Газетамиз архивидан Р А Ш К Ҳикоя

Якшанба куни уйда роса зерикдим. Нима қилишимни билмай хона ўртасида бир зум тик туриб қолдим. Беихтиёр китоб жавони томон юрдим. Ундаги аксарият асарларни ўқиган бўлсам-да, айрим китобларни қайта ўқирдим. Примқул Қодировнинг "Қора кўзлар" романини варақлашим билан китоб ичидан бир сурат ҳавода муаллақ учиб ерга тушди. Энгашиб уни қўлимга олар эканман, вужудим аллақандай бўлиб кетди. Анча йиллардан буён дилимга озор бериб келаётган яра қайтадан янгилангандай бўлди. Наргизанинг ишқида бедор ўтказган тунларим такрор ёдимга тушди. Эҳ, қандай ажойиб дамлар эди. Ўша тундаги воқеа юз бермаганда ҳозир иккаламиз ҳам бахтли бўлармидик? Қўлимдаги суратга узоқ-узоқ тикилдим. У бўлса ҳамон "Содиқ ака, наҳот менга ишонмадингиз?" деяётгандек. Иккаламизни бир-биримиздан айирган ўша тунни эслаб ҳар гал оғир хаёлга ботаман...
Август ойининг сўнгги кунлари. Кечалар ниҳоятда ойдин, самодаги юлдузлар чарақлайди. Ана шундай кунларнинг бирида ҳарбий хизматдан отпускага келдим. Шу куниёқ жонажон қишлоғимни соғинч билан қайта айланиб чиқдим. Қишлоқ деярли ўзгармаган эди. Наргизани қарийб икки йилдан бери кўрмаганим учун роса соғинганман. Унинг сўзларини такрор-такрор эшитишни, майин ва ёқимли овозига қулоқ тутишни жуда-жуда истардим.
Ҳа, уни мен бутун борлиғим, бор вужудим билан севаман. Йўл-йўлакай ана шундай ширин хаёллар оғушида Наргизага айтадиган гапларимни ўйлаб боряпман. Учрашувимиз одатдагидек ўша бир туп сада остида. Соатимга қарадим, ҳали унинг келишига роса йигирма минут вақт бор. Ариқ бўйидаги теракларнинг бирига суянганча бир зум турдим. Бир маҳал қулоғимга сада томондан аллакимларнинг аввал кулгани, сўнгра узуқ-юлуқ овози эшитилгандай бўлди. Диққат билан қулоқ тутиб, бири аёл кишининг овози эканлигини аниқ сездим. Унда иккинчиси ким бўлдийкин? Менга овоз жуда-жуда оҳиста эшитилар, сўзларни эса аниқ англаб бўлмасди. Беихтиёр ўша томонга қадам ташладим. Гумон билан гувоҳ ўртасидаги масофа тобора яқин қолмоқда. Бирдан таққа тўхтадим. Ўнгимми, тушимми? Ўз кўзларимга ишонмасдим. Сада остида Наргиза бир нотаниш йигит билан турарди. Бир лаҳза нима қилишимни билмай лол қолдим. Наҳотки, Наргиза мен хизматга кетганда... Наҳот... Қандай қилиб улар томон юрганимни, Наргизанинг саломига ҳам алик олмай:
- Наргизахон, ахир биз бир-биримизга ваъда... - дея ортиқ гапира олмай шарт бурилганимни билмай қолдим. Тўсатдан келишимни Наргиза ҳам сира кутмаган бўлса керак, бироз шошиб қолди.
- Содиқ ака... Содиқ ака, тўхтанг, ҳозир тушунтириб бераман, тўхтанг деяпман, сизга, - дея орқамдан келиб қўлимдан тутди. У менга нималарнидир тушунтиришга ҳаракат қилар, мен эса шу топда унинг гапларини эшитишни ҳам хоҳламас эдим.
- Тортинг қўлингизни, - уни силтаб юбордим. - Мен сизга ишонардим. Сиз бўлсангиз...
- Ишонинг, Содиқ ака, ҳозир сизларни таништираман, тўхтанг. - У орқамдан чақирганча қолди. ўазаб отига шу қадар минган эдимки, яна озроқ турсам бирор кўнгилсиз ҳодисани бошлашимга кўзим етганди. Жаҳл устида уйга келдиму, каравотга ўзимни отдим. Қани энди уйқу келса. Кўзимни юмдим дегунча Наргиза бояги бегона йигит билан пайдо бўлади. Наҳотки,   Наргиза  хиёнат қилса, севгимиз саробга айланса-я. Наҳот... Бу хаёллар менга сира тинчлик бермай кўйди. Укам Наргиза чақираётганлигини айтиб келганида ҳам уни қаттиқ ранжитдим. Хулас, қишлоқда ортиқ бу тарзда туролмасдим. Отпуска муддати тугамаёқ ўз қисмимга жўнаб  кетдим. Кўп ўтмай, Наргизадан  мактуб олдим. 
"Содиқ ака, - дейилганди хатда. - Ўша  куни мени қаттиқ хижолатга қўйдингиз. Ёнимдаги йигит менинг тоғам эди. Тўғри, сиз уни танимайсиз. Икковларингиз таништираман, деб уни қўярда-қўймай бирга   олиб чиққан эдим. Лекин, сиз мени тушу-нишни ҳам хоҳламадингиз. Содиқ ака, наҳотки менга ишонмасангиз? Ахир, бир-биримизга ишонишимиз керак-ку. Ҳа, сиз ҳам худди шундай дердингиз. Шундай эмасми? Жавобини интизорлик билан кутаман. 
Салом билан сизнинг Наргизангиз!".
Илгари ундан хат олсам дунёда мендан бахтиёр киши бўлмас эди. Энди-чи? Хатни  қандайдир асабийлашган ҳолда ўқиб чиқдим. Хўш, ишониш керакми унга ёки йўқ? Наргизанинг сўзларига ишонай дейману лекин,  ўша тунги воқеа кўз олдимда қайта-қайта гавдаланар, қалбим беҳад азобланарди.   Наргизасиз унинг севгисисиз бир дақиқа ҳам яшай олишим мумкин эмас, деб юрардим. Энди ҳамма-ҳаммаси тамом бўлганга   ўхшайди. Ҳарбий хизматда пайтимда Наргизани, унинг жозибали сиймосини жуда кўп эслардим. Уни ҳамон севишимни билсамда, негадир хат ёзишга йигитлик ғурурим йўл қўймасди. 
Хизматни тугатиб, уйга ўз она қишлоғимга қайтдим. Шу куниёқ нохуш хабарни эшитиб, устимдан биров бир челак муздек сувни қуйиб юборгандай бўлди. Опам Наргизанинг ҳамма гаплари рост эканлигини менга  айтиб берди. Наргиза мендан хат келавермагач, роса қайғурибди, ўша воқеани опамга куюниб сўзлабди. Орадан кўп ўтмай эса узоқ қишлоқдан келган совчиларга розилик бериб юборибди. Мен келганимда  тўй бўлганига бир неча ой  бўлган экан.   Буларни эшитарканман, ҳар бир сўз танамга наштардек қадалар, ҳақоратланган севги мендан  қаттиқ  ўч олганлигини ҳис қилар эдим.
Суратни бағримга босар эканман, кўзларимга ёш келди. Лабларим беихтиёр пичирлади: "Кечир мени Наргиза, кечир..."
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
("Оқдарё овози" газетасининг 
1984 йил, 2 декабрь, 
№ 169 сонидан олинди.)
Мавзуга оид: