Жиноят ва жазо

ФИРИБГАРЛИКНИНГ ОЛДИ ОЛИНДИ

қонунбузарликнинг катта-кичиги бўлмайди. Чунки, жамиятимизда қонун бузилишига йўл қўйган ҳар қандай шахс қилган иши учун жавобгардир. Буни албатта ҳар бир киши жуда яхши билади, лекин шундай шахслар ҳам борки, била туриб қинғир ишга қўл уришади. Оқибатда эса қилган ишидан минг пушаймон бўлади, лекин унда анча кеч бўлади.

Шуҳрат Шерматов ёши олтмишдан ошиб, фарзандлари, набираларига ибрат бўлиб яшаш ўрнига, қинғир ишга қўл уриб, фирибгарлик йўли билан мўмай даромад қилишдек қабиҳ ишга қўл урди. Лекин у бу фирибгарлик ишини охирига етказа олмади. Негаки, Департаментнинг вилоят бўлими ва Оқдарё туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Шуҳрат Шерматовнинг фирибгарлиги фош этилиб, далилий ашё билан қўлга олинди.

Аслида Пастдарғом туманида туғилган, 63 ёшли, 7 нафар фарзанднинг отаси бўлган Шуҳрат Шерматов Тайлоқ туманида яшовчи Т.Шукуровга ҳайдовчилик гувоҳномасини тўғрилаб бериш эвазига вилоят ИИБ ЙҲХБда ишловчи танишига бераман деб, Т.Шукуровни мансабдор шахсга пора беришга даъват қилиб, ундан жами 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беришни талаб қилади.

Шунга кўра фуқаро Т.Шукуров ўзига нисбатан қонунсиз ҳаракатлар қилинаётганлигини англаб, Шуҳрат Шерматовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб Департаментнинг Оқдарё туман бўлимига ариза билан мурожаат қилди.

Ушбу ариза асосида Департаментнинг вилоят бошқармаси ва Оқдарё туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда судланувчи Ш.Шерматов фуқаро Т.Шукуровнинг ишончини суиистеъмол қилиб, унга ҳайдовчилик гувоҳномасини тўғрилаб бериш эвазига вилоят ИИБ ЙҲХБда ишловчи танишига бераман деб, 2020 йил 27 июнь куни Самарқанд туман тиббиёт бирлашмаси олдида Т.Шукуровдан кимёвий ишлов берилган 3.051.828 сўмга тенг бўлган 300 АҚШ долларини шахсан ўзи қасддан фирибгарлик йўли билан олганда ушланди. Ундан ушбу пуллар ашёвий далил сифатида олинганлиги сабабли, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда фирибгарлик жиноятини охирига етказа олмади.

Судланувчи Шуҳрат Шерматов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан узил-кесил 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.


Б.ХАЛИЛОВ,

Департаментнинг туман бўлими

 бошлиғи, адлия маслаҳатчиси.

Мавзуга оид: