КАТТА ТАНАФФУС Ҳикоя (Охири. Бошланиши ўтган сонларда)

Ўрозқул билан Ойшагулнинг севгилари чимилдиқ тўшагида пайдо бўлиб, камол топди. Унгача ҳар иккиси ўз
юмушлари билан бўлиб, бунга вақтлари бўлмаган. Лекин, бугун уларнинг йўлини тақдир икки томонга 
бўлиб юборди. Шунгача уларнинг бири Фарҳод, бири Ширин эди. Бу дунёда уларданбахтли инсон йўқ 
эди. Тақдирнинг ўз ҳукм қозисининг борлигини ҳеч ким англаб етмагандек, назаримда. Ҳаётда 
севишганлар жуда кўп. Уларни арзимаган ишконликлар сабаб юз-тубан ажралиб кетишларида бир-бирларига нисбатан иродасизликлари эмасмикин? 
Ойшагул келин бўлиб тушган кезлариданоқ қайнонаси Санобар опа уни қизлари қаторидан кўрди.
Оила сўқмоқларини ипидан-игнасигача ўргатди. Ойшагул қайнонасини нафақат амма-қайнона, балки оила устуни деб тан олди. Қайнонасидан ҳаётнинг ўзи билмаган, ҳали-вери англаб етмаган сирлари билан ошно бўлди. Унга бўлган меҳр ва садоқати ошди. Ҳар икки
томондаги узвий боғланишлар бир умрга пайванд эди. Ҳеч бирлари айрилиқ ва жудоликдан етти
денгиз оша бегона эдилар. Хаёлларини ҳуда-беҳуда ўғри ва хиёнаткор хаёллар соя солмаганди. Бугуннинг найранглари бошларида соя солиб
турган эканми, ҳаммаси остин-устин бўлиб кетди.
Ўрозқул машинасида бамайлихотир келаётган эди, истироҳат боғи рўпарасида бола етаклаб турган 
кимсага кўзи тушди. Фарида эканлигига ишонч ҳосил қилдими, машинасини секинлатиб ёнига тўхтади.
Фарида хаёл билан турган эди, бир сесканиб ҳайдовчига қиё боқди. Кўзлар яна бир-бирига сирли тўқнашди. Киприклар бўйруқсиз ҳаракатланди, қошлари чимирилди.
- Фарида, келинг, ўтиринг! Нега иккиланиб қолдингиз? - деди Ўрозқул.
Фарида ўзи кутмаган ҳодисага рўбару келди. Улар кечагина отаси Анорбой Ўтановнинг юбилейида 
шунчаки, нигоҳлар тўқнашувида танишиб қолишганди. Ҳозирги ҳолати бир оз ноқулайликдан дарак.
Фарида ўзига кўрсатилаётган бу кўнгил сурури марҳаматидан ўзини олиб қочмаслиги керак. Балки
унинг бундан кейинги умргузаронлиги йигитнинг кўрсатаётган ушбу илтифотининг маёғидир.
Фарида машина орқа эшигини очишга қўли қандай борганини ўзиям билмай қолди. Олдин қизчани, 
орқасидан ўзи салонга сурилиб ўтирди.
Машина йўлга тушиб тезлигини оширди. Ўрозқул салон ойнасидан Фаридага қараб қўярди. 
Фариданинг истарали чеҳраси Ўроз-қулнинг дилини турткилаб қўйди. Онаси кўз остига олиб қўйгани шу бўлиб чиқмаса.
- Бу қизча?..
- Қизим, Хуморбиби. Энди уч ёшга тўлди. Бугун "Болалар куни" байрами муносабати билан она-бола истироҳат боғидаги томошоларни кўриб мазза қилдик,- деди Фарида.
Қизча ҳам:
- Ҳа-а, мазза  қилди-ик,- деди чучук тили билан.
Машина Фариданинг уйи олдида тўхтади.
- Яхши бўлмади. Биров кўриб қолса маломатидан чанг кўтарилади, - деди Фарида. Сўнг машина
эшигини ёпиб, Ўрозқулга "раҳмат", деб қўйди.
Набираларининг фожиасидан Ойдин опа қайғулар оловида қолди. Боз устига Ойшагулни шифокорни
бошқа фарзанд кўриши мумкин эмаслигини айтишгани иккисини оғир ўйга солиб қўйди. Энди нима
қилишлари керак? Бирдан бир чораси Ўрозқулни уйлантириш. 
Ойшагулни шифохонадан уйига кетишига рухсат берилди. Ёдгор Бўтаёров куёви ва опасининг
оёқлари камёб бўлганидан қизини уйига олиб келди. Парваришни Санобар опа ва икки келин
зиммасига юклади.
Ойдин опа укаси Ёдгор Бўтаёровга:
- Ойшагулнинг уй-жойи, рўзғори бор.  Уйингга олиб келибсан. Нима мен қайнона-аммаси бўлиб
қаролмас эдим-ми? - деди ўзини хафаликка олиб.
Ёдгор Бўтаёров: 
- Шундай бўлгани маъқул, опа! Бу ерда ўзимиз қараймиз, худди касалхонадагидек. Сизларни
қийнаб қўяди, - деди олдиндан бир нарсани сезгандек.
Ёдгор Бўтаёров машинасининг юкхонасида тахлам-тахлам китоб олиб келди. Ойшагул хурсанд бўлиб:
- Бунча китоблар, дунё топгандексиз-а, ота? - деди.
- Улар сенга атаб келтирилди. Касалингни бу ёғини ана шу китоблар даволайди. Китоб кун билан
тунни яқин қилади. Бошни бўлмағур фикр-ўйлардан халос қилади. Бугунги дунёингни тубдан
янгилайди. Китобда ана шундай сирли хусусиятлар бор, болам.
Ойшагул олийгоҳни филология факультетини битириб, эри ишлаётган умумий ўрта таълим
мактабида ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларига дарс берарди. Сўнг отаси раҳбарлик
қилаётган мактабга ишини кўчирди.
У Ўктам Усмоновнинг "Ёз ёмғири" романини ўқиб, ярмига келиб қолган эди. Қўл телефонида
чақирув бўлди. Телефондаги овоз унга шодлик улашаётгандек эди, назарида. Лекин акси бўлди.
Бу овоз унга атига саккиз йилдирки, юрак сирлари бўлиб келган Ўрозқул эди. Улар кўнгилдан ҳол сўрашди. Сўнг Ўрозқулнинг овози синиқ эштилди:
- Мени кечир, Ойшагул!..   Мен уйланмоқчиман, - деди.
Ойшагулнинг ичидан олов лов этиб кўтарилди. Лекин пинагини бузмай жавоб қилди.
- Жуда яхши ўйлабсизлар. Мендек ногиронни сизга энди керагим йўқ. Мен сизнинг қўлингиздан
ушлаб қололмайман. Албатта уйланашингиз керак. Навқирон йигитни сўққабош юриши ярашмаган ёрлиқ.
Ўрозқул хурсандлигидан кунлардан бирида Ойгул укаси Бўтаёровни ҳузурига кирди. Янгаси Ойсулов
учаласи дастурхон атрофида ўтирди.
- Ойшагулнинг қисмати барчамизники. Лекин барчамиз хоҳлаймизми, йўқ-ми, ҳаёт давом этаверади.
Жиянинг Ўрозқулни уйлантиришимиз керак,- деди Ойгул.
Ёдгор Бўтаёров ялт этиб опасига қаради.
-Тўғри ўйлабсизлар, опа! Ўрозқулни уйлантирганларинг маъқул. Сизлар шуни маъқул топган бўлсаларинг,
биз ҳам нима дер эдик.
Ёдгор Бўтаёров опасини дарвозадан кузатиб хайр-манзил қилди. Сўнг дарвозани ёпиб қовоқ билан
хотинини олдига ўтириб чой ҳўплади. Эр-хотин анча маҳалгача жим қолдилар.
- Хотин, кўрдингми, ҳар ким ўз дарди билан ўзи ёниб, ўзи ўчар экан. Қариндошнинг ёндим-куйдими
вақтинча экан, - деди Бўтаёров жимликни бузиб.
- Шундай дейсиз-у, опамга осон тутманг. Майли, ўйлаб кўришсин. Набирали бўлишни хоҳлайди...
Ойшагул ёзнинг иссиқ оқшоми бўлсада, чойшабни бошига тортиб ўзини ухлаганга олди. Лекин бир
олам ғам-ғусса ичида қўрдек ловулларди. "- Саккиз йилдан буён бир дастурхондан нон-туз есам,
менга бутун қалб ҳароратини берган, ҳаёт муаллимим бўлган қайнона-аммам лоақал мендан бир
оғиз розилик сўрамади. Мен энди ҳеч кимга керак эмасмандек... Майли, Ўрозқул ўйлансин, фарзандли
бўлсин, мен иккинчи оила бўлиб қолишга шукроналик билан розилик берардимку. Ўрозқул
ҳафтасида бир-икки ҳол сўраб келса. Наҳотки ҳамма нарсага ақл-фаросати етган қайнона -
аммамни шунга қолганда қалби сўқир бўлди...,- деб ич-ичидан эзилиб йиғлади.
Ўрозқул Фаридага ўйланди. Жажжигина Ҳилола қизига ота бўлди. Энди қариндош уруғ-оғалар
тўй ҳашам қилади. Барча қариндошлар жуфт-жуфти, болаларини эргаштириб боради. Фақат
Ойшагул бу тадбирлардан бегона бўлди. Ўрозқулни Фарида билан турмуш қурганига икки
йилдан ортиб қолди. Кунлардан бирида Ойшагулнинг қўл телефони устма-уст безовта бўлди.
Ойшагул гўшак тугмасига туртки берди. "Ало-о!" деган овоз келди.
- Ойшагул! Саломимни қабул қил.
-...Уйландингиз, оилали бўлдингиз. Яна мендан нима истайсиз?.. 
- Сен билан талоқ масаласида гаплашмоқчиман.
- Мен ҳам шуни кутган эдим. Ахир яшамасак, Сизнинг никоҳингизда юришнинг уятлигини биламан.
- Мени кечир Ойшагул! Сени қўйдим. Уч талоқ қилдим...
- Шу садақангизни хонадонимизга келиб уйдагиларим олдида айтсангиз сиздан хурсанд бўлар эдим.
Буёғини ўйламабсиз-да...
Уларнинг телефондаги сўзлашувларини деразадан кузатиб турган Ёдгор Бўтаёров сониялар ўтмай қизи
ётган диван каравотининг бир чеккасига омонатгина ўтириб қизига: 
- "Уч талоқ"- бу шунчаки оғиздан осонгина чиқиб кетадиган сўз эмас... Бундан арш ҳам ларзага келади.
Икки ўртадаги шаърий аҳднинг бекор бўлишини тангри ҳам суймайди. Энди иккингиз бир-бирларингизга
бегонасизлар. Иккинчи у билан гаплаша кўрма, Аллоҳнинг ғазабига қоласан..,- деди.
Ойшагулнинг омади юришди. Саломатлиги кун сайин тузалиб, энди қўлтиқтаёқсиз юрадиган бўлди.
Ҳар олти ойда олиб борилган тиббий муолажалар уни буткул саломатлигини тиклаб, ҳаётга қайтишига
йўл очиб берди. 
У телефон соатига разм солди. Яна саноқли дақиқадан кейин катта танаффус. Суҳбати деярли ниҳоясига
етди. Сўнгги сўзини суҳбатдошига баён қилди. 
- Инсон ҳаёти бамисоли тугуни маҳкам чилвирга ўхшайди. Чилвирнинг тугуни бўшаб қолса бирлашган
иплар тарқалиб кетади... Ҳаёт мураккаблиги  бошга тушганда кўринади. Лекин мен орзу қилган Ўрозқул туғилмаган...
Агар ҳаёт мени қайта кашф этганида албатта Ўрозқулни танлаган бўлардим. Афсуски, ришталаримиз
буткул узилди. Кўнгил ойнамиз чил-чил синди. Энди уни тиклаб бўлмайди. Тиклашга ҳеч қандай куч-қудрат
етмайди. Иккимиз ҳам бошқа-бошқа одамлармиз. Қитъаларимиз ўзгарди. Кўнгиллар йўлидан адашса,
бегоналик сени бошқа йўлга чорлайди. Энди кўнгил кечинмаларим хотираларга айланди. 
Вақтнинг ҳакамлигини назаримдан ўтказар эканман, ўйларимда ҳаётим катта танаффус чорраҳасида
тургандек..., - дея кўзидан маржондек тўкилаётган ёшни бармоғи билан суртиб олди.
Вақт бўлди шекилли, навбатчи қўнғироқ чалди. Болалар яна мактаб ҳовлисини шўхликларга тўлдирди.
Икки суҳбатдош бир-бирларига мустар бўлиб боқишарди.
Орадан уч йил ўтди. Ойшагулга тақдир  табассуми қиё боқди. Қурувчи устага турмушга чиқди.
Бир йил ўтиб Ҳасан-Ҳусанларни дунёга келтиришди. Ҳаёт олий ҳакам. Ҳаёт имтиҳон   аудиторияси.
У юзлаб ва  минглаб кишиларни синов имтиҳонига чорлайди. Сабр ва қаноат қилганлар улуғ ажримга
сазовор бўладилар. Содиқ ва садоқатли тақдирлар эса қўшчинордир.

Турсунбой МАҲМАДАЛИЕВ.

Мавзуга оид: