ЭЛ ХИЗМАТИДА АСЛО ҲОРИМАНГ

Ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳим, соғлиқдан кўра кўпроқ эътибор бериладиган нарсанинг ўзи йўқ. Бу бежизга эмас. Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга аввало соғлик керак. 
Зеро, тананинг соғлом бўлиши ва уни турли касалликлардан сақлаш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади. Ҳозирги кунда қанчалик дори-дармонлар кўпаймасин, тиббий муассаса сифати, шифокорлар савияси, тиббий техника яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги ҳақида қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди. Инсон учун бебаҳо бойлик - бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган.  
Доно халқимиз "Соғлик - туман бойлик", деб бежиз айтмаган экан. Яқинда туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасида соғлигимни тиклаш учун ётиб даволандим. Энг аввало, шифохонадаги тартиб-интизом, беморларга кўрсатилаётган сифатли тиббий хизмат, шифокорларнинг хушмуомаласидан барча беморлар миннатдор бўлишаётганлигини кўриб беҳад қувондим.
Шифохонанинг бўлим бошлиғи, қўли эм шифокор Жомурод Маматқулов, бош хамшира Феруза Ибрагимова, ҳамширалардан  Нигора Ғаффороваларнинг беминнат хизматлари, ширин муомалалари туфайли мен ҳам тезда  дарддан фориғ бўлдим. Шу боисдан ҳам биз каби дардига даво истаб келган беморларнинг соғлигига соғлик, умрига умр қўшаётган оқ халатли шифокорларга бўлган ҳурматим янада ошди. Уларнинг беминнат хизматлари туфайли ўнлаб, юзлаб беморлар ўз оиласи бағрига соғ-саломат қайтишаётганлигига яна бир бор амин бўлдим. 
Ўз касбининг фидойилари бўлган ва халққа   хизмат қилишни ўзларининг муқаддас бурчи деб билган бу шифокорларга биз ҳам ўзимизнинг чексиз  миннатдорчилигимизни билдириб, эзгу мақсад йўлидаги ишларига ривож тилаб қоламиз.
Сайёра ПАРДАЕВА,
                                          Кумушкент МФЙ отинойиси.