БУ ҚОНУННИ БИЛИБ ОЛИНГ

3-модда. Журналист
Журналист - Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатнинг оммавий ахборот воситаларида хизмат қиладиган ёхуд уларда шартнома асосида ишлайдиган ва маълум мавзудаги ахборотни тўплаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланувчи шахсдир.
4-модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги
Ўзбекистон Республикасида цензурага йўл қўйилмайди.
Журналистдан хабарлар ва материалларни олдиндан келишиб олишини, шунингдек, материал ёхуд хабарнинг матнини ўзгартиришни ёхуд уларни бутунлай нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
7-модда. Журналистика соҳасининг сири
Фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек, факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланади.
Журналистнинг журналистика соҳасининг сири ҳисобланадиган маълумотларни бу маълумотлар манбаининг розилигисиз ошкор этиши, шунингдек, улардан ўзининг ғаразли манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб фойдаланиши тақиқланади.
     
8-модда. Журналистнинг дахлсизлиги
Журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.
Танқидий материаллар эълон қилинганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди.
9-модда. Журналист текшируви
Журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга. Журналист ўз текширувларининг натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга, уларни давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин. Журналист текшируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.
     «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги
     ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИДАН.
Мавзуга оид: