Мутахассислар маслаҳати ГРИПП КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИНГ

Грипп касаллигининг қўзғатувчиси вирус ҳисобланади. Грипп барча мамлакатларда учрайдиган касалликдир. Инфекция манбаи бемор ҳисобланади. Касалликнинг дастлабки кунларида вирус организмда жуда кўп ажралади. Аксирганда, йўталганда, гаплашганда  вирус ҳаво зарралари, сув томчилари билан атроф-муҳитга тарқалади. Яқин атрофдаги одамларга вирус нафас йўллари орқали юқади. 

Грипп касаллиги болалар ва кекса ёшдагиларда оғирроқ кечади. Нимжон, турли хасталикларга чалинган одамлар грипга осон чалинадилар ва касаллик уларда оғир кечади. Жисмонан бақувват, чиниққан одамларда касаллик кам учрайди. Гриппнинг яширин даври жуда қисқа, у бир неча соатдан сўнг ёки бир-икки кунда асоратини кўрсатади. Касаллик турли оғирликда кечиши мумкин. Кўпинча ўрта оғирликда кечган ҳоллари қайд этилади. 

Соғлом юрган одамнинг тўсатдан мазаси қочади, эти увишади, лоҳас бўлади. Иситмаси кўтарила бошлайди. Орадан бир-икки соат ўтгач, касалликнинг асосий аломатлари номоён бўлади. Иситма қисқа муддат ичида 39, 40 даражагача   кўтарилади. Бу даврда бемор жунжикиб, совқотади. 

Грипп касаллигининг олдини олишда қуйидагиларни тавсия этамиз:

- Гриппга қарши эмланиш;

- Мавсумга хос кийиниш;

- Ўз вақтида овқатланиш ва дам олиш;

- Хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш ва ҳар кун намлигини тозалаш ишларини амалга ошириш;

- Касалликни эрта аниқлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари ва мактабларнинг кириш жойларида эрталабки фильтр ишларини ўтказиш;

- Грипп ва ўткир респератор касалликларига хос бўлган синмтомлар аниқланган шахсларни жамоага қўймаслик;

- Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекция билан оғриган барча беморлар иситма даврида албатта ётиши ва шифокорларга мурожаат қилиши лозим. 

Шифокор маслаҳатлари ва тавсиялари асосида иш тути- лиши шарт. Ўзбошимчалик билан даволаниш касалликнинг  оғир асоратларига олиб келишини унутманг, мавсумий касалликдан эҳтиёт бўлайлик. 

Унутманг, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. 

  Дилором Эгамбердиева,

  Маҳлиё Алмаматова,    

  туман санитария-эпидемологик ва жамоат саломатлиги эпидемологияси  бўлими  ходимлари. 

Мавзуга оид: