ОҚДАРЁДА "ТЎРТ МЎЪЖИЗА" ХУСУСИЙ МАКТАБИ ИШ БОШЛАДИ

Президентимиз томонидан кейинги йилларда таълимни ривожлантириш соҳасига, айниқса, ёшларимизнинг замонавий билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада ёшларнинг мактаб даврида камида 2 тилни ва бирор бир касб-ҳунарни эгаллашлари лозимлиги юзасидан қарор ва кўрсатмалар қабул қилинди. Президентимизнинг ушбу топшириғини ҳаётга татбиқ этишни республикамизда биринчилардан бўлиб тумандаги 32-мактаб жамоаси ўз иш тажрибалари мисолида бошлаб бердилар. Шундан кейин мазкур йўналиш бўйича тумандаги 30,34,38-мактаб жамоалари ҳам фаолият кўрсатишмоқда.
Яқинда туманимиз таълим соҳасида яна бир янги хушхабарни эшитиб қолдик. Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб туманимиздаги Оқдарё педагогика коллежида "Тўрт мўъжиза" номли 1-сонли хусусий мактаб ўз фаолиятини бошлаган эди. Биз ижодий жамоамиз билан мактаб фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу таълим масканига ташриф этдик. Дастлаб ушбу хусусий таълим масканида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишар эканмиз, хусусий мактабнинг давлат мактабидан афзал томонлари нималарда эканлиги билан қизиқдик.
Бизни қизиқтирган саволларимизга "Тўрт мўъжиза" хусусий мактаб лойиҳаси ташаббускорларидан бири бўлган малакали психолог Ситорабону Шодиева шундай жавоб берди:
- Маълумки, хусусий мактабимиз жорий йилнинг февраль ойидан Самарқанд туманидаги "Тўрт мўъжиза" номли 1-сонли хусусий мактабнинг филиали сифатида ўз фаолиятини бошлади. Ўқувчиларга бошланғич синф программасидаги меҳнат, тасвирий санъат, мусиқа ва жисмоний тарбия фанлари ҳисобидан рус тили, инглиз тили, математика ва ментал арифметика, компьютер саводхонлиги фанлари чуқурлаштирилган программа асосида ўргатилмоқда. Ўқувчиларга малакали ва махсус сертификатларга эга бўлган ўз касбининг усталари дарс ўтишади. Ўтган қисқа вақт мобайнида ўқувчиларимизнинг билим даражасидаги ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда. Жумладан, мактабимиз ўқувчилари яқинда Қарши шаҳрида ментал арифметикадан ўтказилган танловда иштирок этишиб, ушбу танлов ғолиблигини қўлга киритишганлиги ҳам фикримизнинг исботидир.
- Барча жабҳадаги сингари таълим соҳасида ҳам энг аввало тартиб-интизом, тозалик ва озодаликка алоҳида эътибор бермоқдамиз,- дейди хусусий мактаб ташкилотчиси, кўп йиллар туманимиздаги масъул лавозимларда ишлаган меҳнат фахрийси Абдиғофир Олимов. - Ҳаммамизга маълумки, айрим мактабларимиздаги синфхоналарида 40-45 нафаргача бола ўқийди. Ўз-ўзидан маълумки, бунча ўқувчига дарс ўтишнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, уларнинг ҳар бири билан шуғулланишнинг имкони йўқ. Оқибатда, ўқувчи ўзлаштиришдан орқада қолади. Ота-оналар эса боласини репетиторга беришга ҳаракат қилади. Хусусий мактабимизда айни пайтда ҳар бир синфда 14-15 нафардан ўғил-қиз таълим олмоқда. Машғулотлар эрталаб соат 8.30 дан 16.00 га қадар давом этади. Ўқувчилар икки маҳал иссиқ овқат билан таъминланади.
Дарҳақиқат, синфхоналарига кириб дарс машғулотларини кузатар эканмиз, ўқувчилар қисқа давр мобайнида математика, она тили, ўқиш, рус тили, инглиз тили фанлари ва ментал арифметика бўйича чуқур билим ва кўникмага эга бўлишаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Ахир, бежизга айтишмайди-ку бошланғич таълим - билимлар пойдевори деб. Ўқувчи бошланғич таълимда қанчалик кўп билимга эга бўлса, юқори синф программаларини ўзлаштиришда ҳам асло қийналмайди. Шу боисдан, ментал арифметика ҳам ўқувчиларнинг ақлий салоҳиятини оширишда ҳамда математика фанини чуқур ўзлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Буни яхши билган Жаҳонгир Жўраев ўқувчилар билан ўтган давр мобайнида ўзлаштирган билимлари юзасидан қизиқарли ўйин машғулотлари ўтказган бўлса, Гулнора Зубайдуллаева рус тили фани бўйича, Лола Турсунова математика фанидан, Зулфиноз Зулфиқорова инглиз тили фанидан, Дилфуза Камолова она тили ва ўқиш фанлари бўйича очиқ машғулотлар ўтказиб беришди. Шундан сўнг 3-синф ўқувчилари иштирокида "Ким кўп шеър билади?" мавзусида қизиқарли тадбир ўтказилди. Тадбирда ўқувчилар ўзлари ёд олган шеърларини ифодали айтиш билан бир қаторда ўзлари ёзган шеърларидан ҳам намуналар айтишди. Албатта, бу каби шеърхонлик тадбирлари ўқувчиларнинг дунёқараши шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Қизиқарли баҳс-мунозаралар асосида ўтган тадбир якунида мактабнинг фаол ўқувчилари рағбатлантирилди.
Таълим соҳасида ўзига хос янги иш тажрибаси билан иш бошлаган ушбу хусусий мактабдан олам-олам таассуротларга эга бўлдик. Негаки, хусусий мактаб ташкилотчиларининг бир фикри бизнинг диққатимизни тортди. Айтишларича, улар "Тўрт мўъжиза" хусусий мактабини очиш орқали бойиб кетишни эмас, балки келажак авлодни билимли, салоҳиятли инсон бўлиб вояга етишига муносиб ҳиссаларини қўшишни ўз олдиларига мақсад қилиб олишганлигини алоҳида таъкидлашди. 
Биз бу таълим даргоҳидан қайтар эканмиз, педагогик  жамоанинг эзгу мақсад йўлидаги ишларига ривож тилаб қоламиз. Шунингдек, келажакда хусусий мактаб учун алоҳида бино зарурлигини, келажагимиз ворисларига етарли шарт-шароит яратиб бериш лозимлигини ҳис қилдик. Албатта, бу масалага туманимиз мутасадди ташкилотлари ҳам ўзларининг амалий ёрдамларини кўсатадилар, деган умиддамиз.                                  
Гулсара ТИНИБЕКОВА.