ОТА-ОНА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА МАСЪУЛ ШАХС

Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, ҳар бир ота-она бу неъматни қадрига етиб, ҳаққини адо қилиши зарурдир. Динимизда фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилган бўлиб, уни фарзанд ҳатто дунёга келмасдан олдин бошлаш кераклиги бир қанча китобларимизда баён қилинган. 
Ривоят: Ибн Сино қишлоқда яшаб, табиблик қилар экан. Кунлардан бир кун шу қишлоқлик бир йигит билан бир қиз турмуш  қуришибди. Улар яхши ҳаёт кечиришибди. Орадан тўққиз ойу тўққиз кун, тўққиз соату  тўққиз дақиқа ўтгач, фарзанд кўришибди. Бироз вақтдан сўнг, улар бир-бирига маслаҳат қилишибди. Боламизни қандай тарбия қиламиз? Уни шундай тарбия қилайликки, катта бўлганда эл-юртга фойдаси тегадиган чин инсон бўлсин, дебди эри.
- Тўғри айтасиз - дебди хотини. Мен ҳам шуни ўйлаб турган эдим. Яхшиси Ибн Синодан сўраб қўя қолайлик. Бу гап эрига маъқул тушибди. Эр-хотин болани кўтариб, Абу Али ибн Синонинг ёнига келишибди. У бир кичик тор кулбада яшар,  шундай бўлса-да, донғи оламга кетган олим экан. Абу Али ибн Сино эр-хотинни яхши кутиб олибди. Нима иш билан келганликларини сўрабди. Шунда эр-хотинлар «Боламизнинг тарбияси ҳақида бизга маслаҳат берсангиз. Токи катта бўлгач, эл-юртга фойдаси тегадиган киши бўлсин», - дейишибди.
- Қачон туғилди? - деб сўрабди Ибн Сино.
- Эрта билан туғилди, - эрининг ўрнига хотини жавоб берибди.
- Э... азизлар, - дебди Ибн Сино. - Бола эрта тонгда туғилган экан, ҳозир чошгоҳ бўлди, кечикибсизлар. Бола туғилиши билан унинг тарбияси ҳақида қайғуриш керак. "Ниҳолни бошдан, болани ёшдан" деб бекорга айтишмаган ахир, деган экан.
Муқаддас динимиз отанинг зиммасига фарзандни дунёга келтиришдан олдин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз: Бўлажак фарзанд учун одоб-ахлоқли, дину-диёнатли она танлаш. Чунки фарзанд тарбиясига отадан кўра онанинг таъсири кўпроқ экани барчамизга маълум. Сабаби, оталар кўпроқ вақтларини оиласининг таъминоти учун кўча-куйда ўтказадилар. Фарзанд эса кўпроқ онаси билан уйда қолади. Фарзанд ким билан кўпроқ мулоқотда бўлса, табиийки, ўшанинг таъсири катта бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада шундай деганлар: Яъни "Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинглар" (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, фарзанд одоб-ахлоқли бўлиши учун унинг биринчи суҳбатдоши бўлмиш онасини ҳусни хулқли ва солиҳасини танлаш отасининг бурчи экан.
Динимиз отанинг зиммасига фарзанди дунёга келгандан кейин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз: 1. Ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш. Гар ота буни ўзи бажара олмаса, бошқа бир кишини ўзидан вакил қилса ҳам бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: "Кимнинг боласи туғилса-ю иқома айтса, унга уммусибён зарар етказа олмайди".  (Имом Абу Довуд ривоятлари)
Уммусибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир. Унинг қиладиган иши гўдакларга зиён етказишдан иборат. Аммо боланинг қулоғига азон ва такбир айтиб қўйилса, мазкур жин болага зарар етказа олмай қолади.
2. Фарзандга маъноли ва чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: яъни "Қиёмат кунда ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун фарзандларга чиройли исм қўйинглар". (Имом Аҳмад ривоятлари)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир»- деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдураҳмон ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи Ҳамдуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбарлар, саҳобалар ва тобеинлар каби улуғ зотларнинг исм-лари ҳам қўйилишга тавсия қилинган яхши исмлар ҳисобланади.
Қизларга ҳам ўтган улуғ момоларимиз саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўйиш тавсия этилади.
3. Она имкониятга қараб фарзандига ақиқа қилиб бериши. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: яъни "Янги туғилган болага ақиқа қилиш бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундан нопокликни кетказинг!" (Имом Бухорий ривоятлари)
Шаъриатимизга кўра, ақиқани кўриниши шуки, бола туғилганидан кейин 7 (еттинчи) куни сочи олинади ва ўша сочининг оғирлигига тилла ёки кумушнинг қиймати миқдорида фақирларга садақа қилинади.
Ақиқа кунини тайин қилиниши борасида Ойша розияллоҳу анҳу шундай деганлар: Ақиқа еттинчи куни бўлсин. Агар еттинчи куни бўлмаса, ўн тўртинчи куни бўлсин. Агар ўн тўртинчи куни бўлмаса йигирма биринчи куни бўлсин"(7-14-21).
Уломаларимиз айтадиларки, мана шу кунларда ақиқа қилишга отанинг молиявий имконияти бўлмаса, қачон бўлса, ўша пайтда қилиши мумкин.
Шу билан бирга отаси боласини солиҳ ва тақводор киши ҳузурига олиб бориб танглайини кўтариши ҳам марғуб ишлардандир. Танглай кўтариш дегани солиҳ ва тақводор киши бир хурмо ёки ширин мевани олдин ўзи чайнаб туриб, боласининг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деярли, доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар.
4. Чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқли қилиб фарзандни тарбиялаш ҳам ота-оналарнинг бурчларидандир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳадиси шарифларининг бирида шундай марҳамат қиладилар: яъни "Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди" (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ота-она ва фарзанд тарбиялашга масъул шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиши каби фазилатлар билан вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари динимиз талабидир.
Рустамхон ЭРГАШЕВ,
"Қум" жоме масжиди имом хатиби.
Мавзуга оид: