Меҳнат қилган етар муродга ТОМОРҚАДАН МЎМАЙ ДАРОМАД

Тумандаги Миёнқол маҳалласи Ғулва қишлоғида яшовчи Алишер ака Каримов бир неча йиллардан буён боғдорчилик, деҳқончилик ва асаларичилик билан шуғулланиб келади. У кишининг томорқасидаги иссиқхонада айни пайтда цитрус мевалар пишиб етилаётган бўлса, кундан кунга кўкка бўй чўзаётган павлония дарахтларини томоша қилар экансиз, беихтиёр кўзингиз қувнайди. Бундан ташқари, Алишер ака бир неча йиллардан бери асаларичилик билан ҳам шуғулланиб, туманимиз аҳолисини тоза асал билан таъминлаб келмоқда. Жорий йилда мавжуд 71 та асалари қутиларидан қарийб бир тонна шифобахш асал олишга эришилди. Алишер Каримовга асаларичиликка қизиқиш отаси Ҳасан отадан ўтган экан.

-   Ҳар бир инсон ўз олдига катта-катта мақсадлар қўяр экан, унга тинимсиз меҳнат туфайли эришиш мумкин эканлигини асло унутмаслик керак. Негаки, ҳар қандай кўзланган мақсад сари интилар экансиз, бу йўлда қанчадан қанча қийинчилик ва муаммоларга дуч келасан киши,- дейди ишбилармон тадбиркор Алишер ака Каримов. - Ана шундай машаққатли меҳнатимиз эвазига жорий йилда асаларидан уч марта ҳосил олдик. Қарийб 1 тоннага яқин сифатли асал   ҳосилини кўтардик. Бундан ташқари асаларининг бошқа маҳсулотлари - прополис, асалари сути, асалари уясини сотиш билан ҳам шуғулланиб келмоқдамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Алишер ака Каримов турмуш ўртоғи - 11 мактаб ўқитувчиси Феруза Раҳимова билан биргаликда ўз томорқасини даромад манбаига айлантирган. Негаки, бу тиниб-тинчимас, меҳнаткаш оила ўз томорқасидаги 1 сотих ерда иссиқхона ҳам ташкил қилган бўлиб, унда лимон ва мандарин етиштириш билан ҳам шуғулланишади. Иссиқхонанинг жўяк ораларига бодринг ва ҳар хил кўкатлар ҳамда павловния ниҳоллари етиштирилади. 

Алишер Каримов 2019 йилдан буён "Павловния Самарқанд" МЧЖ корхонаси очиб, 60 сотих майдонга плантация ташкил қилган. Бу ерда 1000 тупга яқин павловния дарахтлари етиштирилмоқда. Маълумки, павловния -  жуда  тез  ўсувчи ноёб дарахт ҳисобланади. Асли ватани Хитой   ҳисобланган бу  дарахтни  етиштириш   жуда  даромадли  иш бўлгани учун бутун  дунё  бўйича  жадал   равишда  ривожланиб бормоқда. Бекорга бу дарахтни  "мўъжизавий  дарахт", "нефть  қудуғи", "кислород  фабрикаси" деб  номланмайди. Павловнияни қимматбаҳо мебеллар ва уйлар учун устунлар, уй-жой қурилишини барча соҳаларида ишлатса бўлади. Ҳаттоки, унинг баргларидан тиббиётда, фармацевтикада, косметикада, чорвачиликда ҳам жуда унумли фойдаланилади. Энг асосийси, павловния плантацияларидан асаларилар жуда ҳам фойдали бўлган асалларни йиғадилар. Бир гектар павловния плантациясидан беш-олти йилда  1000 килограммгача тоза асал олса бўлар экан.

Дарҳақиқат, томорқа - кони фойда, деганлари шу бўлса керак. Биз Алишер ака билан суҳбат чоғида оиланинг бир йиллик даромади ҳақида сўраганимизда, у киши камтарлик билан асаларининг  ўзидан олган даромади 100 миллиондан ошишини, бошқа соҳаларини "ҳосили"ни энди олиши ҳақида айтдилар. Шундай экан, бу аҳил ва меҳнаткаш оиланинг томорқасидаги деҳқончилиги-ю тадбиркорлиги ҳар бир инсонга намуна бўлса арзийди. Айтишадику, меҳнатдан келса бойлик - турмуш бўлар чиройлик.

  Амина ХУРРАМОВА.


Мавзуга оид: