Миллий қадриятларимиз ОНАМ ПИШИРГАН СУМАЛАК

Эрта тонгдан баҳорнинг муаттар ифори таралмоқда. Қаҳратон қишнинг қаҳрини енгиб ўтган она-табиат уйғониб, гўё юртимиз узра ҳушхабар улашаётгандек...Гўёки қалбимиздаги соғинч ҳисларидек барқ уриб боғлардаги ўриклар гулга бурканган. Борлиққа қараб тўймайсан киши. Баҳорнинг майин шабадаси болалик хотираларингни ёдга солади.
Баҳор бошланиши билан ҳар йили онам сақлаб қўйган буғдойини ювдиради. Катта хонатахтага жой қилиб, ҳар кимнинг ҳам кўзи тушмасин деб, хонтахтани атрофини оппоқ дока билан ўратиб, тоза буғдойни ёйдиради-да, уни диққат билан парваришлайди ўзи. Бир ҳафта ўтар-ўтмас игнани кўзидай кўз очган кўк майсалар ширага тўлиб тайёр бўлганидан сўнг дарҳол эрта тонгдан сумалакка ҳозирлик кўрамиз. Буғдойнинг кўкини ўғил болалар келида туйиб, биринчи шираси алоҳида идишга олиб қўйилади. Иккинчи-учинчи шираларига ун солиниб, 5-6 нафар хотин-қизлар билагини шимариб, қорийди ва қозонларга солинади. Икки нафар кекса кишилар ўқлоқларга боғланган капгирлар ёрдамида хамир қоришмасини тўхтовсиз ковлаб туришади. Қозон тагига олмаслиги учун албатта олдиндан доғлаб қўйилган ёғ, сўнгра эса болалар териб қўйган тошлардан ҳам ташланади. Ҳар бир киши сумалакка тош солганда, капгир билан ковлаганда ўз орзу ниятларини айтади. 
Шу тариқа сумалак роппа-роса 24 соат давомида қайнаб тайёр бўлади. Димлаб қўйилган қозонни очганда ҳамма сумалакнинг юзида пайдо бўлган суратларни кўришга ва ҳар ким ўзича талқин қилишга ҳаракат қилишади. Буни тилда айтиш осон албатта. Бир кечаю бир кундуз тинимсиз меҳнат қилишнинг ўзи бўлмайди. Айни тонг отай деганда ҳамманинг кўзига уйқу келади. Онамнинг айтишича, худди шу пайти фаришталар ёрдамга келар экан ва сумалакка таъм бериб кетар экан. Шу боисдан куну тунги навбатчилик ташкил қилар эдик. Барибир биз ёшлар тонгга бориб ухлаб қолардик. Жонсарак онам ва қўшни аёл сира ухламас эди. Ҳозиргидек газ қаерда дейсиз? Раҳматли отам усталик билан ерни қазиб ўчоқ ясар эди ва олдиндан тўплаб, йиғиб қўйилган катта-катта тўнка ўтинларни қаловини топиб, оловни бир маромда ёнишини ўз зиммасига олар эди. Эсимда, сумалакдан сўнг ўша   ўчоқни ичига бир неча йилдан буён фарзанди бўлмаётган қўшни келинни киргизиб ҳам олишган эди. 
Орадан йиллар ўтди. Қарийб 40 йил давомида онам ҳар баҳорда сумалак пиширишни канда қилмади. Қўни-қўшнилар, маҳалладошлар, қариндош-уруғлар онам пиширган сумалакнинг мазасини татиб кўриб яна пиширайлик, дея сира қўйишмас эди. Шу боисдан бўлса керак, баҳор келса ёшлигимнинг энг яхши даврлари бўлган, етти қиз ва тўрт нафар ўғил аҳил-иноқ бўлиб вояга етган болалик уйим ва ўша беғубор даврим ёдимга тушади. Онажоним пиширган миллий таомларимиздан ғилминди, гўжа, кесканош, қуртова, ҳолвойитор, ёғли патир, кўк сомса ва сумалакларнинг тоти эса қалбимда бир умрга муҳрланиб қолгандек, ёшлик баҳорини эслатади.
Мана яна баҳор келди. Инсоннинг ёшлик даври худди баҳорга ўхшайди. Бутун борлиқ сенга кулиб боқади, сен ҳам ғам-ташвиш нималигини билмайсан гўё. Умр деганлари эса шошқалоқ сой мисоли кўз очиб юмгудек ўтиб кетар экан. Сочларингга оппоқ кумуш рангни, юзларингга саноқсиз ажинларни солиб, ёшлик шижоатингни, белингдаги қувватингни еллар олиб кетгандагина умринг ўтиб кетаётганлигини билиб қолар экансан. Бугунги кунда онамнинг ёши саксон учдан ошган, 11 нафар фарзандини оқ ювиб, оқ таради, меҳр билан парваришлади. Эндиликда 31 нафар набираю, 25 нафар чеваранинг меҳрибон бувиси. Ҳамон ўша эски одатини қўйгиси келмайди:
- Сумалак пишириш Момо ҳавомиздан қолган азиз неъмат, ўзбек халқининг энг яхши урф-одатларидан ҳисобланади, дейди бизга. - Албатта ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталик, қут-барака, тўй-томоша бўлсин десангиз, ҳар йили сумалак пиширишни одат қилинглар. Мен бошлаган ишни давом эттиринглар.
Дарҳақиқат, асрлар билан тиллашган энг кўҳна миллий байрамимиз бўлган Наврўз кунлари янг яқин кишиларимизни кўргимиз келади, бир-биримизга яхшиликлар қилгимиз, араз ва гиналарни унутгимиз, барчага меҳр улашгимиз келади. Ахир орамизда ўтган баҳорни, бу йилги баҳорни кўрмаганлар қанча… Шундай экан, бу дунёда ҳар биримиз бир-биримизга меҳмон, қадрли эканлигимизни унутмайлик. 
Пиру бадавлат онахонларимиз дуога қўл очганларидек: "Омонлик-омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик. Дунёмиз ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!". Янги кун, янги йил барчамизга муборак бўлсин!
Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Мавзуга оид: