ЖАНГГОҲЛАРДА ЁЗИЛГАН ШЕЪРЛАР

Эсимни танибманки, онажонимни кўзларида қандайдир маъюсликни кўрар эдим. Қачон қараманг нималарнидир ўйлаб, сиқилиб юришининг сабаби нимада эканлигини ўйлардим. Бир куни онажонимдан бу маъюсликни сабабини айтиб беришини қайта-қайта илтимос қилдим. Онам юраги тўлиб, бу ғамгин ҳикоясини сўзлаб берди.
Бердимурод Пўлатов 1922 йил Оқдарё тумани Зарафшон жамоа хўжалигига қарашли Найман қишлоғида туғилган. Ота-онаси вафот этганлиги туфайли менинг отам Абдулло бобо ва онам Тошбиби ая қарамоғида тарбия топиб, вояга етган. Тоғам ёшлигидан илм-фанга чанқоқ, меҳнатсевар, тиришқоқ ёшлардан бўлган. Ўша  вақтдаги комсомоллар уюшмасига аъзо бўлиб, ёшлар етакчиси сифатида фаолият кўрсатган ва ўзининг жонкуярлиги, фидо-йилиги билан тенгдошларига ҳар томонлама намуна бўлган экан.
Бердимурод Пўлатовни ўз фарзандларидек севиб, ардоқлаб вояга етказган ота-онам унда меҳнатсеварлик, айниқса, илм-фанга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотди. Ўша давр-ларда отам оддий тракторчи, онам эса бригада бошлиғи бўлиб меҳнат қилишар эди. Тўсатдан 1941 йил 22 июнь куни Иккинчи Жаҳон уруши бошланганлиги ҳақида эълон қилинди. Айни ёшлик шижоатига тўлган, меҳнат қилиб чарчамайдиган, қолаверса юксак касб-ҳунар эгаллаш орзусидаги Бердимурод Пўлатов 1941 йилнинг август ойида биринчилар қаторида кўнгилли бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. У ўзининг жанговар хизмати, кўрсатган қаҳрамонликлари учун "Катта сержант" унвони соҳиби бўлиш билан бир қаторда "Шуҳрат" медали билан мукофотланади.
- Тоғанг Бердимурод ёшлигиданоқ   шеърлар ёзишга жуда қизиқар эди. Мана бу шеърни урушда ёзиб жўнатган эди, - дея кўзларида ёш билан онам қўлимга сарға-йиб кетган қоғозни  тутқазди. Онажонимга фақатгина шу бир парча қоғоз жигаридан ёдгорлик бўлиб қолган эди. Онажоним менга маъюсгина боқиб: "Ўқи болам, ўқигин, худди укагинамни овозини эшитгандай бўламан",- деди.
Ватан учун жангга кирдим,
Хайр азиз қишлоғим.
Мени дуо қилиб туринг,
Меҳрибон опажоним.
Хайр менинг далаларим,
Хайр азиз китобим.
Ўқиш эди ниятларим,
Сўнмаса гар офтобим.
Насиб этса ёнингизга,
Соғ-саломат қайтарман.
Кўкрагимда орден билан,
Сизга раҳмат айтарман.
Менга берган тарбиянгиз,
Ватан учун, сизлар учун.
Жонни фидо қилишимга,
Арзийди шу кўзлар учун.
Кутинг мени опажоним,
Кутинг қаро кўзларим.
Кутсин мени гўзал моҳим,
Мен қайтарман азизларим.
Бундай шеърий мактублар онажонимга таскин, укаларига, яқинларига эса катта сабоқ бўлар эди. Негаки, у бизга ёзган хатларида полк комиссари эканлигини, ҳар бир жанг олдидан полкни жангга тайёрлаши ва жангда эришган ютуқлари, олган мукофотлари ҳақида тўлқинланиб ёзарди.
1943 йилнинг охири...Ногаҳон Бердимурод тоғамиздан қорахат келди. Ҳар бир хатти-ҳаракатидан ғайрат-шижоат барқ уриб турадиган Бердимурод Пўлатов душманнинг бомбасига учраб, ота-онаси, опа-сингил ва биродарларидан, уни интизор кутаётган сумбул сочли вафодоридан узоқда - жангда ҳаётдан кўз юмди. Бу мудҳиш хабар бутун оила-аъзоларини, қавму қариндошу, қишлоқдошларининг қалбини ларзага солди. Унга отадек бўлган отажоним Абдулло бобони ҳам ўғлининг бевақт ўлимидан қадди букилди. Онажонимизни эса жигаргўшасидан айрилишдек мусибат тўшакка михлаб ташлади.
Бердимурод тоғамиз бутун қалби, тафаккури билан ҳаётни севар эди. У қаерда, қайси соҳада бўлмасин, ишлаб чарчамас, қўлга киритган ютуғи билан кифояланиб қолмас, ўзининг қилган ишидан завқ оларди. Онажоним эса укасининг бу каби хислатларини, хотираларини такрор-такрор айтар эди. Онам укасининг яна бир хатини қўлимга тутқазди, унда шундай ёзилган эди: "Ҳар бир жангда эришган ютуғим билан кучга тўламан" ва ушбу шеърни ҳам келтирган:
Дунёда энг бахтли инсон бўлардим,
Ғалаба-ла халқим табриклай олсам.
Фақат битта орзу ҳукмрон менда,
Шу халқ хизматида ўлгунча қолсам.
Минг афсуски, уруш қурбонсиз бўлмайди, деганларидек, Бердимурод Пўлатов 1943 йил Ленинград - ҳозирги Петербург шаҳрини озод қилишда, яъни ўз шеърида битилганидек, халқ хизматида, Она Ватан ҳимоясида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Ҳа, инсон - бу ёруғ дунёнинг азизу муҳтарам хилқати, ҳаёт гултожи, жонзотлар ичра энг сарваридир. Шундай экан, ўз умрини, ҳаётини халқимиз келажаги, тинчлиги ва фаровонлиги йўлида қурбон қилган Бердимурод Пўлатов ва у сингари минглаб, миллионлаб ватандошларимиз хотирасини ёд этиш, уларнинг сўнмас хотираси олдида таъзим бажо этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Уларнинг порлоқ хотираси доимо қалбимизда мангу яшайди.
Адолат АБДУЛЛАЕВА,
 Халқ таълими фахрийси.
Мавзуга оид: