"ОҚДАРЁ НАВОЛАРИ" халқимиз хизматида

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 2023 йил октябрь ойида  қўллаб-қувватланган "Миёнкол наволари" номли лойиҳаси   асосида  Оқдарё туман ҳокимлиги маданият бўлими ҳамда Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган "Оқдарё наволари"  мумтоз ва фольклор этнографик ансамбли жамоаси ўзининг қисқа муддатли иш фаолиятида кўплаб муваффақиятларга эришдилар. 2024 йилда "Бойсун баҳори" халқаро Наврўз фестивалида, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг 150 йиллигига бағишланган халқаро фестивалларда фаол қатнашдилар.  Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси "Маданият ва маърифат" телеканалининг "Навосоз" кўрсатуви ҳамда "Ўзбекистон тарихи" телеканалининг "Этно" кўрсатувларида, Самарқанд телевидениясининг бир қатор кўрсатувларида иштирок этиб, ўз санъатларини намойиш этдилар.

ЎзМТРК "Маданият ва маърифат" телеканали ижодкорлари томонидан  "Оқдарё наволари" ансамбли аъзоларининг иштирокида "Ўзбек удумлари" номли телефильм суратга олинди ва доимий равишда эфирга узатилиб келинмоқда. 2025 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган "Фольклор-Фест" республика фестивалида қатнашиб, юксак эътирофга сазовор бўлдилар.

Ансамбл жамоаси турли   тадбирларда, халқ сайиллари, байрамларда иштирок этиб,  туманимиз халқига хизмат қилиб келмоқда.  Жорий йилнинг 7 феврал куни ҳазрат Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларига бағишланган "Назм ва Наво" номли катта концерти,   8-март Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган "Муқаддас аёл" номли концерт дастурлари адабиёт ва санъат шайдолари томонидан илиқ кутиб олинди. Саҳнада ижро этилган шўх лапарлар, ашула ва рақслар, айтишувлар,  мушоиралар   мухлисларимизни хурсанд этди. Ансамбл жамоасининг анъанага айланиб бораётган  миллий қадриятларимиз, мумтоз ва фольклор қўшиқларимизни ўрганиш, асраб авайлаш ҳамда  тарғиб этиш ишлари намойиш этилаётган тадбирларда яққол намоён бўлмоқда. Ансамбл аъзоларидан хонандалар опа-сингил Мавлудахон, Холидахон Даминовалар, Гулрабо Тиркашева, Назира Авиева, Марҳабо Худойназаровалар, раққосалар Мавжуда Салоҳиддинова, Шаҳноза Расулова, Нурзода Саъдуллаева, Муҳаббат Фармоноваларнинг фидокорона хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Жамоанинг бадиий раҳбари Толибжон Пирматов мумтоз ва фольклор қўшиқларини мукаммал ўрганишда, ижро этишда онахонларга яқиндан ёрдам бериб, устозлик қилмоқда. "Оқдарё наволари" жамоасининг сафи кенгайиб, халқимиз орасидан янги-янги истеъдод соҳиблари келиб қўшилмоқда.

Ижодий жамоанинг изланишлари қизғин, режалари улкан. Ватан мадҳини куйлаш, миллий қадриятларимизни, адабиёт ва санъатимизни  улуғлаш ҳамда   тарғиб этишдек хайрли ишларида ансамбл жамоасига зафарлар тилаймиз. 


Ойгул Маматова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси раҳбари.