САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

- Кейинги пайтларда иш жойимдан, менинг розилигимни сўрамасдан, ойлик иш ҳақимдан ушлаб қолишмоқда. Хусусан ободонлаштириш ва бошқа сабаблар. Қонунчиликда ходимнинг меҳнат ҳақидан қандай ҳолларда ушлаб қолиниши белгиланган? Шу бўйича маълумот берсангиз?
- Меҳнат кодексининг 164-моддасига  кўра  ходимнинг   ёзма розилиги билан бундай розилик бўлмаган тақдирда эса суднинг  қарорига асосан  меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. 
Ходимнинг  розилигисиз меҳнат ҳақидан қуйидаги ҳолларда ушлаб қолиниши мумкин.
а) белгиланган солиқлар ва  бошқа   мажбурий тўловларни ундириш учун;
б) суднинг қарорлари ва бошқа  ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;
в) олдиндан берилган мақсадли пуллар (масалан, хизмат сафари учун берилган ва ишлатилмай қолинган аванс) бўйича ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун;
г) меҳнат таътили бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун;
д) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун;
ж) интизомий жазо тариқасида тайинланган жаримани ундириш учун.
Иш ҳақидан ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимнинг иш ҳақининг 50-фоизидан ортиб кетмаслиги лозим. 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу чеклов алимент мажбуриятлари бўйича    қарздорликни иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шавкат ҚУРБОНОВ,
ҳуқуқшунос.