Мушоира

ОҚДАРЁ ИЖОДКОРЛАРИ МУШОИРАСИ

"Оқдарё овози" туман газетаси ҳузуридаги "Навниҳол" ижодий клуби аъзоларининг 29 январь куни тумандаги "Ёшлар кутубхонаси"да навбатдаги анъанавий йиғилиши бўлиб ўтди.  Ижодий клуб режасига асосан ушбу  машғулотда республикамиз адабий муҳитидаги январь ойи янгиликлари ҳақида шоир Наврўз Ҳасанов, туман шоир ва ёзувчилари ижод намуналарининг таҳлили ҳам-да ижодкорларга ҳукуматимиз томонидан берилаётган эътибор ҳамда рағбатлар тўғрисида Ойгул Маматова ўз фикрларини билдирдилар. 

Ўзбек шеъриятининг мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган адабий суҳбат давомида туман халқ таълими бўлими услубчиси, шоир Фарҳод Рўзиев ёш ижодкорларимиз учун бармоқ ва аруз вазнлари ҳақида батафсил тушунчалар берди. 

Шундан сўнг оқдарёлик ижодкорлар бирма бир ўзларининг шеър ва ҳикояларини ўқиб беришди. Мушоира давомида туманимиз миқёсида ўзларининг шеър ва ҳикоялари билан таниқли бўлган ижодкорларимиздан Эркиной Қаршиева, Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев, Донохол Асророва, Шаҳноза Расулова, Меҳрибон Ҳақбердиева,Тулғаной Гадоева, Моҳинур Исомиддинова, Кўҳинур Исомиддиновалар томонидан  ўқилган ижод намуналари барчага бирдай манзур бўлди. Шунинг-дек, мушоирага ташриф этган ҳар бир ижодкорнинг ижод намуналари хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, тегишли маслаҳатлар берилди. Машғулот сўнгида келгуси ойда бўлиб ўтадиган анъанавий  ижодий кечанинг дастури келишиб олинди.

 Ўз мухбиримиз.