МЕҲРИБОНЛАРИМ

Қишлоқнинг виждони 


Бошни фидо айла ато қошиға,

Жисмни қил садқа, ано бошиға.

Тун-кунингга айлагани нур фош.

Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Алишер Навоий


Очиғини айтаман, отажоним уста деҳқон эди. 30   йилча аввал вафот этган бўлса-да, у киши ҳақида бирорта нарса ёза олмадим. Боиси, раҳматли падари бузрукворимиз ҳақида ёзиш учун қўлимга қалам олган заҳотим, қалбим тўлиб, кўзимга ёш келади. Қалам юрмай қолади. Ниҳоят, шу кунларда отам ҳақида айрим фикрларимни қоғозга туширишга жазм эта олдим.

У киши 1919 йил Холдор қишлоғида туғилган эдилар. Болалиги суронли ва оғир дамларга тўғри келган. Айниқса, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларнинг бошида Ўзбекистонда қулоқларга, муллаларга қарши кураш авж олиб, уларнинг мол-мулклари давлат ихтиёрига ўтказиб юборилган. Отамнинг оталари илмли киши бўлган. Айтишларича, у кишини қишлоқ аҳли сўфи деб чақиришган. Шу боисдан отам ўша машъум кунларда жуда оғир қийинчиликлар гирдобида қолган эди. Қишлоғимизда сал ўзига тўқ оила бўлса, бор-йўғи олиб қўйилар, уйидан динга алоқадор китоб чиққудек бўлса, дарҳол қамоққа олиниб, суд қилинарди. Шу сабабли отам уйимиздаги бор китобларни йиғиб, эски қабристонга олиб бориб кўмиб келганди. 

Отамнинг болалиги, савод чиқариши араб алифбоси даврига тўғри келган. 1929 йилга келиб араб алифбосидан лотин алифбосига ўтилган бўлса, 1940 йилга келиб эса кирилл алифбосига ўтилган. 

У кунларни эслаганда отам янги алифбога ўтишнинг одамларда катта қийинчилик туғдирганлигини, бироқ одамлар янги алифбони ўрганишга мажбур бўлганлигини кўп таъкидларди. Колхозлаштириш даврида ҳам шўро ҳукумати томонидан ўртаҳол деҳқон оилаларига қарашли бўлган от, қорамолларни ҳам колхоз ҳисобига олинган. Отам ҳам кўпчилик қатори колхозга аъзо бўлган.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтларда отам деҳқончиликни яхши билганлиги учун фронт орқасини мустаҳкамлаш учун қолдирилади. Чунки фронтга пахта, ғалла, озиқ-овқат маҳсулотлари зарур бўлган. Уруш даврида ва ундан кейинги йилларда отам виждонан меҳнат қилиб қарийб олтмиш йил қишлоқ хўжалик соҳасида меҳнат қилди. Қишлоқдошларимиз у кишини уста деҳқон деб аташарди. Бунинг сабаби, отам пахта, ғалла ва бошқа экинларни қачон экиш лозимлигини, об-ҳаво эртага қандай бўлишини ўз кузатувлари орқали айтиб берарди. 

Отам беш ўғилни вояга етказган бўлсалар, бирор марта бизни койиганини ёки бошқалари билан сан-манга борганини эслай олмайман. Жуда камгап, мулойим, меҳрибон, тўғри сўз инсон эди. Жуда жаҳли чиқса: “Э, эси йўқ”, деб ранжирди. Шу гапнинг ўзи бизга етарли эди. Эътиборлиси, отам бирор кишини ножўя ишини кўрса, гина қилиб ўтирмай шартта юзига айтарди. Бирор ёқтирмаган киши уйга келаётган бўлса ҳам “Тўғри кетаверинг, сиз билан гаплашадиган гапимиз йўқ” дерди. У кишининг бундайлигини билган қишлоқ аҳли ҳам бирор марта ранжиган эмас. 

Отам ҳақида ёзар эканман, беихтиёр қуйидаги қўшиқ ёдимга келаверади.

Жонингизга жон бўлай,

Жонимга дармоним отам, 

Камтарин, пиру бадавлат

Шавкатим, шоним отам...

Адолатпарвар онам 

          “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан суратга олиган “Суюнчи” бадиий фильмини кўрсам, беихтиёр меҳрибон онажоним кўз олдимга келаверади. Сабаби кинодаги Анзират бувининг юриш-туриши, ҳатто ҳаракатлари менга онамни эслатади. Онам раҳматли 1922 йилда таваллуд топган эдилар. Тўқсон йил умр кўрган бўлсалар, ҳаёти тинимсиз меҳнат ўтдилар. Умрининг охирги дақиқаларигача тиним билмади, қўли доим ишда бўлди. 

Онажонимнинг фақат бир армони бор эди, у ҳам бўлса қиз фарзанди йўқлиги. Шу боис баъзан ўкиниб: “Қизи йўқнинг қадри йўқ, э Худо, мени касал қилмай жонимни ол, ҳеч кимга муҳтож қилма, оч ўлдирма тўқ ўлдир, қиш ўлдирма ёз ўлдир”, деб дуо қиларди. Худодан нимани сўрасанг, шуни беради деганларидек, онам бирор марта ҳам касал бўлмасдан, ҳатто бу дунёдан кўз юмган куни ҳам кундалик ишлари билан машғул бўлиб, кечга яиқн бу оламни тарк этдилар. 

Онам ниҳоятда ғайратли, адолатли, камсуқум инсон эдилар. Агар биз бирорта ножўя иш қилиб қўйсак, онамнинг жазосидан қўрқардик. Шу боис хато қилмасликка тиришардик. Бировнинг ҳақини ема, бошингга қилич келса ҳам ростини гапир, иккиюзламачи бўлма, яхши ўқи, овқатга каттадан олдин қўл узатма дея доим бизни тергаб турарди. Биз ҳам у кишининг бу угитларини сўзсиз бажаришга одатлангандик. Адолатсизликни кўрарга кўзи йўқ эди. Қишлоқда барчага сўзини ўтказа оларди. Ҳали-ҳали эсимда, ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Бир куни биз ака-укалар қўшнимизнинг икки ўғли билан ёқалашиб, қолдик. Онам келиб: “Сенлар уч киши бўлиб, икки кишини урасанлар” дея бизни жазолаганди. Шу воқеа сабаб бўлдию, қўшни болалар билан аҳил-иноқ бўлиб кетдик. Ўзи ростгўй бўлгани учун тўғри сўз одамларни ҳурматларди. Ҳаётда кўп бор онамнинг сабр-тоқатига, метиндек иродаси ва ақлу закаоқатига қойил қолганман.

          Дарвоқе, онам уруш даврини эслаганда, “Машаққатли, қийин даврлар эди. Эркаклар урушга кетган. Барча дала ишлари аёллар ва болалар зиммасига қолганди. Кун бўйи далада ишласак, кечаси буғдой ўрардик”, дея оғир хўрсиниб қўярди. У киши ғайратли, меҳнатсевар бўлганлиги боис, меҳнати учун кўп бор мукофотлар олган. 

          Очиғини айтадиган бўлсам, бу касбни танлашимга онамнинг ҳиссаси катта бўлган деб ўйлайман. Ёшлигимдаёқ у киши қишнинг узун кечалари – то биз ухлаб қолмагунча ўзбек халқ эртаклари, маталлар, шеърлар, ашулаларни эринмасдан айтиб берарди. Неваралари ҳам у кишининг бунадй маънавий меросидан баҳра олиб ўсди. Эҳтимол, шу сабаб адабиётга меҳрим тушгандир. 

          Шуни ҳам айтиш керакки, онам бу дунёда инсон инсонга ғанимат эканлигини, одамни тириклик чоғида йўқлаб туриш лозимлигини кўп таъкидлардилар. Ҳар-биримизга қуйидаги мисраларни овоз чиқариб такрорлардилар:

          Тириклигида қилмасанг гар шод,

          Ўлганда хоҳ қил, хоҳ қилма фарёд.

          Ҳаётда ҳар бир инсон ўзлари оила қургач, ота-она бўлгач, уларнинг қадрини англаб етади. Биз ўзимиз ҳам бир болани тарбиялаб вояга етказиш қанчалик қийинлигини англаб етаяпмиз. Ота-оналаримизни тириклик чоғида авайлаб асрашимиз, ҳурматини жойига қўйишимиз, дуоларини олишимиз биз фарзандлар учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман. Чунки ота-оналаримиз бизни бу дунёга келтириб, вояга етказиб, оқ-қорани танитган, ўзлари емай бизга едирган, ўзлари киймай бизга кийдирган азиз инсонлардир. Биз ким бўлмайлик, қайси вазифани эгаллаб турмайлик, улар олдида бир умр қарздор эканлигимизни унутишга ҳаққимиз йўқ.

        Ушбу сурат 1990 йилнинг май ойида Холдор қишлоғида олинган.

Мавзуга оид: