Н А Ф А Қ А

Холида хола ҳар ойнинг 1-2 санасида нафақа келишини интиқлик билан кутади. Нафақаси қўлига тегиши билан пластик картасини пул қилиш учун туман марказига шошади. Сўнгра бозорга кириб, ўзи учун хоҳлаган кийим-кечакларини сотиб олади. Қишлоқдош тенгқурлари билан алоҳида,  синфдош дугоналари билан алоҳида, қолаверса қариндош-уруғлари билан алоҳида гаштакларда иштирок этади. Олган нафақа пули кийим-кечаги ва гаштагига зўрға етса-да, ёши бир жойга бориб қолган онахон ўтаётган ҳар бир кунидан ўзича мамнун. Негаки, ўтган йиллар давомида фарзандлари, оила, рўзғор ва бола-чақани ўйлаб қанчалик  қийинчиликларга чидаб яшади. Ҳеч бўлмаганда умрининг охирида ўзи учун яшаса, тўй-томошаларда, гап-гаштакларда қатнашса, бунинг нимаси ёмон. 

Қўшниси Нозима холанинг эса невара-чеваралар тўла ҳовлисида кечаю кундуз ҳаёт қайнайди. Уларнинг боғчага боргани қайси, мактабга боргани қайси, барисига Нозима она бош-қош. Онахон саксон ёшни қарши олаётган бўлсада, сира тиниб-тинчимайди. Севимли машғулотларидан яна бири товуқ ва жўжаларни парваришлаш. Ҳар куни паррандаларига 2-3 марталаб дон, сув беришдан сира эринмайди. Ҳар йили 30-40 тагача товуқ қилади. Ахир, парранда гўшти, тухуми рўзғорнинг ками-кўстини тўлдиради-да. Ёши кексайиб, қадди-қомати букчайиб, қўлига асо тутган онахонни фарзандлари койигани-койиган:

- Онажон, оёқларингизни чўзиб дамингизни олсангиз бўлмайдими, рўзғор ташвиши сизга қолгани йўқ-ку? Нафақа пулингизни олиб, ўзингиз учун яшайдиган вақтингиз аллақачон келган бўлса, еганингиз олдингизда, емаганингиз орқангизда бўлса. Сизга нима етишмайди ўзи?

Нозима она бу гапларни эшитавериб ўрганиб қолганлиги учун бу сафар ҳам ўғлига ҳеч нарса демади. Хаёлга чўмди: "Мен бир ўзим учун яшашни хоҳламайман. Топганимни фарзандларим, набираларим билан баҳам кўраман". Шу пайт кўча томондан овоз эшитилди:

- Хола нафақа келди. Нафақангизни олиб қолинг.

Нафақа олган куни Нозима хола учун байрам. Набираларига турли хил ширинликлар, тансиқ таомлар олиб беради. Шунингдек, рўзғор учун 1 халта ун, 5 кило мой, она-бола сигири учун ем, товуқлари учун дон албатта олиниши шарт. Нафақаси эса энг кам миқдорда - 840 минг сўм бўлса-да, ўзининг барча харажатларига етказади ва бундан ўзини бахтиёр ҳис қилади. Кексайган чоғида ҳам ўз оиласига, бола-чақаларига оз бўлса-да, нафи тегаётганлигидан мамнун бўлади.

 Қариси бор уйнинг баракаси бор, деб шунга айтишса керак-да!

Гулсара ТИНИБЕКОВА.

Мавзуга оид: