Ёмонликдан қайтариш АМАЛЛАРИМИЗ ЗОЕ КЕТМАСИН

Йўлларимизда кун сайин машиналар сони ортиб, ҳаракатланиш мураккаблашиб бормоқда. Шу боис, гоҳида бирор жойга автоуловда бориш кишига малол келади. Айниқса, шаҳар марказларидаги тирбандликлар хунобни оширади. Йўлларда эса кимдир ёнингдан сиқиб ўтса, яна кимдир йўлингни тўсади, бошқаси ёнингдан катта тезликда қувиб ўтади ёки белгиланган қоидаларга амал қилмайди. Хуллас, автоулов бош-қарувига ўтирдингми, асабларинг жиловини тортиб туришга тўғри келади. 
Маҳалламиз мактаби яқинида 10 ёшли болани машина уриб кетгани ҳақидаги хабар тез тарқалди.  Бола бир солиҳ оиланинг ягона, неча йил деганда Худодан тилаб олган фарзанди экан. Ота-онаси бу хабардан буткул адои тамом бўлди. Сабаби - автоҳалокат.
Афсус, бугун йўл-транспорт ҳодисалари куннинг асосий мавзусига айланган. Чунки автоуловлар иштирокидаги фалокатлар кўпни бирдай ҳаётдан олиб кетмоқда. 
Рақамларга назар ташласак, ўтган йилнинг ўзида 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисасида 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган ва 2 минг 500 га яқини ҳалок бўлган. Уларнинг орасида ҳали вояга етмаган болалар бор. Бахтсиз ҳодисаларнинг кўпига ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини қасддан менсимаслиги, тажрибасизлиги, пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Ўйлаб кўрсак, бизга юқумли вирусдан кўра кўчадаги автомобиллар хавфли бўлиб чиқмоқда. Бу хавфни кимлар пайдо қилаётир. Албатта, ўзимиз, яқинларимиз, таниш-билишларимиз. Уларнинг бегонаси йўқ - барчаси юртдошларимиз. Қай бирини айблашни ҳам билмайсан. Чунки бари ақли расо инсонлар. 
Ҳукуматимиз томонидан бу каби нохушликларнинг олдини олиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилиниб, турли чекловлар, янги тартиб-қоидалар ишлаб чиқилмоқда. Унга амал қилиш эса сизу бизнинг зиммамизда. Аммо қоидалар қанчалар мукаммал бўлмасин, у ишламаса, ҳайдовчилар ва йўловчилар унга риоя этмаса, бу тартиб фақат қоғозда қолаверади, вазият ўзгармайди. 
Муаммони ҳал этиш учун аҳоли ўртасида ҳайдовчилик ва йўловчилик маданиятини шакллантириш лозимлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу қандай амалга ошади? Албатта, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатни жорий этиш билан. Бу борада динимизда кўплаб панд-насиҳатлар, кўрсатмалар келгани барчамизга аён. 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиш" ҳақидаги фатвосида бундай де-йилган:
"Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига - ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг қуйидаги учта мақсадига етишга хизмат қилади:1) ҳаётни сақлаш; 2) авлодни сақлаш; 3) мулкни сақлаш.
Транспорт воситасини бошқаришда мусулмонлар риоя этишлари лозим бўлган кўплаб суннатлар ва одоблар бор. Энг муҳим вазифа - инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса барча йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим. Қоидани бузиш - бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади".
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши - (комил) мусулмондир" (Имом Бухорий ривояти). 
Кўчага, жамоат жойларига чиқар эканмиз, жамиятда белгиланган тартиб-қоидалар ҳамда динимизда қайд этиб ўтилган амалларни бажаришга бурчлимиз. Агар бу тартиб қоидаларни менсимасак, ўзгаларга озор берсак, гуноҳга ботишимиз тайин. Зеро, Набий алайҳиссалом "қўл билан ҳам тил билан ҳам озор берманг" демоқдалар. Барчамиз мўмин-мусулмонмиз. Унинг арконларини бажаришга интиламиз. Бироқ автоуловда кишиларга озор берсак, тартиб-қоидаларни менсимасак, "мен ҳақман" деяверсак, ибодатларимизу солиҳ амалларимизни  зое кетказиб қўймаймизми?! 
Тартибга амал қилсак,  ҳеч ким сизни сиқиб ўтмайди, ортимиздан сигнал бермайди, қувиб ўтиб олдимизни тўсмайди, соғ-омон хотиржам манзилимизга етиб оламиз. Асосийси, бировга озор бериб гуноҳга ботмаймиз.     

Бобур МУҲАММАДИЕВ.

Мавзуга оид: