Т А Қ Д И Р Ҳ А З И Л И

Қ и с с а

(Давоми. Бошланиши

 ўтган сонларда)

Норпўлатнинг сўзлари тугади шекилли, нами кочган лабини қимтиб, пиёлада   турган чойдан ҳўплаб ҳузур килгандек бўлди. Чойхоначи Ориф унинг ёнгинасида чўкиб достон тинглаётганди. У синфдош дўсти Норпўлатни бунчалар достончи эканлигини энди кўриши.

- Овоз ҳам бор экан-у! Бахшиёна овозгинангдан ўзгинам ўргилай, жигар. Тарихни достонга айлантириб юборибсанку, ўртоқжон. Ҳа -а, асло кам бўлма. Боболарингга тортибсан, ўртоғ. Отамдан - бобонг Анварни кўп достонлар билағони деб эшитгандим. Ҳа-а, бобонгдан сенга юққан эканда. жўра!.. Ҳо-о, менга қара? Ҳозир тош ўрмон дединг. Ростакам афсона-ми?..

- Ҳа-а, ярим афсона, ярим ҳақиқат.

- Бу тош ўрмонинг қаерда ўзи?..

- Хоҳласанг,  ўзим кўрсатиб келаман.  Беҳисоб дарахт тўнкалари тошга айланиб қолган. Ўтган йили қадимшуносларга эргашиб, олимнинг бу каби мўъжизакор ноёб сирларини ўз кўзларим билан кўриб, ҳайратланганман. Ҳатто турли ҳайвонлар эт - суяги тошга айланиб, битикка айланиб қолган.

-Ё, тавба!!!.. 

Чойхоначининг сўзларига Баҳром бепарво эди. У отаси сўзлаб берган достон сеҳри билан ҳамон овора эди. Шу топ отасининг олис ўтмиш ҳақидаги ўйларининг мағзини чақишга ҳаракат қиларди. Бир пасдан сўнг хаёллари чекиниб, чойхоначи Ориф аканинг: "Бундай суҳбатдан кейин, тамадди ҳам қилиш керакда", - деган сўзлари хаёлини бўларди.

Баҳром ёшлигида кўп достонлар ўқиган. Лекин ҳозиргина отасидан эшитган достонни сира эшитмаган. Турган-битгани янгилик. Ҳойнаҳой, бу достоннинг муаллифи кимлиги қизиқтириб қолди. Тамадди ниҳоялангач, Норпўлат суҳбатини давом этди.

- Ёмғир тинди. Ёмғир оппоқ жала доналарига қоришиб кетди. Иккиси қўшилиб жилғалардан сурилиб пастга ариқ бўлиб тўлиб оқарди. Жала барибир жалада. Совуғи баданни жунжиктиради. Биз юпун эдик. Совуққотганимиздан  иссиқроқ жой излардик...

Қарасам, тор тош уйнинг бир бурчагида қуруқ ўтинлар тахлаб қўйилган. Бу жойнинг олис-олисларда яшаб келаётган одамлари табиатнинг бу каби сирли инжиқликларини азалдан билиб, меҳмонлар тасодифга тушиб қолмасликлари учун ўтин ғамлаб кўйишаркан. Тош тоғчада уч- тўрт гугурт  ҳам ёнма-ён қўйилган. Омадимиз бор экан...

Чирсиллаб аланга олинаётган гулхан атрофида иккимиздан бошқа кеч ким йўқ. Ҳамроҳларимизни адаштириб қўйдик. Излашга тошқин йўл бермасди.

У нимадандир ховос олиб ёнимдан жой олди. Билагим-билагимга тегиб...  Ҳаво совуқ бўлмасин, унинг билагидан-билагимга ўтаётган иссиқ ҳароратдан ҳаяжонга тушдим. Гулхан шуъласида унинг мовий кўзларига беихтиёр тикилиб қолдим. Кўзлари менга шу қадар сирли гўзаллик ҳадя этардики, ҳали шу ёшга тўлиб бундай мантиққа бой қарашларни асло кўрмаганман. Бугунги табиат ташвишлари бизни бир-биримизга шу қадар азиз ва меҳрибон кўрсатардики, гўё бу оламда иккимиздан бошқа ҳеч ким дунё сирларини кашф қилмагандек эди. Билмадим, ёки бугунги ёмғир ва жала, сойлардан пишқириб оқаётган сел гарчан серташвиш ва ваҳимали ўтган бўлсада, бизнинг нигоҳларимиз, тақдир ҳазилини бошлаганди. Ахир бу оламда нимадир содир бўлиб, кишиларнинг тақдирини нималар биландир учраштириб, бир умрга боғлаб қўяди-ку.

Унга нимадир дейишга узоқ ўйланиб қолдим. Ҳеч бўлмаса унга ривоят бўлса-да, бирор ҳикоядан сўз очар бўлдим. Болалигимда ўқиган шунча ривоятларим тезда эсимга келавермади. Энди билсам унинг мовий кўзларидан чақнаётган сирли қарашлар тилимни боғлаб қўйганди. Унга афсоналар қироли "Гилгамиш" афсонасини сўзлаб бердим. Буни қаранг, ахир "Гилгамиш" афсонасини кимам билмайди. Ҳаммага таниш афсона. Буни олтинчи синфимда ўқиганман. Афсонадан сўз очишим билан Ҳаргизанинг ўзи илиб кетди.

-"Месопотомиянинг кекса ҳукмдори дунёга келган набираси Гилгамишни келажакда мамлакат ҳукмдори бўлишидан қизғаниб, жарга ташлаб юборишга фармон берибди. Ҳукмдорнинг фармони бажарилибди. Кунлар ўтаверибди, жарда Гилгамиш улғаяверибди. Осмонда учиб юрган бургут болани кўриб қолиб пастлабди-да, чангалига кўтариб олиб уни бир боғбонга элтиб берибди. Боғбон болани меҳр билан парвариш қилибди. Балоғатга етгач, Гилгамиш ҳукмдор бобосидан тахтни тортиб олиб, ўзи мамлакатни одилона бошқаришга киришибди. Иккаласи бир бўлиб ёвуз махлуқларга қарши курашибдилар. Маъбудлар Энкидуни жазолаб, ҳалок қилишибдилар.

Гилгамиш боқий ҳаётга эришиш учун денгиз тубида ўсадиган сеҳрли гиёҳни излаб топиб, уни ўз халқи билан баҳам кўришга қарор қилибди. Буни қарангки, бахтга қарши изига қайтаётганида ойнадек жилва  бериб турган кўлга кўзи тушибди. У сеҳрли гиёҳни кўл бўйида қолдирган экан, сеҳрли гиёҳнинг ҳидини олган илон ўғирлаб кетибди.

Шу воқеалардан кейин илон ҳар йили бир марта пўст ташлаб ёшарибди. Гилгамиш азиз шаҳрини, одамларини ёвуз кучлардан ҳимоя қилишни энг эзгу иш деб тушунибди..."

Баҳромнинг кўзи ер чизиб қолди. Норпўлат ҳикоясини давом эттирди. 

- Эртаси эрталаб уйғониб кетсак, ҳаво очилиб қолган. Осмон кўм-кўк, беғубор. Қушлар осмону сарфалакда, у ёқдан-бу ёққа қанот қоқиб, ўз ишлари билан овора. Ҳаргизанинг юзлари кеча ярим тунда бўлиб ўтган сирлардан алвондек товланарди. Иффат алангасида ичи ловилларди.

- Энди нима қиламиз? - деди у гуноҳкорона.

- Энди-ми, энди ришталаримиз абадий боғланди. Такдиримизга ёзилгани шу бўлгач... бандаси осийлигича қолар экан... Иккимизга ҳам қисмат ўйинини кўрсатгани шу эди.        Қуёш осмонга баралло бўй чўзиб қолган. Кечаги ёмғир ва жаладан ерга ётиб  қолган майсалар қуёш иссиғидан куч олиб жонланиб, қаддиларини тиклаб, кўкка интилиб мағрур боқардилар. Ярғинларида ёмир томчиси маржондек товланиб, битта-битта ерга томчиларди. Дарахтлар барги чўмилгандек, қуёшда товланиб, эркаланарди.

Тушга  яқин биз адашган талабалар бир-биримизни топдик. Улар  ёмғир ўйинларидан роса азият чекишган экан. Қобилбек, Оғабек, Наргиза, Салималар бирга бўлишган. Шамоллашдан йўтал ўз ишини кўрсатиб қўйган экан уларга. Бири кўйиб бири изма-из йўталади. Палатка тикишга улгуролмабдилар. Бир-биримизни кўриб турганда ҳол сўрашга ҳожат қолмагандек эди.

Ишларимизни йиғиштириб, шаҳарга қайтдик. Эртасига мени ҳарбийга чақириб, Афғонистонга жўнатадиган бўлишди. Қайдан ҳам форс тилни ўзлаштирган эканман.


(Давоми бор).


Турсун Маҳмадалиев.

Мавзуга оид: