Хоразм сафари таассуротларга бой бўлди Хива - очиқ осмон остидаги музей шаҳар

Хоразм деганимизда кўз ўнгимизда Беруний, Хоразмий, Замаҳшарий, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, буюк хофиз Комилжон Отаниёзов сингари мутафаккирлар гавдаланади. Бу рўйхатни янада давом эттириш мумкин. Бу юртда етишиб чиққан алломалар жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишган. Хоразм деганимизда беихтиёр очиқ осмон остидаги Хива шаҳри ёдимизга келади. Негаки, бугунги туризм ривожланаётган кунларда бу шаҳардаги тарихий обидаларни кўриш учун юртимиздан ва хориждан йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Яқинда маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти бирлашган қўмитасининг ташаббуси билан бир гуруҳ спорт фахрийлари Хива шаҳрига ташриф буюрдик. Сафаримиз давомида бизга ҳамроҳлик қилган Хивадаги "Ичан-Қалъа" давлат музейи қўриқхонасининг илмий ходими Гўзал Отабоева шаҳарнинг тарихи ҳақида бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
Бу қўриқхона Хоразм тарихий инқилобий музей сифатида 1920 йил 27 апрель куни Хоразм Халқ Республикаси I Қурултойи қарорига асосан Хива Хонлари Саройи Кўҳна Арк биносининг арз хонасида очилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 1969 йил 21 июлдаги 343-сонли қарорига мувофиқ Хива "Ичан Қалъа" давлат тарихий меъморий музейи қўриқхонаси ташкил топди. 1990 йил 12 декабрь куни Хива "Ичан Қалъа" қўриқхонаси жаҳон маданий мероси ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига киритилди. Музей қўриқхона экспозицияларида қадимдан то ҳозирга қадар бўлган Хоразм тарихи, амалий санъати, ҳунармандчилиги, маданияти ва адабиёти акс эттирилган. 1997 йилда бу қадимий шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи жаҳон миқёсида нишонланди.
Ичан Қалъа - Шаҳристон ўзига хос яхлит меъморий иншоотлардан иборат бўлиб баланд пахса девор билан ўралган тўртта дарвозаси: Ота дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Боғча дарвоза тўрт томонга қаратиб қурилган. Ичан Қалъа деворлари вақт ўтиши билан бир неча бор бузилган ва қайта таъмирланган. Девор айланасининг узунлиги қарийб 2200 метргача, баландлиги 7-8 метрга, пойдеворининг қалинлиги эса 5-6 метрга тенг. Ичан Қалъа тўғри тўртбурчак шаклида қурилган бўлиб, узунлиги 650 метр, эни 400 метр, яъни 26 гектар майдонни эгаллайди.
Ҳудудда жами 53 та тарихий маданий ёдгорлик жойлашган. 31 та ёдгорлик сайёҳлик йўналишида жойлашган бўлиб, шулардан 14 тасида музей экспозициялари жойлашган. Ушбу ҳудуддаги Ал-Хоразмий номидаги меҳмондўстлик майдонида навқирон Хивага ташриф буюрган сайёҳлар кутиб олинади, экскурсиялар ташкил қилинади, ҳар-хил мавзулардаги тадбирлар ўтказилади. Ал-Хоразмий номидаги меҳмондўстлик майдонида жойлашган Ота дарвоза Ичан Қалъани ғарбий қисмидаги асосий дарвоза ҳисобланади. Ушбу дарвоза орқали сайёҳлар шаҳарга ташриф буюрадилар.
Дарвозанинг ичкари қисмида 13 та савдо растаси, бостирмали бозор-чорсу бўлган. Унинг ўнг томонида эса Муҳаммад Аминхон мадрасаси (1855 йил), чап томонида Арк (Кўҳна Арк) жойлашган.
Дарвоза ичкарисида хорижий мамлакатлардан келган савдогарлардан бож ундириладиган божхона, пул алмаштириладиган саррофхона бўлган. Дарвозанинг бўйи 10 метр, 4 метр. Тўртта асосий хонаси бўлиб, XX асрнинг 20-йилларида йиқилиб кетган ва 1975 йили асли қурилишда қайта тикланган.
Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги ва чиройлиси Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган мадраса ҳисобланади.
Мадраса Ичан Қалъанинг ғарбий қисмида - шаҳарнинг бош дарвозаси Ота дарвозадан кириб келганда, ўнг томонда жойлашган. Мадраса пишиқ ғиштдан қурилиб, унинг деворларининг қалинлиги 1,5 метрга етади. Мадраса 2 қаватли, 130 ҳужрадан иборат, манбаларда ёзилишича, унда бир қаватнинг ўзида 260 нафар талаба таҳсил олган.
Муҳаммад Аминхон минораси. Маълумки миноралар ислом дини юртимизга тарқалиши билан боғлиқ равишда қурилгандир. Ҳар бир масжид ёки мадраса ёнида албатта минора қурилиб, ундан мусулмонларни ибодатга чорлаш учун фойдаланилган. Кейинчалик эса шаҳарлар безаги ва ҳукмдорлар куч-қудратини намойиши сифатида ҳам қурилган. Шунинг учун Шарқ шаҳарларидаги кўҳна обидаларни минораларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Минора 1853 йилда Муҳаммад Аминхон томонидан қурила бошланган ва 1855 йил шимолий Эронга юриш пайтида хоннинг ўлдирилиши ва Абдулллахоннинг тахтга ўтириши билан қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Асримиз бошларида минорани халқимиз "Улли минор", "Кўк минор" деб улуғлаган.
Шунингдек, биз 26 гектар майдонни эгаллаган Ичан Қалъа давлат музейи қўриқхонасидаги барча тарихий обидаларни кўздан кечириб бир олам таассурот олдик.
- Хивага оила аъзоларимиз билан олдин ҳам келган эдик, - дейди гуруҳимиз раҳбари, спорт фахрийси Бурхон Умиров. - Ҳар келганимизда бизни музей ходимлари ёруғ юз, очиқ чеҳра билан кутиб олишади. Фақат бизга эмас, бу ерга ташриф буюрган барча сайёҳларга хуш-муомалалик билан муносабатда бўлишади. Бу ерда тижорат билан шуғулланаётган тадбиркорлар ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Ҳозир биз жойлашган "Шамс Хива" меҳмонхонаси ходимларининг сайёҳларга кўрсатилаётган хизматларидан барча мамнун бўлаётганлигини таъкидлашим керак.
Ҳақиқатдан ҳам биз жойлашган бу меҳмонхонада сайёҳлар учун барча қулайликлар мавжуд. Хивада ўнлаб меҳмонхоналар мавжуд бўлсада "Шамс Хива" меҳмонхонаси алоҳида ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерациясига қарашли бўлган мазкур меҳмонхона раҳбари Феруза Матниёзованинг таъкидлашича, 36 ўринга мўлжалланган меҳмонхонада 16 та хона мавжуд бўлиб, ходимлар сони 13 кишини ташкил этади. Меҳмонларнинг мароқли дам олишлари учун барча шароитларга эга бўлган бу масканда сайёҳларга кунига уч марта бепул овқат тарқатилади. Албатта бундан бу ерга ташриф буюраётган сайёҳлар мамнун бўлмоқда.
- Меҳмонхона хизматчилари бизга намунали хизмат кўрсатишди, - дейди меҳнат фахрийси Бурхон Авазов. - Ҳар бир хонада замонавий телевизор, телефон, ювиниш хоналари мавжуд. Бундан таш-қари мезбонлар ҳар бир сайёҳнинг эҳтиёжи, хоҳишига қараб иссиқ овқат тайёрлашади. Албатта, биз бундан ниҳоятда мамнун бўлдик. Шу боис уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Бундай сўзларни Машраб Орзимуродов, Аладдин Маҳаддинов, Шомурод Ашуров сингари меҳмонлардан ҳам эшитдик.
ПАҲЛАВОН МАҲМУД КИМ БЎЛГАН?
Паҳлавон Маҳмуд 1247 йилда Хива шаҳрида пўстиндўз (косиб-ҳунарманд) оиласида туғилган. Ёшлигида ота касби пўстиндўзлик билан шуғулланган, сўнгра хат-савод чиқариб, буюк шоир, файласуф даражасига эришган. У жуда ҳам забардаст паҳлавон бўлиб, ҳаётида бирон марта кураги ерга тегмаган. Паҳлавон Маҳмуд ҳақида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган.Кўҳна Урганч вайрон қилинганидан сўнг мўғуллар истилосидан кейин, унинг аҳолиси ҳар томонга тарқалиб кетган. Шу жумладан, Паҳлавон Маҳмуднинг онаси отаси ҳамроҳлигида ҳомиладор ҳолида Хива атрофига етиб келиб, ҳозирги Қиёт қишлоғида ўғил туққан. Ҳозирда бу жой Эски Қиёт дейилади. Бугунги кунда айнан шу жойда хивалик бир жонкуяр инсон - Матёқуб ака Матчонов ва унинг фарзандлари томонидан катта бир гумбазли масжид барпо қилинган.
Паҳлавон Маҳмуд 15 ёшга етганида мард курашчи, машҳур паҳлавон бўлиб ном чиқарган. У Ҳиндистондаги бир подшоҳни жонини сақлаб қолган. Подшоҳ хивалик паҳлавоннинг кучига қойил қолиб унга: "Сенга нима керак бўлса сўрагин" - дебди. Паҳлавон Маҳмуд подшоҳга: "Менга бир ҳўкизни хомига (ҳўкиз терисига) сиққан ватандошларимни озод қилиб беринг", - деб жавоб қилибди. Подшоҳ рози бўлибди ва ҳўкиз терисини келтиришни буюрибди. Паҳлавон Маҳмуд теридан ингичка тасмалар қирқиб олган ва уларни бир-бирига улаб узун камар (қўра) қилиб шунга сиққунча одамларни олиб Хивага жўнаган, у билан келган одамларни шаҳар таш-қарисидаги Шайхлар қишлоғига жойлаштирган. Ҳозирги вақтгача қишлоқ аҳолисини кўпчилиги бу ривоят ҳақиқат, ин-қилобгача бўлган даврда қишлоқ аҳолиси Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида хизматда бўлишган, деб айтишади. Мазкур афсона Паҳлавон Маҳмуднинг нақадар донишманд, буюк халқпарвар инсон бўлганини намойиш этади. Уни замонасининг илғор ва ҳур фикрли файласуф олими, катта истеъдод ва заковат эгаси, шоирлик мушоҳадаси жиҳатидан "Хоразм Ҳайёми" деб ҳам аташган.
Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, Паҳлавон Маҳмуд шеърда ҳам, фалсафада ҳам Умар Ҳайёмнинг заковатли давомчиси бўлиб қолмай балки форсий, туркий халқлар адабиётида ҳам Ҳайёмдан сўнг рубоий ёзишда унга тенг келадиган шоир бўлган эмас. Ҳатто Абдураҳмон Жомий, Навоий, Фузулий, Бобур каби буюк шоирлар ҳам ўз кучларини рубоийда синаб кўрса-да, бу жанр улар ижодида иккинчи ўринда турган.
Паҳлавон Маҳмуд шарқ адабиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Паҳлавон Маҳмудни шу даврда "Хоразм Ҳайёми", "Мазондарон йўлбарси" деб улуғлашган. У "Қитоли" - "Жангчи" тахаллуси билан ғазаллар битган, у "Канз ул-ҳақойиқ", - "Ҳақиқатлар хазинаси" (1303-1304 йиллар) номли асар ёзган. Унинг теран мазмунли, нафис ва ўйноқи рубоийлари:
Дунё бамисоли бир заррин кўза,
Суви гоҳ ширин-у, гоҳ аччиқ бўза.
Э ғофил, умрингга бино қўйма кўп,
Қазои муаллиқ турар бош узра.
***
Дунё бинокори тузар қаср - айвон,
Тузиб бўлади-ю, қилади вайрон.
Фалакка етказиб бугун тоқини,
Эртага этади ер билан яксон.
Бундай сатрларни ўқиган киши шоир дунёқарашининг қудратини, унинг инсонпарварлик туйғуларини ҳам сезади. Асли тасаввуф тариқатини пантеизм (ваҳдатул вужуд) оқимига мансуб Паҳлавон Маҳмуд инсоннинг ақлий ва ижодий имкониятларига юксак баҳо беради. Паҳлавон Маҳмуднинг тарихий таржимаи ҳолини тиклашда кўп хизматлар қилган, унинг ноёб рубоийларини нашрга тайёрлаган Тўхтасин Жалилов шундай ёзади: "Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, шоирнинг туғилиб яшаган даври Хоразм тарихидаги энг оғир мусибатлар келтирилган Чингизхоннинг қонли юришларидан кейинги 10 йилликларга тўғри келган, шундай даҳшатли балоларни бошидан кечирган Ватанда, унга етказилган катта жароҳатлар ҳали битиб улгурмаган бир даврда, дунёга келган буюк забардаст шоирнинг қалби денгиз тўлқинларидек қайнаб қуюлганлиги кишини хайратда қолдиради. Шоирнинг васиятига кўра, жасади ўзининг пўстиндўзлик устахонасига дафн қилинган".Унинг кўп қиррали амалий ва ижодий фаолияти шунчалик зўр бўлганки, шоир вафотидан кейин узоқ вақт ўтмай катта авлиёлар қаторига киритилган, қабри эса зиёратгоҳга айланган. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси вақт ўтиши билан кўпгина ҳукмдорлар томонидан табаррук саналиб, обод қилинган. Мақбара ичида Абулғозихон, Анушахон ва Арангхонларнинг қабри борлиги улар ҳукмдорлик қилган даврларида ҳам шоир қабри обод бўлганлигидан далолат беради.
1701-1702 йилларда Хива хони Шоҳниёзхон мақбарани янгидан қуради, бу даврдан бизга мақбарага кираверишдаги эшик ёдгор қолган. Эшикдаги ёзувларда Қуръон ояти, ҳадис ва шеърий таърихлар битилган, турғунч, мадоҳил ва бошқа исломий гуллар билан безатилган. Ушбу эшикдаги ёзувдан бир парчани келтирамиз:
"Хаста дилларни дуоларини мустажоб қилғувчи бу нурли бино Шоҳ Ниёзхон томонидан 1702 йилда таъмирланиб қудуқ ҳам қазилган. Унинг ўзи ҳам шу жойга дафн қилинган. Ўймакор уста Надр Муҳаммад".
Ҳозирги мақбара Муҳаммад Раҳимхон-I (1806-1825) томонидан 1810 йилда Қўнғирот шаҳрига қилинган муваффақиятли юришдан сўнг қурила бошланган ва унинг ўғли Оллоқулихон даврида адоғига етказилган. Мақбара 3 та қисмдан иборат. Қабрхона, зиёратхона ва хонақоҳ. Мақбаранинг ғарбий қисмида жойлашган хонага Паҳлавон Маҳмуд дафн қилинган. Хонақоҳни шимолий девори ёнида Муҳаммад Раҳимхон қабри жойлашган, унинг яқинига эса Хива хонлари Абулғозихон ва Анушахонларнинг қабр тошлари ўрнатилган.
- Ҳар гал Хивага келганимда кураги ерга тегмаган полвон Паҳлавон Маҳмуднинг қабрини зиёрат қиламан, - дейди Самбо ва миллий кураш бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, Самбо бўйича фахрийлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатининг совриндори Суннат Ортиқов. - Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, зиёратгоҳда сайёҳларнинг келиб кетишлари учун барча шароитлар яратилган. Шу боисдан ҳам бу ерга ташриф буюрувчиларнинг сони кун сайин ошиб бораяпти. Албатта, бунда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан туризмга эътибор берилаётганлиги ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилиб эсдалик учун суратга ҳам тушдик. Бу буюк полвоннинг авлодлари мамлакатимизда кун сайин кўпайиб бораётганлигига ишонч ҳосил қилдик.
Буюк хофизни ёд этиб...
Очиғини айтганда, Хивага ташриф буюришдан асосий мақсадларимиздан бири бу миллионлаб санъат мухлисларининг ҳурматига сазовор бўлган Довудий овоз соҳиби, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбоновнинг қабрини зиёрат қилиш эди. Мезбонлардан бу ҳақда сўраганимизда қабристон Ичан Қалъа музей қўриқхонасига яқин жойда жойлашганлигини айтишди. Ҳамроҳларимиз билан у абадий қўним топган манзилга йўл олдик. Салобатли, атрофлари озода бўлган мақбарада буюк ҳофизнинг исми шарифи,туғилган ва вафот этган саналари зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Мақбаранинг рўпарасида эса бу улуғ хофизнинг ота-онаси ва авлодлари дафн этилган. Айтишларича, Хоразмда вафот этганларни ер қазиб дафн этишмас экан. Марҳумларни алоҳида махсус ғиштдан ясалган даҳма ясаб шу ерга қўйишар экан. Биз гуруҳимиз аъзолари билан мар-ҳумни хотирасини ёд этиб, қуръон тиловат ўқидик. Бундай ўқимишли ҳам ҳофиз, ҳам шоир инсонлар келгусида ҳам туғилармикин, деган саволни ўзимизга бердик. Ҳофиз аслида Хиванинг фарзанди бўлиб, то вафот этгунга қадар нафақат Хоразм халқига, балки бутун Ўзбекистон элига хизмат қилган. Гарчи унга тириклигида Ўзбекистон Халқ артисти унвони берилмаган бўлсада, у том маънодаги Халқ артисти эди. Халқимиз уни севар, ардоқлар, унинг телевидение орқали чиқишларини интизорлик билан кутишарди. Ўзимиз ҳам буюк ҳофизнинг қабрини зиёрат қилганимиздан руҳимиз енгил тортди. Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Хоразм сафари бизда бир олам таассурот қолдирди. Мезбонлар билан хайрлашар эканмиз, уларга қарата бизнинг қадимий ва навқирон Самарқандимизга ташриф буюрингизлар, меҳмон бўлингизлар, Самарқанд диёрида кўришгунча омон бўлинг азизлар, деган тилак- ни билдирдик.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
журналист.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22