Оқдарё ижодкорлари

СОҒИНЧ
Мени оташ бўлиб қучади шаҳар,
Тун-у кун излайман соғинчга малҳам.
Мен учун кулчалар ёпар ҳар саҳар,
Олис қишлоқдаги онажонгинам.
Бунда хаёлларим билмайди сарҳад,
Шаҳар шовқини гоҳ ўғирлар тинчим.
Юрак-юрагимни ўртайди фақат,
Олис қишлоқдаги онам соғинчи.
Баланд биноларга бойланди қалбим,
Авради шаҳарнинг қалдирғочлари.
Кун сайин оқариб борар тонг каби,
Олис қишлоқдаги онам сочлари.
Энг баланд дорларга чўздим қўлимни,
Дилни осонгина алмашдим тошга.
Ҳеч ким тушунмади менинг кўнглимни,
Олис қишлоқдаги онамдан бошқа.
Зилдай соғинчларни елкамга илиб,
Шаҳар баҳо қўшар қадрим нархига.
Жуда кетгим келди болакай бўлиб,
Олис қишлоқдаги онам бағрига.
Майли тарк этмасин мени соғинчим,
Майли ғам ўртасин синиқ жонимни.
Оллоҳим, паноҳ бўл, асра мен учун,
Олис қишлоқдаги онажонимни.
* * *
Сенсиз…
Юзларида нур йўқ осмоннинг
Бу тонгларнинг истараси йўқ.
Сафлари кенг ранги сомоннинг,
Оч дунёнинг иштаҳаси йўқ.
Вужудимдан отилмас вулқон,
Тўрт фаслнинг ранглари чалкаш.
Йўллар узун, манзиллар гумон,
Орзуларга армонлар уйқаш.
Сочларимда тонглар отади,
Тун қолмади бир толада, боқ.
Ҳали чиқмай қуёш ботади,
Қароғимда кўз ёрар булоқ.
Чиркин дунё чир айланмади
Баҳорларим дўнар куз бўлиб
Томиримга ишқ бойланмади
Мен қоламан мангу муз бўлиб!
Сенсиз…
ҚИШЛОҚҚА МАКТУБ
Олис қишлоқ, яқин қадрдон!
Тиниқ осмон, хира кўчалар.
Эски ёшлик ва "Янгиқўрғон"
Қора қумғон, оппоқ кечалар!
Бормисиз омон!
Юрагимнинг гардидан катта,
Отам чопган кетмоннинг дарди.
Топиларми бу коинотда
Онам ёпган ширмойнинг ҳиди
Соғиндим ёмон!
От бўлишга кўндирган укам,
Йиғлаганда кулдирган дўстим.
Чўп отимни синдирган акам,
Чўп отига миндирган дўстим,
Кўраман қачон?!
Оёғимдан қопган кўппакча,
Яланг оёқ чопган болалик.
Опам менга ёпган кўрпача,
Биз тоғ дея топган тепалик.
Тоғмисиз ҳамон!
Юлдуз санаб ухлаган нигоҳ,
Сойга айтган тушини ёлғиз.
"Севиб қолиш энг оғир гуноҳ"
Мени кўрса қочган қўшни қиз.
Кетдинг қай томон?
Умидинг кўп битта сатангдан,
Кўнглим оқу "бети қора*"ман.
Кетган эдим тупроқ кўчангдан,
Асфалтлардан юриб бораман,
Бораман ишон!!!
* * *
Борай десам йўлларимни тўсар ағёр,
Ҳижронларнинг бўйи ҳар дам ўсар
такрор.
Ўртамизда поёни йўқ дарёлар бор,
"Дарё тошқин, сувлар тўлқин
ўтолмайман".
Тақдирда не, пешонамга шу ёзилар,
Айрилиққа ҳукм ўқир бу қозилар.
Бунча олис сенга элтар у манзиллар,
"Отим ориқ манзилимга етолмайман".
Соғинч ҳисси қаримайди, ўлмайди ҳеч,
Қуёш чиқар, хонам нурга тўлмайди ҳеч.
Суратингни сийпалайман бўлмайди ҳеч,
Шу ёшда ҳам кўз ёшимни тутолмайман.
Дерлар, "Ошиқ муҳаббати гар чин бўлса,
У дунёда учрашарлар улар ўлса".
Дийдор ҳисси юрагимни тиғлаб турса,
Ўлимимни жимгина ҳам кутолмайман.
Фарҳод РЎЗИЕВ.
Мавзуга оид:

Шеърият саҳифаси
- 22 мар, 01:51

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00