлчамлардан кам бўлмаса, бўлиниши мумкин.

Фаолият кўрсатаётган, қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкалари махсус ташкил этилган комиссия ўтказган танлов якунларига кўра, туман ҳокимининг қарорига асосан берилади.

Булардан кўриниб турибдики, икки нафар фермер ўзаро экин майдонларини бир-бирига тақдим этиш ҳуқуқига эга эмас. Бунинг учун берилган ер участкасининг бир қисмини ўз розилиги билан давлатга топширганда, иккинчи фермер хўжалиги танлов асосида уни ўз ер участкасига қўшиб олиши мумкин.


Шавкат ҚУРБОНОВ,

ҳуқуқшунос.


Мавзуга оид: