Етти хазинанинг бири КУМУШ ТОЛА ЯРАТАЁТГАН АЁЛ

Пиллачиликда улкан ютуқларнинг бош омили қисқа муддатли, аммо кўп меҳнат талаб қиладиган жараён - етарли миқдорда озуқа жамғариш билан боғлиқдир. Агар пиллани етти хазинанинг бири, деб ҳисоблайдиган бўлсак, у ўзининг атрофига яна бешта хазинани жамлаган. Мисол учун, тут бор жойда ер бўлади, деҳқончилик ривожланади. Шунга мос равишда чорва кўпаяди. Хитой тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, улар тутларни касалликлардан асраш ва тупроқни минераллар билан бойитиш учун тут плантацияларида парранда боқади. Натижада экологик тоза гўшт етиштирилади.
Бу сўзларни бежизга келтирмадим. Чунки мен ҳикоя қилмоқчи бўлган икки нафар фарзанднинг меҳрибон ва мунис онаси - Мақсуда Солиева ҳам ана шундай фидойи ва меҳнаткаш аёлларимиздан биридир. Мақсуда опа 1964 йилда Амир Темур МФЙ Қарқарали қишлоғида таваллуд топган.1971 йил 23-умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилиб, аъло баҳоларга ўқий бошлайди. Мактаб давридаёқ унинг биология фанига бўлган қизиқиши кун сайин ортиб боради. Мактабни битиргач биология фанига бўлган қизиқиш Мақсудани ипак қурти боқишга ундайди. У ўз хонадонида ипак қурти боқиш жараёнида ипакнинг қандай пайдо бўлиши билан қизиқади.
Бу қизиқиш уни 1995 йили А.Темур маҳалласининг ипак қурти тухуми инкубаториясига етаклайди. Бу ердаги иш жараёнини кўриб ипак қуртига бўлган меҳри янада ошиб, ўз иш фаолиятини бошлайди. Маҳалладаги инкубаториялар тугатилиб кетганидан сўнг ҳам Мақсуда опадаги ипак қуртига бўлган қизиқиши ўз хонадонида ипак қурти тухуми инкубаториясини ташкил этишга ундайди. Опа ўз уйида севимли ишини давом эттиради. Бу иш жуда ҳам мураккаб бўлганлиги сабабли оила аъзолари билан биргаликда фаолият юрита бошлайди.
Мақсуда опанинг иш фаолиятини кузатар эканман, бу иш жуда қизиқарли бўлиши билан бир қаторда, ўз ўрнида ўта маъсулиятли ва машаққатли иш эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Инкубатория махсус ускуналанган хона ва шкафлар, хонанинг тозалигига, нам-лигига ва иссиқлигига алоҳида эътибор қилинар экан. Тухумлар жонланишидан олдин ранги оқара бошлар, уларга вақтида майда тешикли қоғозлар қўйиб, майда тўғралган тут барглари сочилади. Шундан сўнг маҳаллада ипак қурти боқадиган фуқароларга тарқатилади. Бу ишларнинг назорати ҳам Мақсуда опанинг зиммасида. У киши кўп йиллик тажрибали мутахассис сифатида ипак қурти боқиладиган ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб чиқади. Ипак қуртлари қандай барглар билан озиқланаяпти, хона ҳарорати қай даражада иссиқ бўлишини, қачон уйқуга кетишини, неча кундан сўнг уйғонишини, ипак қурти боқувчиларини синчковлик билан назорат қилиб боради. Токи, ипак қурти пилла бўлгунча Мақсуда опа ҳам асло тиним билмасдан ўз ишига маъсулият билан ёндошади.
Аёл қачон ҳаётидан мамнун бўлиб яшайди. Қачонки, фарзандлари кўзида қувончни кўра олса, ўзини жамиятнинг тенг аъзоси эканини ҳис қилса, севимли касби билан шуғулланса. Бугунги кунда барча соҳаларда аёллар улуши ортиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Боиси хотин-қизлар қайси йуналишда меҳнат қилишни истаса, унга барча имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ҳикоямиз қаҳрамони Мақсуда опа ҳам ўз ишини жуда севади. Бу иш опанинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат бахш этади.
Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этади. Шу боисдан Мақсуда опа ҳам ўзининг машаққатли ва эзгу мақсадларга йўғрилган шарафли меҳнати билан элу юрт ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлмоқда. Шунингдек, ўз касбининг фидойиси бўлган меҳнаткаш аёл Мақсуда Солиева ҳар йили туман ҳокимлиги томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб келинмоқда.
Биз ҳам ўзининг машаққатли ва шарафли меҳнати билан туманимиз тараққиёти йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган опахоннинг келгуси ишларига ривож тилаб қоламиз.
Елкасида турмуш юкларин тутган,
Тинмаган, ҳаловат сирин унутган.
Гоҳида сабрда минг азоб ютган,
Шукрона руҳидан тўқланган хаёл,
Дунёда энг азиз, муқаддас аёл!
Баҳора ИКМАТОВА,
туман Ахборот кутубхона маркази АКТ ходими.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00