Қалб дафтаридан ОНАМ ЯШАГАН ҲОВЛИ...

Онам яшаган ҳовли. Бир неча ой ўтиб болалик даврим ўтган ўша ҳовлига тўпландик. Дарвозадан кирар эканман, қаршимизга доимо югуриб чиқадиган онам кўз олдимда намоён бўлди. Югуриб бориб онамнинг бағрига отилмоқчи бўлдим, онамнинг юзларидан, кўзларидан ўпиб, уни жуда кўргим келганини, жуда ҳам соғинганимни айтмоқчи бўлдим... Лекин менинг узатган қўлларим ҳавода қолди, онамнинг мунис юзларини, меҳрибон кўзларини соғинган маъюс кўзларим ёшларга тўлди, томоғимга бир нарса тош каби қадалди. Ҳовлининг у бурчагида молларга, бу бурчагида товуқларга қараб юрадиган онамни изладим. Негадир, ҳовли ҳам ҳувуллаб қолгандек ғариб кўринди менга. Уйга отилиб кирдим. Онамнинг ётоқхонаси бўм-бўш эди. Қўллари дуога кўтарилган онамнинг сурати меҳр билан боқиб турар эди...       
 Онам эккан гул райҳон 
          сўлмайди деб ўйлабман,
   Онажоним ҳеч қачон ўлмайди
                         деб ўйлабман...
Ушбу сатрлар хаёлимдан кетмайди сира. Гоҳ қўшиқ қилиб айтаман, гоҳида эса сассиз. Кўз ўнгимда онажонимнинг кулиб турган сиймоси пайдо бўлади. Кўзлари доимо йўлга интизор онам...
Она учун фарзандидан азиз, унинг дийдоридан ширин туйғунинг ўзи йўқ экан. Онам бизни ҳар куни кўриб турса-да,  яна тез-тез келиб туринглар, дер эди нуқул: "Одам одамга ғанимат, бир-бирларингдан тез-тез хабар олиб ту-ринглар, меҳр-оқибатли бўлинглар...".
Меҳр-оқибатни бизга мерос қилиб кетдилару бизни эса ўзининг меҳрига зор қилиб кетди...
Дунёда энг бахтли инсон ким деса - ота-онаси борлар дейман, дунёда энг бадавлат инсон ким деб сўрашса яна ота-онаси бор инсонлар дейман... 
Яна айтардимки, ота-оналаримизни тириклигида қадрига етайлик. Йўқса, умрингиз афсус-надомат билан ўтади...    
      
СИЗСИЗ ОНА...

Болалигим ўтган ҳовли сеҳри ўзгача,
Соғинганда талпинганим меҳри ўзгача,
Осмон узоқ, ер қаттиқми, эҳ-ҳее сизгача...
Сизни она ўз ҳовлимга излаб келдим.
Келдингми деб, қучоқ очиб чиқардингиз,
Уйнинг тўри сеники деб, кутардингиз,
Уй тўридан ўрнингизни излаб қолдим,
Сизсиз она бу ҳовлида бўзлаб қолдим.
Давраларда жарангларди сўзларингиз,
Қайдан топай энди сизнинг изларингиз,
Тўпланганда эслашамиз ўзларимиз,
Сизсиз она бу ҳовлида музлаб қолдим.
Қор тагида қолиб кетди изларингиз,
Ҳув, наридан маъюс боқар кўзларингиз,
Келди ахир ўғиллару-қизларингиз,
Сизни она шу ҳовлига излаб келдик.
Дастурхонга сиз ёқтирган ошлар келди,
Қўл узатсак сизсиз кўзга ёшлар келди,
Фарзандлару набиралар бошлаб келди,
Сизни она бу ҳовлида эслаб олдик.
Деворларда қатор-қатор ўтганларим,
Суратларин хотирага битганларим,
Энди сизни жаннатларда кутганларим,
Бизни ташлаб кетдингизми, онажоним.
Байрамлар ҳам татимади менга негадир,
Соғинч ёши аримади мендан негадир,
Бўғзимга тош қадалади менга негадир,
Бизни ташлаб кетдингизку онажоним...

 Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Мавзуга оид: