ДИЛДОРА ОСИЁ ЧЕМПИОНИ

Бугунги кунда мамлакатимизда спортга, уни ривожлантиришга ҳар қачонгидан ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби бизнинг туманимиз   ёшлари ҳам спортнинг барча турлари бўйича улкан ғалабаларни қўлга киритишмоқда. 
Дилдора Рустамова ҳам ана шундай спортсевар ёшларимиздан бири ҳисобланади. Дилдора туманимиздаги 8-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси ҳисобланади. Шуни қувонч билан тилга олиш жоизки, у мактабда аъло баҳоларга ўқиш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш билан бир қаторда, ўзининг севимли машғулоти ҳисобланган спорт билан ҳам доимий равишда шуғулланиб келмоқда. Спортнинг мураккаб йўналишларидан бири бўлган "Қўл жанги" билан шуғулланиб келаётган спортчи қиз Дилдора Рустамова эндигина ўн ёшни қарши олаётган бўлсада, бугунги кунда нафақат туманимизда, балки вилоят ҳамда республика миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, республика чемпионлигини қўлга киритган.
2022 йилда Дилдора Рустамованинг ҳаётида яна бир унутилмас воқеа бўлди. У жорий йилнинг 22-25 сентябрь кунлари Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида "Комбат айкеда ММА" тури "Нокдаун А" йўналиши бўйича иштирок этиб, фахрли 1-ўринни олди ва Осиё чемпиони бўлишга сазовор бўлди.
- Мен бу спорт тури билан 2021 йилдан бери шуғулланиб келмоқдаман,- дейди Дилдора Рустамова биз билан бўлган суҳбат чоғида. - Даставвал мактабимиз қошида ташкил этилган спорт тўгарагига қатнашган эдим. Устозим менга қўл жангининг мураккаб усулларини қунт билан ўргатди. Таътил кунларида эса Самарқанд шаҳар "Yaguar Dil" клубига бориб, машғулотларга қатнашдим. Тренерим Дилором Алимовнадан ушбу спортнинг кўпгина сир-асрорларини қунт ва сабр билан ўргандим. Устозим эса мени янада чиниқтириш мақсадида тез-тез турли хил мусобақа ва беллашувларга олиб борди. Устозимнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилдим. Ғалаба онларида эса елкамда ҳилпираб турган Ўзбекистон Республикаси Байроғи менга юксак ғурур ва фахр бахшида этди.
Дарҳақиқат, Дилдора Рустамова ёш бўлсада, ҳозирга қадар унча-мунча спортчилар эриша олмайдиган ютуқларни қўлга киритди. Ўтган йиллар давомида у 14 та медаль ва 5 та камар соҳибаси бўлди. Эришилган ютуқлар эса эндигига 10 ёшни қарши олаётган жажжи қаҳрамонимиз учун чегара эмас, асло. Дилдоранинг орзулари бир олам.
Биз ҳам ўзининг юксак орзулари сари интилаётган спортчи қизимиз - "Қўл жанги" бўйича Осиё чемпиони Дилдора Рустамованинг келгусида янада юқори марраларни забт этишида улкан зафарлар тилаймиз. 
Ўз мухбиримиз.