Инсон хотираси азиз САМИМИЙ ВА САДОҚАТЛИ ДЎСТ ЭДИ, БАХТИЁР...

Дўстлар яхшиларни авайланг, асранг,
Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг,
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан
Уни тириклигида бир соат йўқланг...
Мақсуд Шайхзода.
Бахтиёр билан тенгдош эдик. Кам гап, кенг мулоҳазали, самимий, юз-кўзларидан оқибатли инсон эканлиги сезилиб турадиган бу дўстим билан жуда кўп суҳбатлашганмиз. Гарчи соҳамиз бошқа бўлса ҳам кўнглимиз, фикримиз бир жойдан чиқарди. Шу ўринда раҳматли Бахтиёр Аҳроровнинг босиб ўтган ҳаёт йўлига бир назар ташлагимиз келади. 
Агар ҳаёт бўлганида шу кунларда у ўзининг 68 ёшини оила аъзолари, яқинлари, дўстлари даврасида нишонлаган бўларди. У қисқа умр кўрган бўлса-да, ўз ёшига нисбатан жуда кўп савобли ва хайрли ишларни қилганига гувоҳ бўлганмиз. Ўрта мактабни битиргач, Тошкент шаҳридаги ҳисобчилар тайёрлаш мактабида ўқиди. Ўзининг меҳнат фаолиятини собиқ Амир Темур номли жамоа хўжалигида оддий ҳисобчиликдан бошлади. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг бухгалтерия факультетида ўқиди. Олий маълумотга эга бўлгач қатор йиллар хўжаликда турли вазифаларда, жумладан, бош ҳисобчи сифатида фаолият кўрсатди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бахтиёр Аҳроров ишлаган даврларда хўжаликда ишлаб чиқариш соҳасида катта муваффақиятларга эришилди. Бир неча бор Республика миқёсидаги ўтказилган танловларда ғолиб чиқиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Хўжалик ишлаб чиқаришда фаол бўлган ўнлаб кишилар ордень ва медалларга тавсия этилди. Бахтиёр Аҳроров 2001-2002 йилларда Янгиқўрғон жамоа хўжалигида бош ҳисобчи вазифасида самарали меҳнат қилганлигини кўпчилик илиқ сўзлар билан эслашади. Чунки у ўз соҳасининг чинакам билимдони бўлиши билан бирга одамларга яхшилик қилишни ўзининг инсонийлик бурчи деб ҳисоблар ва бунга амал қиларди. 
2003 йилда тумандаги ММТП ташкилоти қолоқлик гирдобига тушиб қолди. Қандай бўлмасин, ташкилотни илгариги илғорлар сафига олиб чиқишдек муҳим вазифа турарди. Туман раҳбарлари бу соҳада катта тажрибага эга бўлган Бахтиёр Аҳроровни бош ҳисобчиликка қўйиш лозим деган қарорга келишди. Кўп ўтмай ҳикоямиз қахрамони янги ташкилотда ўз фаолиятини бошлаб юборди. Аввало, у қолоқлик сабабларини чуқур ўрганиб чиққач, ўз фикрларини директорга билдирганида, Бахтиёрнинг фикрларини қўллаб-қувватлади ва шу асосда иш ташкил этилди. Натижа ёмон бўлмади. Директор билан бош ҳисобчининг бир ёқадан бош чиқариб аниқ мақсад йўлида ҳаракат қилганлиги ўз натижасини берди. Корхона аста-секин илгариги ҳолатига, аниқроғи илғор ташкилотлар сафига қўшила бошлади. Ишлаб чиқариш қуввати оширилиб, корхона Республика аҳамиятига эга бўлган ташкилотларнинг бирига айланди. Чунки бу ерда сув насосларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш бўйича катта тажриба тўпланганди. 
- Мен Бахтиёр Аҳроров билан кўп бор мулоқот қилганман, - дейди кўп йиллар туман миқёсидаги раҳбарлик вазифаларида фаолият кўрсатган, фидойи инсонлардан бири Собир Амиров. - У киши камгап бўлса-да, дўстларга ниҳоятда меҳрибон ва самимий эди. Ўзига берилган ҳар бир топшириқни ўз вақтида ва виждонан адо этарди. Меҳнат интизоми ҳам кучли эканлигини мен у киши билан бирга ишлаган пайтларимда гувоҳи бўлганман. Қаерда бўлсам ҳам Бахтиёр ака ҳақида доимо илиқ фикрларни эшитаман.
Бахтиёр Аҳроров турмуш ўртоғи Қурбоной Алиқулова билан етти нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказиб уйли-жойли қилишди. Катта ўғли Мақсуд тадбиркорлик билан шуғулланаётган бўлса, кичик ўғли Баҳодир «Оқдарётумангаз»да фаолият кўрсатмоқда. Беш нафар қизлари ҳам ўз соҳаларида тер тўкишиб, халқимизга беминнат хизмат қилишаяпти. Фарзандлари ўз оталари билан ҳақли равишда фахрланадилар. Отасининг васиятига амал қилишиб одамларга яхшилик уруғини сочишмоқда. 
- Отам билан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейди ўғли Мақсуд суҳбат чоғида. - Чунки у киши онам билан биргаликда бизни вояга етказиб, уйли-жойли қилиб, маълум касбни эгаллашимизга ўз ҳиссаларини қўшганликларини доимо ёдимизда сақлаймиз. То тирик эканмиз, отамиз бизнинг қалбимизда мангу яшайверади. 
Биз ким билан суҳбатлашмайлик, уларнинг барчаси самимий инсон Бахтиёр Аҳроровнинг ажойиб фазилатлари ҳақида жўшиб гапиришади. Демак, ҳаётда муносиб из қолдирган яхши инсонлар ҳамиша одамларнинг тилида, дилида ва қалбида абадий яшайди. Бахтиёр ҳам ана шундай тоифадаги инсонлар қаторига киради. Жойингиз жаннатдан, руҳингиз шод бўлсин, қадрдон дўстимиз Бахтиёр...
Й. МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: