Тўйхат ўрнида КАМТАРЛИКДАН КАМОЛ ТОПГАН ИНСОН

Одамий эрсанг, демагил одами,
Оники йўқдир, халқ ғамидин ғами.
                          Алишер Навоий.
Ҳар гал буюк Навоийнинг юқоридаги сатрларни ўқиганимда кўз ўнгимда ўзининг бутун ҳаёти давомида инсонларга яхшилик қиладиган замондошларимиз кўз олдимга келади. Ана шундай инсонлардан бири кўп йиллар туман почта бўлимига раҳбарлик қилган камтарин ва фидойи инсон Иззатулла Бектемировдир. Ёш бўлсада кўпчиликка бош бўлган бу инсон тумандошларимиз ўртасида ўзининг меҳнатсеварлиги, камтарлиги, ташаббускорлиги билан ҳурмат қозонганлигини ҳам яхши биламиз. Шу ўринда Иззатулланинг босиб ўтган ҳаёт йўлига бир назар ташласак. 
Биз ҳикоя қилаётган инсон Иззатулла Бектемиров 1978 йилда 8-синфни битиргач, тумандаги 192-сонли ҳунар-техника билим юртида ўқиди. Ўқиш давомида барча фанларни аъло баҳолар билан ўзлаштирди. Шу боис билим юртини имтиёзли диплом билан тугатди. Шундан сўнг бир муддат хўжаликда бригада ёрдамчиси вазифасида фаолият кўрсатди. 1981-83 йилларда ўз йигитлик бурчини Афғонистон давлатида ўтади. Ҳарбий хизматдан қайтгач туман колхозлараро қурилиш ташкилотида меҳнат қилди. 1986-88 йилларда Самарқанд молия техникумида ўқиди. Ўқишни битиргач туман матбуот бўлимида катта ҳисобчи, почта алоқа тармоғида бош ҳисобчи вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилди. 1996-2012 йилларда эса туман почта бўлимини бошқариб ўнлаб, юзлаб шогирдлар тайёрлади. Бир муддат Иштихон почта алоқа тармоғи раҳбари сифатида фаолият кўрсатди. 2015-2017 йилларда туман почта алоқа бўлимида иқтисодчи-тафтишчи вазифасида, 2018-2019 йилларда Пайариқ туманлараро почта боғланмасида бошлиқ ўринбосари сифатида меҳнат қилган бўлса, 2019 йилдан буён туманимиз почта алоқаси боғланмаси бошлиғининг ўринбосари сифатида самарали меҳнат қилиб келаяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Иззатулла 2004-2009 йилларда халқ депутатлари туман кенгашининг депутати сифатида бир қатор кўз қувонадиган хайрли тадбирларни амалга оширди. Ўз округида сайловчилар томонидан берилган мурожаатларни ўз вақтида ҳал қилиб одамларнинг ҳурматини қозонди.
- Иззатулла билан кўп йиллар бир ташкилотда меҳнат қилганмиз, - дейди туман почта бўлимида бош ҳисобчи вазифасида меҳнат қилган Ҳабиба Ҳакимова. - У ҳамиша адолатпарвар ва ташаббускор раҳбар сифатида фаолият юритганлигини кўп бор гувоҳи бўлганман. Ўша пайтлари тумандаги барча пенсионерлар нафақаларни почта орқали олишарди. Айрим ҳолларда моддий ёрдамга муҳтож бўлган пенсионерлар ишхонамизга келиб ёрдам беришларини сўраган пайтларда ҳам бошлиғимиз уларни очиқ чеҳра билан қабул қилиб, илтимосларини бажаришга ҳаракат қиларди. Бир сўз билан айтганда хонасига келган ҳар бир киши хурсанд ҳолда ортига қайтарди. Шу кунларда ўзининг олтмиш йиллигини нишонлаётган бу укамизга узоқ умр тилаймиз. Юз билан юзлашиб юришини яратгандан сўраймиз.
- Иззатулла ака билан қисқа муддат ишлаган бўлсакда у кишидан кўп нарсани ўргандим, - дейди Иштихон туман почта бўлимининг бошлиғи Темур Ражабов. - Айниқса, у кишидаги ҳақиқий раҳбарларга хос бўлган ташаббускорлик ва адолатпарварлик бизга жуда ёқарди. Энг муҳими у киши қабулга келган ҳар бир мижознинг дардини унинг сўзини бўлмасдан эшитарди. Шу боисдан ҳам бизда қисқа муддат ишлаган бўлсада Иштихонликларнинг ҳурматини қозонганлигини фахр билан айтишим керак.
- Иззатулла билан ёшликдан бирга ўсганмиз, - дейди синфдоши Насриддин ўаффоров. - У синфимиздаги энг аълочи ўқувчилардан бири бўлганлигини ҳам алоҳида таъкидлашим керак. Доимо камгап, китоб ўқишни хуш кўрадиган бу дўстим ҳамиша синфдошларига яхшилик қилар, айрим фанлардан ўзлаштира олмасак дарсдан кейин бизга эринмасдан ўргатарди. Ҳозирги кунларда ҳам тез-тез кўришиб турамиз. Қишлоғимизни обод қилиш ҳақида фикрлашамиз. Бир сўз билан айтганда шундай садоқатли дўстим борлигидан   фахрланаман.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Иззатулла турмуш ўртоғи Нигора Ёқубова билан тўрт нафар фарзандини тарбиялаб вояга етказган. Катта қизи Зарифа ва ўғли Бунёд тадбиркорлик билан шуғулланиб элга хизмат қилишаётган бўлишса, Темурбек Самарқанд давлат архитектура қурилиш институтини битириб туман электр тармоқлари корхонасида фаолият кўрсатмоқда. Кичик қизи Зарина ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиб элда олқиш олмоқда.
- Ҳаётингиздан мамнунмисиз, дея сўрайман юз кўзларидан меҳр ва ғайрат-шижоат ёғилиб турган Иззатулладан.
- Албатта мамнунман, - дейди у қувонч билан. Чунки серқуёш ҳур ўлкада яшаётганлигимдан озми кўпми юртдошларимга ёрдам қилаётганлигимдан ва фарзандларимни Она Ватанимга муносиб тарзда тарбиялаётганлигимдан хур-    сандман. Айниқса муҳтарам Президентимиз томонидан йилдан йилга халқ фаровонлигини ошириш борасида қабул қилаётган қарорлари жойларда ўз натижасини кўрсатаётганлиги барча қатори мени ҳам мамнун этади. Шу билан бирга жойларда ободонлаштириш борасида қилинаётган ўзгаришлар ҳам кўзни қувонтирмоқда.
- Шу кунларда ўзингизнинг олтмиш ёшли юбилейингизни нишонламоқдасиз. Фурсатдан фойдаланиб, газетамиз жамоаси номидан сизни шу сана муносабати билан муборакбод этамиз. Чунки сиз ҳам кўп йиллар газетамиз таҳририяти билан ҳамкорликда меҳнат қилган инсонлардан бирисиз. Шундай эмасми?
- Табрик учун сизлардан миннатдорман. Ўзингиз таъкидлаганингиздек таҳририят билан почта бўлими доимо ҳамкорликда иш олиб борган. Эсингизда бўлса ҳар йили почта бўлими томонидан 2000 нафардан ортиқ пенсионерлар обуна бўлишарди. Афсуски, кейинги пайтларда пенсионерлар томонидан деярли обуна қилинмаяпти. Истардикки, нафақадаги тумандошларимиз ҳам ихтиёрий равишда обуна бўлишса туманда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлишарди.
Биз мақолани тайёрлаш жараёнида Иззатулла Бектемиров ҳақида ўнлаб кишилардан илиқ фикрларни эшитдик. Фурсатдан фойдаланиб, ўзининг олтмиш ёшини нишонлаётган камтарин, ташаббускор ва фидойи укамизни юбилейи билан муборакбод этамиз. Ойдин орзуларингиз амалга ошсин, элга хизмат қилишдан асло чарчаманг, укам Иззатулла деймиз.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: