ТАЪЛИМ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА

Маълумки, жорий йилнинг 28 январь куни ўтказилган видеоселекторда муҳтарам Президентимиз томонидан таълим соҳасига  алоҳида эътибор қаратилди ва бу жараён давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ушбу  видеоселектор йиғилишида  ўқитувчилар зиммасига ўта масъулиятли  вазифалар белгилаб берилди. 
Бугунги кунда туман халқ таълими бўлими тасарруфида 57 та   умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, ушбу мактабларда  28028 нафар ўқувчиларга 2530 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.     
Ушбу  ўқитувчиларнинг сифат таркибига назар ташласак, уларнинг  101 нафари  яъни (4%) олий тоифали (2020 йилда 71 нафар бўлган), 334 нафари яъни (13,2%) биринчи тоифали  ўқитувчилардир. Шунингдек,  тумандаги 24 та мактабларда бирорта ҳам олий тоифали,   2 та  мактабда биринчи тоифали ўқитувчилар мавжуд эмас.
Бу кўрсаткичлар таълим муассасаларида  бугунги кун таълим сифатини юқори даражадаги таълим самарадорлигига эришишга  хизмат қилади,  деб айта   олмаймиз. 
Шу боис келгусида олий тоифали ўқитувчилар улуши 4 фоиздан 6 фоизга  (152 нафарга), биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 13,2 фоиздан    19 фоизга (480 нафарга) оширилади.
Чет тили фани ўқитувчиларини қайта тайёрлаб, миллий (СЕФР) ва халқаро        (АЙЭЛТС) сертификатли педагоглар улуши 9,0 фоиздан 15,0 фоизга етказилади. 
Ўрта-махсус маълумотли педагоглар 10 фоиздан 5,0 фоизга (127 нафарга) туширилади.
Шунингдек, март-апрель ойидаги аттестация жараёнига 1600 нафар (63,3%) педагог кадрлар жалб қилинди. Шундан 254 нафар олий малака тоифасига, 458 нафар биринчи малака тоифасига, 888 нафар (малака тоифага эга бўлмаган, тоифасиз ўқитувчилар) иккинчи малака тоифасига талабгор педагоглар сифатида иштирок этади. 
Ўз-ўзидан маълумки, аттестациядан ўтаётган ҳар бир ўқитувчи ўз малака тоифасини ошириш учун тинимсиз изланади ва  билим савиясини оширади. Бундай изланишларнинг  самараси ўқувчиларга бераётган таълим жараёнида ўз натижасини кўрсатади ва шу тариқа таълим сифатини оширишга эришилади. Шунингдек, таълим сифатини ошириш ва натижадорликка эришиш учун ҳамда  ўқувчиларнинг билим даражасини халқаро таълим стандартлари  кўрсаткичларига тенглаштириш мақсадида;
2022 йилнинг апрель ойида республикамиз ўқувчилари PISA халқаро тадқиқотларида иштирок этадилар. 
Жумладан Миллий марказ томонидан туманимиздаги 2,12-умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳам ушбу тадқиқотга танлов асосида иштироки белгиланган бўлиб, 2-мактабнинг 57 нафар ўқувчиларидан 45 нафари,  12-мактабнинг 15 ёшли ўқувчиларидан 36 нафари ушбу тадқиқотда иштирок этадилар. 
2021 йилда мактаб битирувчиларининг олий таълимга кириш кўрсаткичи 25,1 фоизга етиб, (2020 йил 11,2 фоиз бўлган) бирорта ҳам битирувчиси олий таълим муассасасига кирмаган мактаблар қолмади.
Мактаб битирувчиларининг 16 нафари муддатидан олдин нуфузли хорижий (Канада, Англия, Хитой ва бошқа) олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, битирувчиларнинг 7 нафари АЙЭЛТС ва CЕФР халқаро баҳолаш дастуридан 6, 7 баллдан юқори балл олган.
Туманда 3 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ташкил қилиниб, уларнинг сони 4 тага етказилди. Жумладан, 1 та инглиз тили, 1 та математика ва физика, 1 та информатика ва ахборот технологиялари йўналишидаги мактаблар ҳисобланади.
"Самарқанд тажрибаси" сифатида тумандаги мавжуд 4 та секторлар кесимида мутахассис ва иккинчи тоифали ўқитувчиларга методик ёрдам берувчи "Мобил методик гуруҳлар" учун 7 та фундаметал умумтаълим фанлардан: математика, кимё, биология, физика тарих, она тили ва адабиёт фанлардан 4 нафардан, информатика фанидан эса 2 нафардан жами 26 нафар энг илғор, тажрибали, фидоий олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар саралаб олинди ва улар 6 ой давомида ёш ва малака тоифаси бўлмаган 550 нафар педагогларнинг касбий маҳоратларини ошириш учун махсус ўқув курслар ташкил этади. 
2021 йилда  жами 11 млрд. 739 млн. сўмлик маблағлар қурилиш ва таъмирлашга йўналтирилди.
Жумладан, республика бюджетидан 9 млрд. 940 млн. сўм маблағлар эвазига 4 та мактабда инвестиция дастури доирасида 9 млрд. 406 млн. сўмлик, 3 та (22, 25, 26) мактаб, "Обод қишлоқ" дастури доирасида 534 млн. сўмлик 1 та (36) мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Вилоят маҳаллий бюджетидан 1 млрд. 799 млн. сўм маблағ ажратилиши эвазига 4 та (30, 34, 40, 41) мактабларнинг филиаллари янгидан қурилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлод тарбияси, уларни баркамол шахс бўлиб вояга етказиш масаласи давлат сиёсати даражасидаги энг муҳим масалалардан бири сифатида қаралмоқда. Жумладан, ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди. Умумтаълим мактабларининг ўқитиш тизимидаги самарадорликни ошириш, жамиятда мактаб ўқитувчилари мав-қейини кўтаришга қаратилган ислоҳотлар, иқтидорли болалар учун махсус фанларга ихтисослаштирилган мактабларнинг кўпаяётганлиги, мактаблардаги шарт-шароитлар энг илғор мамлакатлар мактабларидан қолишмаслиги, билимга чанқоқ ёшларнинг сони кун сайин ошиб бораётганлиги кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Зеро, илм-фан ривожи йўлида яратилаётган имкониятлар ҳеч шубҳасиз, маърифатга кенг йўл очади. 
Сурайё ОРТИҚОВА,
туман Халқ таълими бўлими мудири.