Қалбдаги сўзлар Минг ташаккур сизга, меҳри дарё инсонлар

2013 йил август ойларининг бошлари эди. Яқинда тўй қилиб олган келиним шаҳар туғруқхонасида даволаниш учун ётган эди. Келинимни кўриш учун шаҳарга бормоқда эдим. Ана шу вақт узоқ вақт кўрмай кетган жияним Нуралини машинасига ўтириб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик, келинни, болаларини сўраб суҳбатлашиб кетдик. Нуралининг ҳам бошига анча ташвишлар тушган экан. Мен бундан бехабар эдим. Чунки, инсонлар турмушга чиқиб, бола-чақали бўлгач ўз ташвишлари билан бўлиб, қариндош-уруғлардан ҳол-аҳвол сўрашга ҳам вақт топмас экан. Иш - рўзғор - фарзанд тарбияси. 
Ҳа, ҳаёт шу экан-да. Шундай хаёллар билан кетар эканман, Нуралининг: "Ҳа, амма нега ҳорғин кўринасиз, нима бўлди, соғлигингиз жойидами", деган гапларини эшитиб ўзимга келдим. Мен унга келиним туғруқхонада эканлигини, тўйдан чиқиб чарчаганлигини айтдим. Нурали менга далда берди ва мени уйига олиб боришини, хотини билан таништиришини айтди:
- Амма, бироз дам олиб келинингиз билан танишиб кетасиз, мен сизни кутиб тураман, деди.
Мен келиним ёнига кириб кетдим. У ердан чиқсам, Нурали мени кутиб турган экан. Бу ҳурматни кўриб жуда қувониб кетдим. Биз Нуралининг хонадонига кириб борганимизда бизни юзидан нур ёғилиб турган чиройли бир аёл ва 10 ёшлар чамасида бир қизча юзида табассум ила кутиб олди. Худди аввалдан кўриб қўйгандек, саломлашиб: "Вой, аммажон келинг, хуш келибсиз, марҳамат", дея пешвоз чиқди. Қизча эса бағримга отилди. Бундай муносабатни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Шунда Нурали: 
- Амма бу келинингиз бўлади, Адолат Зиётова, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бу қизим Анора бўлади, деб уларни таништирди. - Бу эса менинг аммам, ҳам устозим, мактабда математикадан дарс берган, синф раҳбарим бўлган, азиз ўқитувчим, деб мени уларга таништирди. Уларнинг бир-бирига бўлган ҳурматини кўриб жуда қувондим. Мен келин билан суҳбатлашар эканман, бу аёлдаги самимиятни, муомалани кўриб, қалбимда бир илиқлик пайдо бўлди. Ўша куни суҳбатимиз анча вақтгача давом этди. Келин мендан анча ёш бўлсада, ҳаётда кўрган, эшитган, ўқиган нарсалардан мисоллар келтириб, мени кўнглимни анча кўтарди. Суҳбат жараёнида  унинг Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини тугатиб, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Самарқанд бўлимида аспирантурада таҳсил олганлигини ва илмий иш билан шуғулланишидан хабардор бўлдим. У билан суҳбатлашар эканман, гўё менга ҳаёт сабоғидан дарс бераётгандек сўзларини жон қулоғим билан тинглардим. Соғ-лигимга эътибор беришимни қайта-қайта такрорлаб, энг яқин кишисига ғамхўрлик қилаётгандек муомала қилар эди.
Ўша кундан бошлаб мен ҳаётга бошқача назар билан қарай бошладим. Бу камтарин инсоннинг ҳар бир сўзи катта маънога эга эдики, ушбу сўзлар ҳар қандай инсон қалбига таскин берувчи, қалбингиздаги ғам-аламларни тарқатиб юбориб, вужудингизга илиқлик олиб келар эди. Ўша кундан бошлаб бу оилага нисбатан менинг қалбимда меҳр уйғонди. Менимча, келинда ҳам худди шу туйғулар мужассам эди. Биз бир-биримизни тушунган эдик.
Нурали билан келин ҳар томонлама бир-бирига муносиб жуфтлик эдилар. Фарзанди Аноранинг тарбиясида ҳам уларнинг роли жуда катта эканлигини яққол кўриш мумкин эди. Аноражон ҳам ақлли, зукко, катталарни ҳурматини жойига қўядиган одобли қиз бўлиб вояга етмоқда. Ўша кундан бошлаб бизнинг орамизда яқинлик, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб туриш одатга айланди.
Мен бироз бетоблигим туфайли Чирчиққа даволаниш учун кетдим. Чунки, мен ўша ердаги "Атлант" хусусий клиникасида даволаниб турар эдим. Клиникадаги кордиолог врач юрагимдаги жиддий ўзгаришни кўриб, ётиб даволанишимни маслаҳат берди. Лекин мен шароитга кўра даволанишимнинг тўлиқ курсини уйда(қизимнинг уйида) олишга рухсат олдим. Мен уйда даволансамда, мана шу қалби дарё икки инсон Самарқанддан Чирчиққа мени кўриш учун боришди. Уларни кўриб шу даражада қувониб кетдимки, юрагимдаги оғриқ қайга кетганлигини билмайман. Чунки улар 400 километр масофани босиб ўтиб, мени кўргани борган эди-да. Ўзимни жуда енгил ҳис қила бошладим. Келиним Адолат Зиётова менга "Инсонийлик" деб номланган китоб совға қилди. Мен жуда хурсанд бўлдим. Руҳан тетиклашдим. Бу китобда инсон ўз руҳиятини кўтариш учун ўзи ҳаракатда бўлиши кераклиги, ҳар томонлама соғлом турмуш тарзига амал қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилган эди.
Биз кун бўйи суҳбатлашиб ўтирдик. Уларнинг мана шу суҳбатидан ҳам мен ўзимга катта бир маънавий озуқа олдим. Ўша куни кечга бориб  бу меҳрибон инсонлар мен билан хайрлашиб, Самарқандга қайтишди. Мана шундай меҳрибон, қалби дарё, самимий, барча инсонийлик фазилатлари мужассам бўлган инсонлар бор экан, ҳар қандай касалликлар, қийинчиликлар ортга чекинишига яна бир бор амин бўлдим.
Адолат Зиётова институтда ишлаши давомида илмий иш билан ҳам шуғулланиб, 10 дан ортиқ илмий мақолалар ёзган ва халқаро илмий академиянинг аъзоси ҳам эди. 2016 йилда унинг илмий ишлари натижасида халқаро илмий академия доктори ва кейин профессорлик унвони берилди. Бу хушхабарни унинг туғилган кунида, яъни 12 сентябрь куни эшитдим ва ушбу ютуқ билан уни чин дилдан табрикладим. 
2016 йил набираларимни ўқиши туфайли Самарқанд шаҳрида яшашимга тўғри келди. Ўша вақтда ҳам мана шу икки инсон Нурали ва унинг рафиқаси Адолатхон мени ёлғизлатиб қўймадилар. Ҳар куни телефон қилиб туришар, ҳар 3-4 кунда хабар олишиб, ҳол-аҳволимни сўраб ёрдам бериб турар эдилар. Касал бўлиб ётиб қолганимда, байрамларда, туғилган кунларимда йўқлаб боришни канда қилмас, фарзандларингиз узоқда деб, ҳам маънавий, ҳам моддий томондан ёрдам бериб кўнглимни кўтарар эдилар.
Ёзганларимни ўқиб кўриб азиз ўқувчиларимда шундай фикр уйғониши мумкин: "Бундай инсонлар ҳаётда кўп-ку". Йўқ, азиз ўқувчим, бу инсонлар каби инсонлар ҳаётда жуда кам. Буни мен 50 йиллик ҳаётий тажрибамдан чиқиб сизга айтмоқдаман. Чунки баъзи бир инсонлар борки, яхшилик орқасидан таъмагирликни, ёвуз ниятларини амалга оширишни, оёқости қилишни истайдилар. Лекин мен тилга олаётган инсонлар бу иллатлардан йироқдир. Шунинг учун бу икки инсонни "Меҳри дарё инсонлар" деб атадим. Улар бундай меҳрни фақат менга эмас, ўз яқинларига, таниш-билишларига, ҳамкасбларига, шогирдларига ҳам бера олади. Нурали ва Адолат келиним каби қалби пок, меҳри дарё инсонлар бор экан, ҳаётимиз бундан-да гўзал бўлади, қалбимиздаги меҳр-оқибат, самимият ҳеч қачон йўқолмайди.
Тўғри, инсонийлик фазилатлари - самимийлик, меҳр-оқибат, ширин сўзлилик, тўғрилик, донолик каби фазилатлар барча инсонларда ҳам бўлиши мумкин. Лекин ўша фазилатларни юзага чиқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун инсон аввало ўзини ҳурмат қиладиган, меҳри уммон каби бўлиши шарт.
Мен ана шундай инсонлар орасида яшамоқдаман. Нурали ва унинг рафиқаси Адолатхоннинг суҳбатидан мен маънавий озуқа оламан. Чунки, уларнинг суҳбатида ғийбат йўқ, ғаразгўйлик йўқ, ҳасад йўқ, самимият бор. Менинг шеърларимнинг китоб бўлиб чиқишида Адолатхоннинг ҳиссаси жуда катта бўлди: "Аммажон, бу шеърларингиз қоғозда қолиб кетмаслиги керак", дея шеърларимни ўқиб кўриб ўз фикрини билдирди. Адолатхон туфайли шеърларим "Исмсиз оғриқлар" номи билан чоп этилди. Менга берган ёрдамлари учун, кўрсатган илтифотлари учун унга мингдан-минг раҳматлар айтаман.
Нурали ўта сахий инсон. Ўзбек эркакларининг энг танти, энг мард, энг инсонпарвар кишиси, десам янглишмайман. Чунки, у ўзига нимани раво кўрса, бошқаларга ҳам шуни раво кўради, эҳтиёжидан ортиғини ночор кишиларга улашади. Ўзи ўртамиёна яшаса-да, албатта ночорларни қўллаб-қувватлаб, ҳомийлик қилади. Кимларгадир нафи тегса, ўзини бахтиёр сезади. Ҳатто, қишлоғида тоғаларидан қолган сағирларни бошини силаб, ўз ёнидан элга ош бериб, 2 нафар жияни, энг ночор оила ҳисобланган Сафарали ва унинг опаси Зубайдахоннинг ўғли (Лойишдаги интернатда катта бўлиб, кўча-куйда дайдиб юрадиган) ўиёсиддинларни уйлантириб, ўз уйидан жой берди. Уларни доимий назорат қилиб, турмушларини йўлга қўйган, озиқ-овқат билан таъминлаб келаётган сахий инсон ҳам Нуралижон бўлади.
Нурали билан бўлган бир суҳбатимизда:
- Буларни бошини силаб, доимий ҳимоя қилишинг шартми? Баъзилар ўз фарзандларини уйлантиришга қурби етмайди. Биргина ойлик маошга яшасангиз, улар учун элга ош бериш, тўй қилишинг оила бюджетига оғирлик қилади-ку, дедим.
- Аммажон, сизлардан ҳаёт сабоғини олдим. Отамдан жуда ёш қолиб, сағирлик нималигини кўрдим, кимлардир урди, кимлардир сўкди, лекин Яратган ризқимизни берган эканки, улғайдик. Энди ночорларни, бечораҳолларни кўриб, қандай бепарво бўла оламан. Майли, Ҳажга бормасман, майли, Умра сафарини адо қилолмасман, ҳеч бўлмаганда шу ночорларга кўмак бериб, инсонийлик бурчимни ўташим керак-ку, деб жавоб берди.
Унинг инсоний фикр-мулоҳазаларидан, олижаноблигидан фахрландим, собиқ ўқувчим бўлганлиги учун ғурурландим. Ҳазрат Навоий лутф айлаганларидек:
Одамлар бор, одамларнинг нақшидир,
Одамлар бор, ҳайвон ундан яхшидир.
Дарҳақиқат, ҳаёт мактаби Нуралига катта сабоқ берганлиги ва бу сабоқ одамийлик сабоғи эканлиги унинг ҳар бир ҳаракатида, қилаётган ишларида намоён бўлади. Ҳурматли инсонларим - Нурали ва унинг рафиқаси Адолатхонга ўз қалб сўзларимни шундай изҳор қилмоқчиман:
Раҳмат айтаман бугун сизларга,
Мени қўллаб турган эй, азизларим.
Қалбим таскин топар сўзларингиздан,
Қувончдан порлайди менинг кўзларим.
Келин эмас сизни, синглим деганман,
Қалбимни тўридан жойни берганман.
Сингилжоним деб, сизни яхши кўрганман,
Бахтли яшангизлар, сиз азизларим!
Иккингиз ҳам доимо соғ-омон бўлинг,
Фарзанд-у набиралар роҳатин кўринг.
Сизларга ёр бўлсин бахту-саодат,
Ризқингиз мўл бўлсин, дейди Адолат.
Азиз ўқувчим, сиз ҳам юқоридаги икки сахий қалб эгаси сингари бўлишга, инсонларнинг юрагидан жой олишга интилиб яшанг:
Меҳр беринг азизларим, бир-бирингизга,
Шиорингиз бўлсин меҳр-оқибат.
Меҳрдан ўнаркан меҳрли инсон,
Ҳаётда барчасин кўрди Адолат.

Адолат АБДУЛЛАЕВА,

                                                  Халқ таълими фахрийси.

Мавзуга оид: