БЛОГЕР БЎЛМОҚЧИМАН
(Ҳ а ж в и я)
Ёшим қирқдан ошиб қолган бўлсада, ҳамон бир касб ёки ҳунарли бўлолмай, хуноб бўлиб юрган кезларим эди. Жуда қийналиб кетдим. Ахир, камина ҳам, хотин ҳам ғирт бекорчи бўлсак, қўлимиздан бирор бир иш келмаса, унинг устига устак, омон бўлгур болажонлар ҳам битта эмас, иккита эмас, учта эмас, тўртта десангиз... Уларни боқишни ўйламасдан кўпайтираверган эканмиз. Яхшиямки, бу ҳақда биз ўйламасак-да, давлатимиз кўп болали, кам таъминланган оилаларни ўйлаб турли хил дафтарлар ташкил қилди. Бу эса, бизга ўхшаганларга айни муддао бўлди. Маҳалла эр-хотин икковимиз ҳам ҳеч қаерда ишламаганимиз учун бизни кам таъминланган оила рўйхатига киритди. Шу орқали янги бошлаган уйимизнинг устини бир амаллаб ёпиб олдик. Худога шукр, энди бошпанали бўлдик. Қишдан бир амаллаб чиқиб олсак, марра бизники, ер олиб, экин экамиз ва албатта ўзимизни тутиб оламиз, деб мақсад қилдик. Лекин, болаларни боқиш, рўзғор тебратиш, айниқса, қишдан эсон-омон чиқиш жуда мушкул бўлди. Бир дўстимнинг маслаҳати билан ҳоким бобонинг қабулига бориб, соғин сигир беришини, жўжа бирдай жон эканлигимизни айтиб, ёрдам сўрадим. Ҳоким бобо ҳам жуда сахий ва камбағалпарвар инсон экан, шу ернинг ўзида бир фермерга буйруқ берган эди, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг эрталаб қарабсизки, ҳовлимизда соғин сигир пайдо бўлди. Тушумми, ўнгимми, хурсандчиликдан кўзимдан ёш чиқиб кетди. Хотиннинг ҳам оғзи қулоғида, тезда сигирни соғиб, сутини ўлчаб кўрди:- 3 литр сут берар экан, дадажониси. Болаларнинг оғзи оқарадиган бўлди. Ҳоким бобога минг раҳмат, асло кам бўлмасин.
- Яхши, лекин энди сен ҳам ҳар куни 3 қучоқдан ўт териб келиб, молни боқадиган бўлдинг...
- Нималар деяпсиз, тўртта болани ташлаб қайдан ўт топиб келаман. Унинг устига ҳозир бирор бир фермернинг даласига кириб кўринг-чи?
- Ундай бўлса мол очдан ўлсинми?
- Нега очдан ўларкан, эндинига болаларнинг оғзи оққа етганда... Яхшиси, биз ҳам маҳаллага айтиб, экин экиш учун ер оламиз. Ер молимизни ҳам, болаларимизни ҳам боқади.
Ўзи ишламаса ҳам бу хотиннинг калласи ишлайди, деб ўйладим ва ер олиш учун яна маҳалланинг эшигига қатнадим. Эрта баҳордан ер бериладиган бўлди. 0,5 гектар ерга ҳам дунёнинг нарсасини экса бўлади. Лекин, ерни ҳайдатиш учун озроқ харажат қилиш керак... Ўша дўстимнинг олдига қарз сўраб борган эдим:
- Мен ҳам сенга ўхшаб ҳеч қаерда ишламасам, менда пул нима қилсин. Яхшиси маҳалланинг ўзига бор, ер берган бўлса, ҳайдатишга ҳам ёрдам берсин-да,- деди.
Олим ҳақ гапни айтади. Маҳалла раиси яна бир қўлласа, нима қилибди, ўзимни тутиб олардим? Лекин, бу гал ишим ўнгидан келмади. Хомуш бўлиб уйга қайтаётсам, яна дўстим Олимга дуч келдим.
- Маҳалла сенга ёрдам бермайдиган бўлса, уларнинг барисини ижтимоий тармоққа ёзамиз.
- Нималар деяпсан? Ахир сенга ҳам, менга ҳам шунча ёрдам берди-ку!
- Ёрдам берса, уларнинг чўнтагидан кетяптими? Гапни кўпайтирма, сен экин майдонингни бошида туриб бор гапни айтасан, мен эса зўр қилиб видеога оламан.
Дўстимнинг қистови билан видео тайёр бўлди ва тезда ижтимоий тармоқ ор-қали тарқалиб кетди. Уч кун ўтар-ўтмас, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ер ҳам ҳайдалди, экин ҳам экилди. Бўларкан-ку, ёрдам қилса... Назаримда ҳамқишлоқларим ўртасида обрўйим ҳам анча ошгандек эди. Эндиликда одамлар менга Эрка деб эмас, Эркабой деб мурожаат қиладиган бўлишди. Ҳаттоки, айрим кишилар турли идораларга бориш ҳақида мендан йўл-йўриқ ва маслаҳат сўраб, тинимсиз эшигимни қоқишади. Очиғини айтадиган бўлсам, берган маслаҳатим учун айрим кишилар чўнтагимга оз-оздан пул ҳам солиб кетишади. Айрим раҳбарларни устидан халқ қабулхонасига шикоят хатлари ёзиб бера бошладим. Тезда машҳур бўлиб кетдим. Бу касбим менга ёқа бошлади. Бундан айниқса, хотиним Нафисаойнинг хурсанд бўлганини кўрсангиз, у ҳам эндиликда ўзини маликалардек тутиб, менга "Бегим" деб мурожаат қила бошлади:
- Бегим, энди сиз ўзингизга яраша обрўли одамга айландингиз,- деди у. - Тезда ижтимоий тармоқлар орқали ўзингиз учун алоҳида группа очиб, ўзингизни блогер деб таништирсангиз, тез кунда бойиб кетасиз. Бир йил деганда насиб қилса, Каптива минасиз! Ҳозир ҳамма шундай қиляпти, қолаверса, ҳозирги давр блогерларники, уларнинг айтгани-айтгани, дегани-деган...
Нафисани сира гапи тугамасди. Уни қаттиқ уришиб ташлаган бўлсамда, хотинимнинг гаплари қулоғимга мойдек ёқиб тушди. Ахир унинг айтганларини қилиб шу даражага етдим-ку...
Блогер Эркабой ОРЗУЕВнинг
мактубини Г.НАМОЗОВА оққа кўчирди.
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00