Даҳбеднинг виждони эди, аҳмаджон ака!

Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Алишер Навоий.
Доимо юз-кўзларидан меҳр ёғилиб турадиган Аҳмаджон ака билан бундан қирқ йиллар муқаддам, аниқроғи 1980 йилда танишган эдим. Ўша пайтда у киши Даҳбеддаги Агроиқтисодиёт техникумида ўқитувчи бўлиб ишларди. Бир суҳбатдаёқ бу инсоннинг самимийлиги, меҳр-оқибатли эканлиги, билимдонлигига қойил қолганман. Суҳбат орасида Аҳмаджон ака отаси педагог бўлганлиги сабабли шу касбга меҳр қўйганлигини, 38-умумтаълим мактабини битиргач, Самарқанд давлат университетининг тарих факультетига ҳужжатларини топширганлигини, кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириб талаба бўлганлиги ва олийгоҳни имтиёзли диплом билан битирганлигини ҳикоя қилиб берганди. Бунга қадар ҳам у киши ўзининг меҳнат фаолиятини Рофе Ҳамроев жамоа хўжалиги ҳудудидаги Бошдархон қишлоғида жойлашган 42-ўрта мактабида тарих фани ўқитувчиси сифатида бошлаганлигини, кейинчалик эса 39-ўрта мактабга келиб, ўз соҳаси бўйича ўқувчиларга сабоқ берганлигини таъкидлаганди. Шундан сўнг, у киши билан худди ака-укадек қадрдон бўлиб қолдик. Аҳмаджон аканинг ташаббускорлигига, ғайрат-шижоатига тан бермасдан илож йўқ эди. Айниқса, даҳбедликларнинг катта ишончи туфайли у бир неча йил мобайнида Даҳбед шаҳарчаси фуқаролар йиғинининг раиси сифатида фаолият кўрсатган йиллари ташкилотчилиги яққол кўзга ташланди. Шаҳарчадаги ёшу қари уни ҳурмат қилар, у томонидан амалга оширилаётган хайрли ишларни қўллаб-қувватларди. Мен ўзим ҳам маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайловларда ҳокимлик вакили сифатида иштирок этган чоғимда Аҳмаджон аканинг эл ўртасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор эканлигини кўп бор гувоҳи бўлдим. Доимо одамларга яхши муомалада бўлар, ҳар қандай одамни ўзининг ширин сўзи билан ром этарди у.
Афсуски, шафқатсиз ўлим Даҳбеднинг виждони ҳисобланган Аҳмаджон Асламовни бундан ўн йил муқаддам - 2012 йилнинг 13 июлида орамиздан олиб кетди. Агар ҳаёт бўлганида у киши шу кунларда ўзининг 69 ёшга кирганлигини, оиласи ва дўстлари даврасида нишонлаган бўлар эди. У киши билан бирга ишлаган ёки ҳамнафас бўлган инсонлар Аҳмаджон ака ҳақида доимо яхши фикрларни билдиришади. Синфдош дўсти Иброҳим Ҳайдаров шундай дейди:
- Аҳмаджон билан бир синфда ўқиганмиз. Ҳам ўқишда, ҳам жамоат ишларида доимо фаол эди. Барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиганлиги туфайли ундан ўрнак олишга ҳаракат қилардик. Яхши ўқиганлиги боис олий ўқув юртида талаба бўлиш унга насиб этди. Биз синфдошлари бундан ниҳоятда мамнун бўлдик. Уни биз даҳбедимизнинг виждони дердик. Негаки, ҳар ишда илғор бўлган Аҳмаджон шу юрт учун доимо яхши амалларни амалга оширарди. Шаҳарча фуқаролар йиғини раиси бўлган кезларида ҳам кам таъминланган оилаларга астойдил ёрдам берганлигини яхши эслайман. Умуман олганда, даҳбедликлар бу инсонни бир умр хотирасида сақлайдилар.
- Аҳмаджон ўзининг юриш-туриши, одоби ва ташаббускорлиги билан эл ўртасида ҳурмат қозонганди, - дейди маҳалладоши, кўп йиллар туман марказий дорихонаси мудири бўлиб ишлаган Равшан Одилов суҳбат чоғида. - Чунки маҳалламизда ўтказилган барча тўй-у маъракаларда бош-қош бўлар, ўзи ёш бўлсада, оқсоқоллар қаторидан муносиб жой олганди. Ўқитувчи сифатида ҳам ёш авлодга таълим-тарбия беришда ҳамкасбларига доимо намуна эди. Афсуски, шафқатсиз ўлим уни эрта олиб кетди. Унинг фарзандлари бугунги кунда отасининг   хайрли ишларини давом эттиришмоқда.
Аҳмаджон ака намунали оила соҳиби эди. Турмуш ўртоғи Роҳила Абдуллаева кўп йиллар давомида туманимиздаги юқумли касалликлар шифохонасида ҳамшира сифатида фаолият кўрсатиб, эл соғлигини сақлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Айни пайтда нафақада бўлишига қарамасдан, маҳалла ободончилиги ва тўйларни камчиқим ўтказилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаяпти. Қизи Гулноза 38-умумтаълим мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият кўрсатаётган бўлса, ўғли Нўъмонжон Самарқанд туманида ички ишлар тизимида меҳнат қилмоқда.
- Отам менинг биринчи устозим эди, - дейди қизи Гулноза. - Чунки болалигимдан бошлаб отамни касбига қизиққанман. Шу боисдан педагоглик касбини танладим. Ўқувчиларга қандай дарс бериш зарурлигини отамдан ўрганганман. У киши доимо менга "Қизим, ўқитувчилик шарафли ва масъулиятли касб, доимо одамларга ўрнак бўлишинг, ўқувчиларга пухта билим беришинг шарт", деб уқтирардилар. Отамнинг ҳар бир сўзи мен учун шиорга айланиб қолган. Ҳозирги кунларда ҳам дарс бериш олдидан у кишининг сўзлари қулоғим остида жаранглагандай бўлади. Отам билан ҳақли равишда фахрланаман.
Муқаддас ҳадисларда "Аллоҳ ғам-ташвишли одамларга ёрдам берганларни дўст тутади, Аллоҳ ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради. Аллоҳ таоло ўз бандалари ичида ғайратлисини ёқтиради", дейилган. Ҳикоямиз қаҳрамони Аҳмаджон Асламов ҳам ана шундай доимо одамларга ёрдам берадиган, мулойим ва ғайратли инсонлардан бири эди. Бу инсоннинг хотираси оқдарёликлар қалбида мангу яшайди. Бунга шубҳа йўқ.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
журналист.