ТУҲМАТ ГИРДОБИДА (ҚИССА)

- Мен сизга нималар деб тайинлаган эдим? ўалвирга ҳеч вақо илинмабди-ку! Ёки, бирор нарса ундирдингизми?
- Нималар деяпсиз, қози ака, роса кавладим, қўлга илинадиган нарсанинг ўзи йўқ, нимани ёзаман? Икковимизнинг ўртамизда сир бўлиб қолсин-у, Маҳкамовнинг барча ҳужжатлари худди, рисоладагидек тўғри экан. Прократура унга нисбатан нотўғри иш қўзғаган. Олдин ўликни топиб, кейин қабрни ковлаш керак, - деди Халилов ўзини оқлаб.
- Ҳамма гап шунда-да, Суюнбой, - деди Тошпўлатов ўрнидан туриб, хонанинг у ёғидан бу ёғига юрар экан. - Прократура бошданоқ кимларнингдир қистови, илтимоси билан иш қўзғатган. Энди эса менга "нима бўлса ҳам Маҳкамовга жазо берасан" деб оёқларини тираб туришибди. Қийин аҳволда қолдим, бир ёқдан Олий Мажлис депутати ҳам бу ишни назоратига олган. Терговчи ҳар кун келиб учрашяпти. Туман, вилоят ҳокимидан "салом" келяпти. Нима бўлса ҳам Маҳкамовни айбдор қилишимиз керак.
- Мен қўлимдан келганини қилдим, у ёғи сизнинг ишингиз.
Иши битгач, тафтишчи Тошпўлатов билан хайрлашиб чиқиб кетди. Ёлғиз қолган қози чуқур ўйга толди. Демак, тафтишчи ҳам бу газетчини айблашга арзигулик хато топа олмади. Нима қилиш керак. Аслида, ишни қайта терговга жўнатса бўларкан. Бироқ у тафтишчига кўпроқ ишонганди, чуқурроқ кавлаштирса, жиноятга лойиқ ишлари топилади деб ўйлаган эди. Ана ўшанда редактор ва унинг депутати ҳам қаерга мурожаат қилишмасин, ҳукмни бекор қилиша олмас эди. Энди-чи, Донаевга берган ваъдаси нима бўлади, у берадиган пулдан мосуво бўлиб қолаверадими?
Қозининг кўз олдидан жарақлаган, янги-янги пачкали пуллар ўта бошлади. "Э, нима бўлса бўлар, Маҳкамовни ҳеч бўлмаса, уч йил озодликдан маҳрум этиб, бу даврда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этаман. Яна бир иккита чораларни қўллайман. Қамоқни кўриб келди, қандай жазо берсам ҳам рози бўлади, осон қутулганига шукур қилади ҳали. У ёқ, бу ёққа югуришга ҳоли йўқ-ку, ҳукмни ўзгартиришнинг ўзи бўладими. Ҳукм ўқилдими, тамом, уни туғилмасдан йўқ қилиш арзон, туғилгандан кейин эса, қимматга тушади. Шикоят қилса ҳам вилоятга боради. У ердагиларнинг ҳоҳиши бор, ҳукмимни тўғри қабул қилишади. Ҳали суд бўлишигача анча вақт бўлишига қарамасдан Тошпўлатов кўнгли хотиржам бўлиши учун Маҳкамовга бериладиган жазо ҳукмининг лойиҳасини тайёрлаб қўйди.
***
Суд зали. Яна ўша такрорий манзара. Тошпўлатов ўзининг икки маслаҳатчиси билан ўз жойини эгаллаган. Прокурор маслаҳатчиси ва адвокат ҳам ўз жойларида ўтиришибди. Барча суд мажлисининг бошланишини кутмоқда. Ниҳоят, қози судни очиқ деб эълон қилди. Дастлабки сўзни редакциянинг беш йиллик фаолиятини текшириб чиққан тафтишчи Халиловга берди. У ўртадаги минбар ёнига келиб, ёзган далолатномасини ўқишга киришди. У маълумотларида, барча айбларни Маҳкамовга тўнкашга ҳаракат қилар, онда-сонда қози ташлаган саволларга тутилмасдан бурро жавоб қайтарар эди. Энди гувоҳларга навбат келган эди, дастлаб, ижарачи Бакир Холматов суд залига чақиртирилди. Унинг илгари суд эшигини кўрмаганлиги билиниб, ҳаяжонланганлиги шундоққина сезилиб турарди. Тошпўлатов уни саволга тутди:
- Исм-фамилиянгиз?
- Холматов... Бакир...
- Нечанчи йил туғилгансиз?
- 1979...
- Судланувчи Маҳкамов Йўлдош кимингиз бўлади?
- Амаким.
- Айтингчи, сиз 1996 йилдан буён ёрдамчи хўжаликда ишлар экансиз, редакция билан шартномани ким тузар эди?
- Ўзим тузар эдим.
- Шу йиллар ичида неча марта шартномага имзо чеккансиз?
- Ҳар йил тузиладиган шартномага ўзим қўл қўйганман.
- Судланувчи Маҳкамов қўшни туман босмахонасига 6 тонна буғдой берганман деяпти. Шуни тасдиқлайсизми?
- Ҳа тасдиқлайман.
- Қандай қилиб тасдиқлайсиз? Сиз бу воқеани кўрганмисиз?
- Ўша олти тонна буғдойни бизнинг уйимиздан ортиб берганмиз. Уч киши бўлиб, сатиллаб ортганмиз.
- Неча соатда ортиб бўлдиларингиз?
- Ҳозир эсимда йўқ. Биз қоронғи тушмасдан бошловдик, қоронғида бўлдик. Тахминан, уч-тўрт соат бўлса керак.
- Сиз билан кимлар ортишган эди?
- Акам Комил Холматов ва қўшнимиз Ҳакимжон.
- Шундан сўнг залга Комил Холматов ва Ҳакимжонлар ҳам чақиртирилди. Худди Бакир каби уларга ҳам турли саволлар берилди. Камол ҳам қўшни туман босмахонаси вакиллари бир кун кечқурун "Камаз" машинасида борганликларини ва буғдойни уч киши бўлиб машинанинг юкхонасига ортишганлигини баён қилди. Камол бу гапларни айтаётган пайтда босмахона директори Эсиргаповнинг жаҳли чиқар, "ёлғон, ёлғон!-деб унинг сўзини бўлишга уринарди.
Гувоҳлар сўроқ қилиб бўлингач, навбат Эсиргаповга келди. У худди олдинги судда берган инкор жавобларини айтди. Маҳкамовдан буғдой олмаганлиги, фақат унинг илтимосига кўра ишонч қоғозига имзо чекиб берганлиги, газета чиқариб берганлиги учун Маҳкамов унинг ишчиларига нақд пул берганлигини такроран таъкидлади.
Шу дамда Йўлдошнинг оқловчиси Амирова қозига мурожаат қилиб, Эсиргаповга савол беришга рухсат сўради.
- Эсиргапов, сиз босмахона директорисиз, қонунни, ҳисоб-китобни яхши биласиз. Босмахона сизнинг хусусий ташкилотингиз эмаски, ундан ҳоҳлаган усулингизда фойдалангансиз. Майли, сиз айтганча бўла қолсин, Маҳкамов сизларга ҳар бир газетасининг чоп этилиши учун қирқ минг сўмдан берган экан. Сиз бу пулларни ташкилотингиз кассасига кирим қилдингизми?
- Эсиргапов "йўқ" дегандек, бош силтаб жавоб берди.
- Кечирасизлар, ўтган сафар суд йиғилишида қўлимда маълумотлар етарли бўлмагани учун савол ташламаган эдим. Маҳкамов бир йил давомида газета чоп этиш мақсадида Эсиргаповнинг корхонасига тўловнинг саккиз ойи учун 6 тонна буғдой ва ке-йинги тўрт ой учун 210 минг сўм нақд пул тўлаган, жами 720 минг сўм, шартномалари бор, мавжуд шартномалар асосида барча ҳисоб-китоб ишлари ҳужжатлаштирилган. Аммо, Эсиргапов ҳар иккала тўлов суммаларини корхонага кирим қилмасдан, даромадни ҳамда солиқни яшириш жиноятини содир этган. Бу ҳам етмагандек, прократура текширувини олиб борган солиқчи вакиллар билан ўзаро тил бириктириб Маҳкамовга туҳмат уюштиришда шериклик қилган. Ҳурматли судья, сиздан илтимос, ушбу жиноий ишнинг Эсиргаповга тегишли қисмини алоҳида кўриш ва жазо белгилаш учун ажрим чиқаришингизни сўрайман.
- Мен қаршиман, текшириб кўрмасдан туриб бундай хулоса беришга нима ҳаққингиз бор,- деди директор Амировага ёв қараш қилиб.
- Мана бу ҳужжатлар Маҳкамовга тегишли, сиз томон ҳам текширилса, ҳамма гап ойдин бўлади. Кирим қилган бўлсангиз, қаерга ишлатганингизни, тўлаган солиқларингизни исботлайсиз, олам гулистон, нега безовта бўлишингиз керак?
Амированинг бу саволи жавобсиз қолди. Суд залида ғала-ғовур бошланди. Маҳкамовни қўллаб келган қатнашчиларнинг юзларига хурсандчилик эниб, чуқур нафас олдилар.
- Суд мажлисининг иккинчи куни ҳам мана шундай тортишув билан ўтди. Ҳамма гувоҳлар сўроқ қилиниб бўлинган эди. Навбат адвокатларга келди. Дастлабки сўзни Йўлдошнинг оқловчиси Амирова олди.
- Ҳурматли суд ҳайъати, - дея маърузасини бошлади у,- Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми "в","б" ва "в" бандлари ва бошқа моддалари билан айбланиб судланаётган Маҳкамов Йўлдош ва бошқаларга нисбатан қўзғатилиб, судга оширилган ушбу жиноят иши қуйидаги асосларга кўра қўшимча терговга қайтарилиши лозим: тергов органлари томонидан 1991 йилдан буён газета муҳаррири вазифасида ишлаб келган Маҳкамов Йўлдош ғаразли мақсадларда ва паст ниятларда ўзининг мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, ўзининг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириб, талон-тарож қилиб ҳамда солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаб жиноятлар содир қилганликда айбланган. Авваламбор, тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 22-моддаси талаблари қўпол равишда бузилган. Иш бир томонлама кўриб чиқилиб, судга оширилган.
Шундан сўнг адвокат Маҳкамовга қўйилган барча айблар уюштирилган туҳматдан бошқа нарса эмаслиги, бунинг учун унда инкор этиб бўлмайдиган ҳужжатлар мавжудлигини айтиб, қўлидаги қўшимча ҳужжатлар ва далилларни судга тақдим этди. Ўз навбатида бошқа оқловчилар ҳам мижозлари тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини айтдилар.
***
Суд жараёнининг учинчи куни судланувчиларга охирги марта сўз берилди. Йўлдош судда охирги марта сўзлашим деган умидда ўрнидан туриб ўзини ҳимоя қилди:
- Ҳурматли суд ҳайъати, қарийб, икки ой вақт мобайнида менинг айбим бор, ёки, йўқ эканлигини исботлаш учун анча мутахассислар жалб қилинди. Афсус-надоматлар бўлсинки, теуширишда қатнашган мутахасисларнинг барчаси ҳақиқатни юзага чиқаришни эмас, балки нуқул мени айблаш, гуноҳкорга, жиноятчига чиқариш пайида бўлдилар. Ўзларингиз ҳам бунга гувоҳсиз. Чунки ўтган суд мажлисида солиқлар тўғрисидаги менга қўйилган айблар тасдиғини топмаганлиги учун қайта тафтиш тайинланган эди. Аммо, негадир тафтишнинг "солиқлар қисми" текширилмади. Бу ҳам келишувчилик аломати эмасми? Мабодо солиқлар тафтишдан ўтказилганида, олдинги суддаги тафтишчиларимизнинг сирлари ўз-ўзидан очилиб қолар эди. Текширилмаганлигининг сабаби ана шу. Бошқа айбловлар ҳақида ҳам хулосам шундай. Менга қўйилган айбларнинг ҳаммаси ғирт туҳматдан иборат. Тўғри, беайб парвардигор, иш фаолиятимда мен ҳам бирор хато қилгандирман, лекин жиноят қилган эмасман. Сизлардан илтимос, ҳукм чиқаришда адолат бузилмасин. Бобомиз Амир Темур "юз йиллик тоат-ибодатдан кўра, бир соатлик адолат афзалдир" деганлар.
Йўлдош сўзини поёнига етказиб, жойига ўтираркан, кўзлари беихтиёр қози Тошпўлатовнинг кўзларига қадалди. Қозининг кўзларида "адолат бўлади, албатта" деган кинояли маъно бор эди. Бутун суд мажлиси давомида судянинг хатти-ҳаракатлари Йўлдошни таажжубга солди. У адвокат Амированинг келтирган раддияларига парво ҳам қилмади, имкони борича гувоҳларни Йўлдошга қарши сўз айтиши учун қилган ҳаракати берган саволлари, сўзларининг оҳангидан сезилиб турди. Ўз навбатида судланувчилар ҳам фикрларини баён этишди. Кейин суд ҳайъати маслаҳат учун ичкари хонага кириб кетишди ва орадан ўн дақиқалар ўтгач қайтиб чиқишди. Тошпўлатов ҳукмни ўқиди:
Дастлаб у судланувчиларнинг таржимаи ҳолларига тўхталиб, туман прократураси қўйган айбномани батафсил ўқиб берди. Энг ажабланарли томони шу бўлдики, ке-йин юборилган аудитор тафтишчи хулосалари ҳам ҳисобга олинмасдан, айблов фикри ҳамда суд жараёни мобайнида битилган ҳукм ҳам олдинги суд жараёнидан нуқтама-нуқта кўчирилиб, ҳукм ҳам шунга мос равишда ёзилган эди. Тошпўлатов баланд овоз билан ҳукм матнини ўқишда давом этарди.
- Судланувчи Маҳкамов Йўлдош Ўзбе- кистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а", "б", "в" бандлари билан айбдор деб топилсин ва бошқа қатор моддалар... Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а", "б", "в" Жиноят Кодексининг 45-моддаси қўлланилиб, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 3 йил маҳрум этилган ҳолда, унинг мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилиниб, Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланиб икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинсин. Жазони умумий тартибдаги манзилларда ўташлик белгилансин. Жиноят Кодексининг 205-моддаси 2-қисми "в" банди билан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум этилган ҳолда, мол мулки мусодара қилинсин, жазони умумий тартибда қамоқ манзилларида ўташ белгилансин. Жиноят Кодексининг 184-моддаси 2 қисми "а" ва "б" бандлари билан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинсин, жазони умумий тартибда қамоқ манзилларида ўташ белгилансин.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00