ТУҲМАТ ГИРДОБИДА

Қози ҳозир Эсиргаповга "олти тонна бўғдой олдим  деб бекорга имзо чекмагандурсан, босмахонанг хусусий бўлса-ку, у бошқа гап, сен нақд пул олиб, кирим қилмасдан газета чиқардингми?" деган саволни бермади. Демак, қози фақат Йўлдошни айблаш учун саъй-ҳаракат қилаётганлигини фаҳмлаш мушкул  эмас  бу ерда. 
Шундан сўнг қози солиқчилар Бобораҳим Ризаев ва Суннат Фозиловларни сўроқ қилди. Уларга таҳририят фаолиятини қандай текширганликларини, таҳририятда солиқ тўловлари қонун талаблари асосида юритилиши ҳақида савол берилганда, жўяли жавоб бера олишмади. Шунда Маҳкамовга қўйилган "солиқни яшириб келган" деган айбноманинг чалкаш эканлиги сезилиб қолди. Тошпўлатовга бу ҳолат суд ишини чўзиш учун асқотди ва солиқчиларга "келгуси суд йиғилишига бу масалани аниқлаб келинглар, бўлмаса устиларингдан жиноий иш қўзғатаман" деди. Солиқчиларнинг дами ичига тушиб кетди. Негаки, улар  ўзлари қўйган айбни ўзлари исботлаб беролмадилар. 
Суд мажлисининг иккинчи, учинчи кунлари ҳам шу тахлитда ўтди. Маҳбус тўғрисидаги бирор   айбни исботлашнинг имкони бўлмади. Шу сабабли қози жиноят ишининг солиқ тўловлари қисми баҳсли, муаммоли бўлганлигини инобатга олиб, қайтадан аудитор текшируви ўтказилишини маълум қилди. Аммо, Маҳкамовни ҳибсда қолдириш, ёки, очиққа чиқариш масаласини овозга қўйди.  Дастлабки сўз прокурор ёрдамчисига берилди. У Маҳкамовни очиққа чиқариш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган бўлса, даъвогар Зарифа Хўжаеванинг баёноти ҳаммасидан ошиб тушди.
- Ҳурматли суд ҳайъати, - дея гап бошлади Хўжаева мулойимлик билан, - неча кундан буён суд мажлисида иштирок этаётган бўлсак, биз бу орада Маҳкамовнинг асл қиёфасини яққол билиб олдик. Мен сиздан илтимос қилардим-ки, ҳурматли судья, Маҳкамов ҳибсда маҳкам ушлаб турилмоғи шарт. Башарти у очиққа қўйиб юбориладиган бўлса, менга  ҳар томонлама тазйиқ ўтказишга, мендан ўч олишга ҳаракат қилади. Ҳаётим хавф остида, манави, хотинининг тазйиқлари ҳам етади менга. Сизлардан илтимосим шу. Барно ўрнидан туришга, нимадир дейишга оғиз жуфтлаган эди ҳамки, қайноғаси "сиз жим ўтиринг, ортиқча гапнинг кераги йўқ" деб, уни тинчлантирди. 
Суд раиси ҳайъат аъзолари билан фикрлашиб олиш учун маслаҳат уйига киришини айтди ва  қандай ечимга келганликларини  кейин маълум қилишини билдириб, суд залини тарк этди. Ҳайъат аъзолари унинг ортидан эргашдилар. Орадан ўн дақиқа ўтиб, улар чиқиб келишди. Раис қайтадан аудиторлик текшируви тайинланганлиги, Маҳкамовни эса ҳибсда сақлашликка қарор қилинганлигини эълон қилди. Қозининг гапи Йўлдошнинг бошига чўқмор билан ургандек таъсир қилди. ўазабдан кўз олди қоронғилашиб, боши ғувлади. Аммо, зумда ўзини қўлга олди. Ногоҳ, кўзи Хўжаевага тушди. У қозининг қароридан мамнун, ёйилиб, ялтоқланиб қозига миннатдорчилигини билдираётган эди. 
Йўлдошни яна ҳибсхонага олиб келишди. Унинг асаблари бузилган, ўзини қўярга жой тополмасди. Адолатсизлик, инсофсизлик! Демак, қози уни яна қамоққа жўнатиб, қайта тафтиш ўтказмоқчи. Қандай қилиб бўлса ҳам уни айбдор қилиб, уни озодликдан маҳрум этишни мақсад қилган. Ахир, шунчалар хавфли жиноятчими у, наҳотки яна Каттақўрғонга жўнатиб юборишса-я? Исмоилов нега жим?  "Ишим битди, эшагим сувдан ўт-ди"ми, энди?   Йўқ, у киши бу масалага бефарқ қараб турмайди.
Суддан сўнгги уч кун давомида Йўлдош ана шу ўй хаёллар исканжасидан қутила олмади. Душанба куни уни қозининг хонасига олиб боришди.Тошпўлатов қандайдир қоғозларни кўздан кечириш билан овора эди.
- Маҳкамов, ўйлаб кўриб, сизни озодликка чиқаришга қарор қилдим. Мени ноҳақдан ҳибсга олишди деб, уёқ, бу ёққа ёзиб юрманг тағин. Тақдирингиз менинг қўлимда. Президент айтса ҳам, ишингизни мен ҳал қиламан. Тафтишдан кейин яна учрашамиз, шуни унутмасангиз бўлди, - деди қози унга мурувват кўрсатаётгандек, таъна қилиб. Ўртага тушганлардан қўрқмайман ҳеч қачон, ҳар доим қарорни ўзим қабул қиламан ва бу сафар ҳам худди шундай. 
Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтиб, Йўлдошга жавоб беришди. Жасур Исмоилов йўлнинг нариги томонида кутиб турган экан. Иккаласи қучоқлашиб кўришишди. 
- Қандайсиз, қийинчиликлар бўлмадими, ҳар қалай?
- Бошга тушганни кўз кўради дейишади-ку.
- Энди кўзингиз очилди. Дўсту душманни ажратиб оладиган бўлдингиз, тўғрими? 
- Тўғри, кўзим очилди, - деди Йўлдош тан олиб. Ўз ходимим бўла туриб, ҳар кун ёнимда  гапу-хандон қилиб юрган бир аёлдан шунча гап чиқса-я?
- Ҳалиям кўзингизни каттароқ очинг, гап шугина бир аёлга  боғлиқ эмаслигини биласиз-ку.
Иккала суҳбатдош бир мавзуга келиб тўхташганини билиб, тасдиқ маъносида бош чайқаб кулиб қўйишди. Ҳақиқатан ҳам депутатнинг гапида жон бор эди. Шу кунгача Йўлдош барчани бирдек кўрадиган, айрим масалаларда соддадиллик билан ҳамроҳига  ишониб кетаверадиган, дилидагини ташқарига чиқариб, сир сақлашни эплолмайдиган одати бор эди. Ишончли вакилининг бу феълини Исмоилов яхши билар, шу боисдан кўпинча уни  огоҳлантириб, танқид қилиб қўярди.
Йўлдош йўл-йўлакай қўшни тумандан токи уйига қадар давом этган депутат билан суҳбатларида қози нима учун уни ҳибсдан озод қилганлигини билиб олди. Исмоиловнинг маслаҳати билан бугун эрталаб хотини Барно қарз-қавола қилиб бўлса ҳам редакция кассасига 720 минг сўм пулни тўлаб, етказилган зарарни қоплаган. Тўловномани Исмоиловга олиб келиб берган. Қози депутатга «етказган зарарини тўласа, Маҳкамовни ҳибсдан озод қиламан» деб ваъда берган экан. Исмоилов квитанцияни бергандан кейин ҳам Тошпўлатов турли баҳоналарни рўкач қилиб, субутсизлик қилаверган. Депутат бу масалани Олий Мажлис қонунчилик комиссиясининг муҳокамасига қўйишини таъкидлагандан кейингина у Йўлдошни озод қилган. Агар Исмоилов шундай йўл тутмаганда Йўлдош ҳали-бери ҳибсхонадан чиқарилиши номаълум эди. Тошпўлатов эса, "одамгарчилик юзасидан" дейди-я, эҳ, номард.
Қуёш ботиб, тун олам узра ўз сепини ёзаётган паллада у қишлоққа кириб келди. Энаси билан дийдорлашди. Гўёки, камбағалнинг уйига чалпак ёққандек, ярим кечгача хонадонда ошна-оғайнилар, айниқса, болалар  ўйин-кулгу қилишди.
*** 
 Йўлдошни ҳибсдан озод этишга қарор қилди-ю, аммо, қози аросатда ўйланиб қолди. Борди-ю, қайта тафтиш чоғида фактлар тасдиқланмаса-чи? Унда нима бўлади? Маҳкамовни шунча кундан буён  ҳеч бир асоссиз ҳибсда ушлаб турганлиги учун  жавоб бериши керак. Қолаверса, Донаев билан ўрталарида келишув бор. Ахир унга нима қилиб бўлса ҳам Маҳкамовни жавобгарликка тортаман деб ваъда бериб қўйган. Ваъдани бажармаса, мўмайгина пулдан қуруқ қолади. Энг катта муаммо депутатнинг аралашуви бўлди. Қонун-қоидани яхши билар экан бу зиёлий, ичида кўп гап борга ўхшайди. Кейинги пайтлар депутатлар ҳам фаоллашиб қолдими-ей, илгари қорасини кўрмасдик, энди тап тортмай эшигимиздан кириб келишадиган бўлишди. Демак, шундай иш тутиш керакки, янги аудитор қилни қирқ ёриб,  батамом текширсин. Шундай таниши бор-ку, ахир. Телефон рақамини ҳам қаергадир ёзиб қўйганди. Ҳа, мана бор экан. Қози навбатчи котиба қизга "менга мана шу номерни улаб беринг" деди. Бир оздан сўнг у тарафдан  "алло" деган овоз келди.
- Алло, бу "Миёнкол" аудиторлик фирмасими?  Менга Суюн Халилов керак. Э, ўзингизмисиз, жа яхши бўлди-да, омон-эсонмисиз? Мен Бошариқ туман судиниг раиси Тошпўлатовман. Эртага мен билан учрашиб кетишнинг бир иложини топсангиз. Бораман дейсизми, раҳмат, кутаман     сизни.
Қози телефон гўшагани жойига қўяр экан, енгил нафас олди. Муаммо ҳал бўлган кўринди. Ўтган йили ҳам бир хўжаликда ёзишма бўлиб, раиснинг устидан иш қўзғатишликни катталар сўраганида Тошпўлатов у ерга аудитор Халиловни юборган эди ва айтганидан ҳам зиёда қилиб тафтиш қилиб берган,иш судга оширилиб, раис жазосини олган эди. 
Вилоят, туман прокурорларининг топшириғи билан Халилов ана шундай нозик ва катталар нигоҳи тушган жойларни тафтиш қилишга сафарбар қилинар, тафтишчи ҳам зиммасига юкланган вазифани аъло даражада бажариб қайтар эди. Буларнинг ҳаммасидан Тошпўлатовнинг хабари бор, шунинг учун Холиловдан кўнгли тўқ эди.
Эрталаб соат 10 лар чамасида аудитор Суюн Халилов қозининг олдига етиб келди.Топўлатов у билан қуюқ сўрашиб олгач, нима учун чақиртирганлигини эринмасдан тушинтирди. Қўшни туман "Янги ҳаёт" газетасининг муҳаррири устидан ёзилган шикоят хатига асосан жиноий иш қўзғатилганлиги, муҳаррирнинг иш фаолияти қайтадан тафтиш қилиниб, синчковлик билан текширилиши лозимлигини, Маҳкамовни жиноий жавобгарликка тортишдан вилоятнинг юқори мартабали раҳбарлари хабардор эканлигини яхшилаб уқтирди. Қози нималарни текшириш кераклиги, нималарга урғу бериш лозимлиги юзасидан эслатма тузиб, суд томонидан берилган рухсатномага ҳам шу ҳақда ёзиб қўйди. Шунга кўра аудитор, авваламбор, редакция фойдаланиб келаётган 4 гектар ер майдонини ўлчаб чиқиши, беш йил давомида ердан олинган даромад, банк операциялари, таҳририят тасарруфига берилган барча қаттиқ ва юмшоқ жиҳозларнинг мавжудлиги, ходимларга ойлик маошларнинг берилиши ва шунга ўхшаш йигирма банддан иборат эслатма ёзилган бўлиб, ана шу эслатмада қайд этилган топшириқларни бажариши зарур эди. Тагини боплаб ковлаштирса, йўл қўйган ғайриқонуний ҳаракатлар ўз-ўзидан қайнаб чиқаверади деб ўргатувчилик қилди яна Тошпўлатов.  Халилов қозининг ҳузуридан чиқаркан "барча топшириғингиз аъло даражада бажарилади, бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин" деб, қўлини кўксига қўйганча хайрлашди. 
  ***
Эртаси куниёқ ишхонасига борган Йўлдош газетанинг навбатдаги сонини тайёрлашга киришиб кетди. Зарифа Хўжаева ҳамкасбини эшиги ёнида кўриб, бирров энсаси қотиб қолди-ю, аммо, дарҳол ўзига келиб, эшикни очди-да хонасига лопиллаб кириб кетди. Йўлдош рақибининг ортидан кириб, сўкиниб бир хуморидан чиқмоқчи бўлди-ю, судда ортиқча гап бўлишини ўйлаб фикридан қайтди. Сўнгра, кун бўйи Зарифа Хўжаева ҳам ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутиб, ходимлар орасида иш юритаверди.  У яна,худди,аввалгидек, гўё. Муҳим иши бордек, муҳаррирнинг хонасига кириб чиқар, ходимлар олдида ноқулай вазиятини билдирмасликка ҳаракат қилар эди. Аммо, Йўлдош иккиюзламачиликни ёқтирмас эди. Кимлигидан қатъий назар, камчилигини юзига айтарди. Мунофиқ, риёкорларни кечира олмасди. Бу сафар ҳам дилидагини Хўжаеванинг юзига айтиб солди:
- Зарифа Хўжаева, сизнинг менга нисбатан  қилган ҳатти-ҳаракатингизни кечириб юборади деб ўйладингизми?   Мен сизга ёмонлик қилмайман. Ким ҳақ, ким ноҳақ, ҳаммасига Оллоҳнинг ўзи шоҳид.
- Айб менда эмас, Йўлдош ака, мени ҳам сизга қарши тезлашди. Бунчалик бўлишини ҳеч ўйламовдим, - ўзини беайб кўрсатишга уринди Зарифахон.
- Майли, нима бўлса бўлар, ишлайверинг, сиз  менга эмас, ўзингизга кўпроқ жабр қиляпсиз.
Хўжаева бошини қуйи солганча хонадан чиқди. Йўлдош унинг суд мажлиси якунида айтган, Маҳкамовни ҳибсдан озод қилмаслик, йўқса у Зарифага тазйиқ ўтказиши мумкинлиги, ундан ўч олиши тайинлиги ҳақидаги фикрини асло унутолмас, кечиролмаслигининг сабаби ҳам шунда эди.
Шу орада ёрдамчи хўжалик ерига экилган буғдой ҳосили ўрилиб, таҳририят ходимларига тарқатилди. Матбуот байрами муносабати билан барчасига мукофот пули берилди.
 *** 
- Сиз муҳаррир Маҳкамовсиз, шундайми? - деди эрталабданоқ, таҳририятда Йўлдошни кутиб ўтирган қирқ ёшлардаги оқ-сариқдан келган киши.
- Ҳа, менман.
- Мени Бошариқ туман судининг раиси Тошпўлатов жўнатди. Тафтиш қилишга. Фамилиям Халилов, исмим Суюн.
- Ҳужжатингизни кўрсак бўладими?
- Ҳужжат бор, аммо, қўлингизга тутқазмайман, ўқиб беришим мумкин. У шундай деб столнинг устига семиз папкасини қўйиб очди-да,ичидан бир варақ қоғозни олиб овозини чиқариб ўқий бошлади. Халилов суд томонидан юборилганлигини, йигирмадан ортиқ банд бўйича таҳририят фаолияти қайта текширувдан ўтказилиши лозимлиги тўғрисида маълум қилди.
- Ишонгандирсиз энди? - сўради пичинг аралаш тафтишчи.
- Ҳа, ишонганда қандоқ, хуш келибсиз, - деди Йўлдош ҳам саволига яраша.
- Бўлмаса, вақтни кетказмай, ишни ҳозирдан бошласак. Аввало, тўрт гектар ерингизни ўлчаб келамиз. Мен ҳозиргина ҳоким ҳузурида ҳам бўлдим. Туман агросаноат уюшмасидан ер ўлчаш учун мутахассис берадиган бўлишди,- деди тафтишчи ўрнидан қўзғаларкан.
Улар хонадан чиқиб, ер ўлчайдиган мутахассисни олиб қишлоқ томон кетишди.Токи тушга қадар таҳририят ерини 2-3 мартадан бўйига ҳам, узунасига ҳам ўлчаб чиқишди. Ер 4 гектардан ортиқ чиқмади. Бу Халиловни қаноатлантирмади, унинг кайфияти биринчи қадамдаёқ бузилди. Унинг назарида, тўғриси, тажрибасидан келиб чиқиб, камида ярим гектар  зиёд чиқиши керак эди. Таҳририятга қайтгач,  Халилов муҳаррир хонасига барча бухгалтерия ҳужжатларини  олиб келтирди. Йўлдошдан "бу хонага ҳеч ким кирмасин" деб калитини олди. У ҳар бир журнал, кирим-чиқим ҳужжатларини  синчковлик билан кўриб чиқар, хаёли  нуқул ишкал ва камчилик топиш билан банд эди. 
Эртаси куни буғдойни ўриб-йиғиштириб берган комбайнчи ва тракторчини унинг ҳузурига чақириб келишди. Халилов уларни атайлаб то қо-ронғи кечгача ушлаб ўтирди. Берган саволлари фақат ғаллага бориб тақалар: йиққан буғдойларинг қанча, ростини айтинглар, бўлмаса, сенларнинг устингдан ҳам иш қўзғатаман. Редактор билан тилларинг бир. Агар бор гапни айтсаларинг, кетишга рухсат бераман дерди у. Уларнинг иккаласи ҳам буғдой 6 тоннадан сал зиёд чиққанлигини, меҳнат ҳаққига маҳсулот олганликларини билдиришди. Шундан сўнг тафтишчининг чиройи ва иштаҳаси очилиб "даромад солиғи тўламабсизлар-ку" деди ва уларнинг даромад солиғи ҳисобидан 500 кг буғдой олиб келишга мажбур қилди.
Халиловнинг бу хатти-ҳаракатлари Йўлдошнинг ғашига тега бошлади, охири бардошига дарз кетди:
- Халилов, агар мендан хато топмоқчи бўлсангиз, ҳоҳлаганингизча текширинг, аммо, бу тракторчиларни тинч қўйинг, улар меҳнат ҳаққи олди, солиқни мен тўлайман давлатга. Қози сизга қандай топшириқ берганлигини биламан. Сиз қонундан чиқмай иш кўринг.
Маҳкамовнинг эътирози тафтишчининг халқумига келиб турган ғазабини тилига кўчириб юборди.
- Сиз менга ақл ўргатманг, ука, хўпми? Нима қилишни ўзим яхши биламан. Бу ерга келишдан олдин шаҳарда бир ташкилотни астар-аврасини ағдариб, нақд йигирма саккиз ходимини қаматтириб юбордим. Сиз мен билан ҳазиллашманг. Менга иш ўргатиб, чалғитишингизга йўл қўймайман, деб жаҳл билан қўлидаги қоғозларни столга урди.
- Кимга аччиқ қиляпсиз? Бор нарсани текшириб, далолатнома ёзиб кетавермайсизми?
- Сиздан сўраб иш қилмайман,- деганича Халилов яна журналларни титкилашга тушди.
Йўлдош "билганингни қилавер" дегандек, хонадан шитоб билан чиқиб кетди. Тафтишчи нима қиляпти, нималарни текширяпти демасдан бир неча кун хабар ҳам олмади. Одатда, текширувчилар келса, Йўлдош ҳам уларга алоҳида мулозамат-у, одамгарчилик юзасидан чой-пой дегандек, кўнглини топишга уринарди. Бу сафар "ҳайф одамгарчилик" деди у. Йўлдошнинг йўқлигидан фойдаланган Халилов  Хўжаева билан яхшигина тил топиб олишди. Бор йўғи икки-уч кун ичида текширилиши мумкин бўлган таҳририят ҳужжатлари икки ҳафта давомида чуқур таҳлил қилинди. Далолатнома тайёр бўлгач,  уни Йўлдошнинг олдига беписандлик билан ташлади:
- Олинг, ўқиб, имзо чекинг.
Қарийб, қирқ саҳифани ташкил этган далолатномани ўқиркан, Йўлдошнинг аввалгиларидан баттар кайфияти бузилди. Яна худди ўша гаплар. Аксинча, Халилов майда-чуйда  камчиликларга ҳам алоҳида тўхталган, хатоларнинг тузатилганлиги тўғрисидаги далолатномаларни ҳисобга олмаган. Ана шу далолатномалар  инобатга олинганида эди, тафтишчи ҳеч қандай камчилик тополмаган ҳисобланарди. Шу сабабли Йўлдош арзимаган бу нуқсонлар учун тортишиб ўтирмасдан  Халиловнинг далолатномасига имзо чекди.
Давоми бор.
Мавзуга оид: