ЮЗ ЁШЛИ ОНАХОН ЭЛ АРДОҒИДА

Оқдарё маҳалласининг Бутанош қишлоғида истиқомат қилувчи Тожи она Оқилова юз ёшга яқинлашди. Бир аср умр кўрган онахоннинг шукрона кунига фарзандлари томонидан байрам дастурхони ёзилди. Сўзга чиққан "Темур" жомеъ масжиди имом хатиби И.Пўлатов онахонни табаррук ёшлари билан қутлар экан, марҳум Синдор Бобо Сатторов билан яхши ҳаёт кечирганлигини хотирлади. Ердаги фаришта саналган бу онахоннинг дуоларидан баҳраманд бўлиш кераклиги, оиланинг тинч-тотувли, меҳр-оқибати каби одамийлик хислатлари фарзандларига ҳам ўтганлиги ва бунга маҳалладагилар ҳам ҳавас билан қарашини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, Синдор ота ва Тожи она фарзанд-лари тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Олти фарзандни тарбиялаб, камолга етказиб, касбу-корли, уйли-жойли қилдилар. Фар-зандлари Ўктам, Холйигит, Равшан, Дилбар, Нурхон, Дилраболар ҳам ота-оналари каби меҳнаткаш, диёнатли инсонлар бўлиб, айни пайтда ўзлари ҳам ота-оналик бахтига мушарраф бўлиб кексалик гаштини суришмоқда. 
Фарзандлари, набиралари ардоғида, эъзозидаги бу онахон ҳамон тетик ва бардам. 1925 йил Даҳбед шаҳарчасида таваллуд топган Тожи она 1946 йилда Сатторов Синдор бобо билан оила қуришади. Бахт ҳалол меҳнатда деб таъкидлайдиган онахон набираларига ҳам меҳнатсеварлик, илмга интилиш ҳақида сўзлашдан ҳеч қачон чарчамайди. 
- Келиб чиқиш авлодим XVII аср ўрталарида Самарқанд ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўшнинг еттинчи сулоласидан деб айтган менга отам, - дейди Тожи она Оқилова. - Шундай эркин юртда яшаётганлигимдан хурсандман. Ҳамма нарса етарли, дастурхонларимиз, тўкин-сочин. Фақат бизга берган бу неъматларнинг қадрига етишимиз керак. Бахтга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзим ҳам бир лаҳза бўлса-да тинч ўтиролмайман. Боиси ҳаёт доим ҳаракатдан иборат дейишганидек, тўхтаган оним зерикиб қоламан. Меҳнасеварликни яхши кўрган ҳар қандай кишининг кўнгли ҳамиша яйрайди. Вақти эса чоғ ўтади.
Меҳнатдан бахт топган бу фахрий онахон нафақат хонадондагилар, балки маҳалла ардоғида. Чунки, унинг мазмунли ўтган умр йўли ҳаммамизга ибрат мактабидир.
     Суннатулло ИБРАГИМОВ.