ЯХШИЛИК ВА ЁМОНЛИК

Яхшилик тепада, ёмонлик пастда дейишади. Инсон олдида иккита йўл бор, у шундан бирини танлашга мажбур. Бирида вақтинчалик лаззат ва роҳатлар нақд, иккинчисида роҳат озроқ бўлса ҳам, кейинроқ абадий бўлади. Инсонга ақл берилган,у шу ақл туфайли фойда ва зарар, яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қай бири фойдали эканлигини ажратиб олган инсонларнинг ҳаёти маъно-мазмун касб этади. Ақлини ишлатмаган киши эса жоҳил ва нодондир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: “...Ва биз уни икки баландликка йўллаб қўйдик-ку!”(Балад сураси, 10-оят). Муфассирлар буни яхшилик ё ёмонлик довонлари деб шарҳлашган. Икки баландликдан бирини танлаш, қай бирига кўра ҳаётини барпо этиш инсоннинг ақлу фаросатига ҳавола. Агар у инон-ихтиёрини нафсга топширса, уни ёмонлик сари етаклайди. Нафс эса роҳат ва лаззатга ўч, ҳеч қачон машаққат ва уқубатни истамайди.

    Дунёга келган гўдак фитрати соф ва маъсум. Ёмон амал унга улғайгани сари ота-она ё бошқа таъсирлар воситасида ўзлашиб боради. “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади”, деган нақл бежизга айтилмаган. Шунинг учун яхши амал қилган инсон асло ҳижолат бўлмайди, балки хурсанд бўлади, ўзини руҳан енгил ҳис қилади. Лекин ёмон амал қилса, бу табиатида йўқлиги боис бировлар кўриб қолишини хоҳламай уялганидан ерга кириб кетгудек бўлиб, бу қилиғини махфий қолишини истайди. Яхши инсон бирор гуноҳ қилмасликка азму қарор этади, истиғфор айтади.

   Лекин, ёмон амал қилганлар муваффақият қозонса ҳам қиёмат куни   йўлиқадиган катта хатарни унутиб, фахр қилса улкан зиён кўради. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Аниқки, ким бирон гуноҳ қилса, уни ўз зиёнига қилган бўлади.”. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир: “Кимки, бирон хато ё гуноҳни қилиб, сўнгра уни пок одамга туҳмат қилиб тўнкаса, у буҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди”. (Нисо сураси, 111-112-оятлар).

    Дарҳақиқат, инсон бир кишига ёмонлик қилиб, зулм билан дунёвий роҳатга эришдим, деб ўйласа, қаттиқ адашади.

                                     Гулнора АҲМЕДОВА,

                     Ойтамғали МФЙ отинойиси.

Мавзуга оид: