Қалб дафтаридан О Н А Н И Д О С И

Иссиқ жон иситмасиз бўлмаганидек, яқинда дадам шифохонага тушиб қолди. Эшитдиму эрта тонгдан йўлга отландим. Шифохонага кириб дадамнинг ҳол-аҳволидан хабар олдим. Кўринишлари анча яхши, соғлиги жойида эканлигини кўриб, кўнглим бироз равшанлашди. Шу пайт хонага бир опа кириб келди ва ётган беморлар билан илиқ саломлашди. Ўз иши билан шуғулланаётган опа дадам билан мени суҳбатимиздан таҳририятда ишлашимизни билиб, суҳбатимизга аралашди. Ўзини Феруза опа деб таништирган аёл бизга бошидан ўтган бир воқеани сўзлаб берди:

Биласизми, шоирликка ҳам, ёзувчиликка ҳам даъвогар эмасман, лекин ҳаётимизда яқинда содир бўлган бир мудҳиш воқеа ҳақида сўзлаб бермоқчиман. 

Набирам Лолахон жуда ақлли, ширин сўз, жуда меҳрибон қизча эди. Мен Лолахонни туманимиздаги 32-мактабга биринчи синфга бердим. Устозлари уни жуда ҳам зеҳнли,  билимли қизча деб мақташарди. Набирамнинг "Саводхонлик байрами" учун ҳаммамиз биргама-бирга тайёрланар эдик. Унга атаб оқ кўйлак, атлас кўйлакларини, сочларига лента, безакларни ҳавас билан олиб келдим. Лекин байрами куни ишим чиқиб қолиб боролмадим, балки борганимда шундай бўлмасмиди,- деб опа кўз ёшларини тия олмади. - Ушбу дафтарга дардларимни ёзганман, ўша кунларда куюк устида ишга келиб ёзиб қўяверганман,- деб дафтарни қўлимга тутқазди... 

Дафтарни очиб варақлаб чиқдим. Опанинг набираси ўша мудҳиш воқеа содир бўлган куни - 2022 йил 23 декабрда "Саводхонлик байрами"дан қайтар чоғида пиёдалар йўлагидан ўтар пайтда тезлигини ошириб келаётган машинанинг қурбонига айланган экан. Қизалоқ шифохонага зудлик билан етказилган бўлсада, олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган  норасида гўдакнинг жонсиз танасини кўрган ота-онанинг, бувисининг оҳу-ноласи еру кўкни титратди. Бу мудҳиш воқеа бутун оила учун оғир мусибат эди. Фариштадек қизалоқнинг ширин сўзию чиройли табассуми, меҳрибон нигоҳлари, отажон, онажон деб атрофида парвона бўлишлари бир умрга оиласининг қалбида қолди. 

-   29 июнь набирагинамни туғилган куни. Ҳар йили бу кунни у интиқ кутарди, тўлиб-тошиб совғалар олиб келардим.  Дастурхон безаб ҳавас билан кутар эдик. Мана бир неча йилдирки, бу туғилган кун эгасиз... 

Манзилига шошиб машина ҳайдаётган ҳар инсонга қарата шундай дегим келади: Йўлларда тезликни асло  оширманг,  пиёдаларни ўтказиб, қонун-қоидага риоя қилинг. Ахир, ҳар битта инсон кимнингдир ягонаси - отаси, онаси, акаси, опаси, қизи, ўғли, набираси... Мендек ва мен каби бағри куюк барча инсонларни илтимоси ва талаби бу. Қолаверса,  сизни ҳам уйингизда оилангиз кутяпти, шошма-шошарлик оқибатида мана шундай аянчли ҳодисалар бўлмасин. Ҳеч ким бевақт ўлмасин...

Тўнғич набирасини тупроққа топширган оиланинг дарду армони битилган бу дафтарни варақлар эканман, бўғзимга нимадир тиқилиб, кўзларимдаги ёшимни тия олмадим. 

Йўлларда эҳтиёт бўлайлик. Зеро, бизни - пиёдани ҳам ҳайдовчини ҳам уйида яқинлари кутяпти.

 Амина Хуррамова.

Мавзуга оид: